Наманган вилояти улоқ-кўпкари бўйича республика чемпионатига мезбонлик қилади

16:44 24 Декабрь 2019 Спорт
759 0

Фото: ЎзА

Шу йилнинг 25-28 декабрь кунлари Наманган шаҳрининг Марказий отчопарида республика улоқ-кўпкари чемпионати бўлиб ўтади. Унда барча вилоятлардан ташриф буюрган 12 та жамоа ғолиблик учун баҳслашади.

Алоҳида қайд этиш керак, ушбу миллий от спорти чемпионати узоқ йиллардан бери эътибордан четда қолиб келаётган эди.

Айни пайтда мазкур мусобақага Ўзбекистон Улоқ – кўпкари федерацияси томонидан пухта тайёргарлик кўрилиб, унинг мезонлари Халқаро Улоқ – кўпкари федерацияси низомларига мувофиқ ташкиллаштирилган. Яъни, майдонда ҳар бир баҳсда битта жамоадан ўн икки нафар чавандоз ва улоқчи от, жами йигирма тўрт нафар иштирокчи қатнашади. Беллашувни бир нафар бош ҳакам ва икки нафар ёрдамчи ҳакам бошқариб боради. Ғолиблик белгиланган муддат ичида рақиб жамоа сомони – доира шаклидаги маррага киритилган натижалар асосида аниқланади. Дейлик, қайси гуруҳ рақиб сомонига улардан кўп така айириб ташласа ғолиб ҳисобланади. Биринчи босқичда ютган гуруҳ, иккинчи босқичга йўл олади. Мутлақ ғолиблик учинчи босқич натижаларига кўра аниқланади.

Ҳакамлар жамоаси Халқаро Улоқ – кўпкари федерацияси низомига мос тарзда бир нафар бош ҳакам, икки нафар бош ҳакам ёрдамчиси, бир нафар бош котиб, икки нафар бош котиб ёрдамчиси, беш нафар майдон ҳаками, бир нафар вақт назоратчиси ва бир нафар мусобақа сухандонидан ташкил топган.

Ҳар бир жамоа ўн икки нафар чавандоз ва улоқчи от, бир нафар жамоа сардори, бир нафар мураббий ва бир нафар отбоқардан иборат.

Ушбу нуфузли мусобақага тайёргарлик асносида Ўзбекистон Улоқ – кўпкари федерацияси томонидан ҳар бир чавандозга код рақами берилиб, тегишли тартибда федерация сертификати топширилди.

Биринчи ўринни олган жамоа 30.00000 (ўттиз миллион) сўм, иккинчи ўринни олган жамоа 20.00000 (йигирма миллион) сўм, учинчи ўринни олган жамоа 10.00000 (ўн миллион) сўм пул ва бошқа мукофотлар билан тақдирланади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10-декабрь куни Ўзбекистон Улоқ – кўпкари федерациясининг ҳисобот-сайлов конференцияси ўлиб ўтган ва унда Наби Жўраев федерация раислигига, Э. Абзалов раис ўринбосарлигига, А. Каримов федерация бош котиблигига сайланган эди.

Таъкидлаш керак, ушбу анжумандан кейин федерациянинг янги раҳбарияти томонидан маҳаллий ҳокимликларнинг ушбу спорт турини оммалаштириш бўйича масъулиятини ошириш, ҳудудий бўлимлар фаолиятини жонлантириш, республика улоқ-кўпкари мусобақаларини ташкиллаштириш ва ушбу мусобақаларда вилоят терма жамоалари чавандозлари иштирокини таъминлаш, шунингдек, халқаро Улоқ-кўпкари федерацияси билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилган эди.

Улоқ-кўпкари федерацияси

матбуот хизмати


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019