Наманган вилоятида икки йилда “эгизак” ГЭСлар бунёд этилди

10:17 18 Июнь 2019 Иқтисодиёт
603 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Катта Фарғона канали сувидан унинг 80 йиллик тарихи давомида фақат ирригация мақсадларида фойдаланилган бўлса, эндиликда у экологик тоза ва арзон энергия манбаига айланмоқда.

Гап шундаки, ушбу йирик сув магистралининг Учқўрғон туманидан ўтган қисмида кичик ГЭСлар каскади қуриб битказилди. Бунинг учун атиги икки йил керак бўлди, холос.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

— Қурилишга 2017 йилнинг июнь ойида киришган эдик, — дейди лойиҳа бош пудратчиси “Toʻpalang HPD Building” унитар корхонаси директори Файзулла Асадов. — 793 минг куб метр тупроқ ишлари, 57,6 минг куб метр бетон ишлари, шунингдек, 1776 тонна арматура ва бошқа ишлар бажарилиб, объектда белгиланган муддатда бунёд қилдик. Ишчи-ходимларимизнинг соҳада бой тажриба тўплагани, 52 та махсус техника ва йирик машиналардан унумли фойдаланилгани қўл келди, албатта.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, кичик ГЭСлар каскади Наманган вилоятида мустақиллик йилларида қурилган биринчи гидроэнергетика иншооти ҳисобланади.

Техник назоратчи Абдуллажон Ҳожимирзаевнинг фикрича, улар суғориш тизимига асло халал бермайди. Чунки ГЭСлар учун Учқўрғон канали ўрнида 4,5 километрлик махсус канал қурилди. Тубининг эни саккиз, чуқурлиги 4,36 метрга тенг ушбу ўзанга Катта Фарғона каналидан сониясига 84 куб метр сув олиниб, электр энергияси ҳосил қилишда фойдаланилади-да, сўнгра обиҳаёт яна каналга қуйилади.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Чиндан ҳам, канал қошидаги эгизак ГЭСлар ўта замонавий. Улар Хитойнинг “Dongfang Electric” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган сўнгги русумдаги технологик ускуналар билан жиҳозланмоқда. Бугунги кунга қадар хориждан умумий оғирлиги 936 тоннани ташкил этадиган тўртта агрегат олиб келинди. Ҳар бири ўн минглаб деталлардан таркиб топган ушбу қурилмалар монтажчи-мутахассисларнинг беш ой давомидаги тинимсиз меҳнати эвазига деярли йиғиб бўлинди.

— Компаниямиз дунёнинг 60 дан ортиқ давлатларига ўз ускуналарини етказиб беради, — дейди “Dongfang Electric” компанияси вакили Ли Чун Гуанг. — Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётганимизга эса 10 йил тўлди. Хусусан, ушбу янги ГЭСларга етказиб берилган агрегатлар фойдаланиш муддатининг юқорилиги билан алоҳида ажралиб туради. Сабаби, улардан 40 йил давомида фойдаланиш мумкинлигини айтаётган бўлсак-да, амалда 80-100 йил бемалол ишлатиш мумкин.

Кичик ГЭСлар каскадининг умумий қиймати 31 миллион АҚШ долларига тенг. Шундан 22,3 миллион доллари “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти, қолган қисми эса Хитой Халқ Республикасининг “Эксимбанки” томонидан молиялаштирилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу харажатлар 8,5 йил ичида тўлиқ қопланади. Негаки, таркибида иккита кичик ГЭСни бирлаштирган мазкур объектнинг қуввати 12 МВтга тенг. Бу йилига 72,89 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, деганидир. Бошқача айтганда, шунча қувват 48 мингта хонадон ёки Учқўрғон туманини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаш учун етарлидир.

Саид РАҲМОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019