Наманган “Гуллар байрами” билан янада мафтункор тус олди

22:55 26 Май 2019 Маданият
658 0

Бугун вилоят марказида Наманганнинг ўзигагина ҳос бўлган “Гуллар байрами” бошланди. Эллик тўққизинчи бор ўтказилаётган анжуман ҳақидаги хушхабар бутун оламга таралгани боис ардоқли байрам меҳмонлари сафи нафақат юртдошларимиз, балки, яқин ва олис хориждан ташриф буюрган инсонлар билан янада кенгайган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғидаги мафтункор манзаралар, сермазмун томошаларидан шодланган инсонларнинг бари гуллар тимсолида нафосатга ошуфта шаҳар аҳлининг аҳду-шижоатига тасанно айтмоқда.

Анъанавий байрам бугун эрта тонгда “Наманган” халқаро аэропортида ҳурматли меҳмонларни тантанали кутиб олиш билан бошланди. Улар шарафига гуллар билан безатилган бир юз элликдан зиёд транспорт воситаларидан иборат карвон иштирокида шаҳар бўйлаб ўзига хос автопарад ташкил қилинди. Боғнинг шарқий дарвозаси олдида ташкил этилган тантанали очилиш маросими “Гуллар байрами” мадҳияси билан бошланди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг табригидан сўнг ёш ижрочилар концерти намойиш қилинди.

Эътиборли жиҳати, эндиликда Наманганнинг халқаро брендига айланган гуллар бутун бўй – басти билан намоён қилинадиган айёмда бевосита иштирок этиш истагида бўлган меҳмонлар орасида Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистондан келган яқин ва олис хорижликлар ҳам анчагина. Бинобарин, гулсевар кент аҳлининг қутлуғ айёмида намойиш қилинадиган турфа гуллар кўргазмаси, унга монанд маданий тадбирларни ҳар қанча томоша қилса, завқланса арзийди. Айниқса, ранг-баранг гулу чечаклардан ороланиб, кўнгилга ёқадиган ифорга бурканган Бобур боғидаги ажиб манзаралардан кўз узиш қийин. Уста гулкорлар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ҳаваскор боғбонлари байрам тадориги доирасида 5 миллион тупдан ортиқ гул жойлаштирилган кўргазма, 100 дан ортиқ композицияли кўринишлар барпо қилишди. Бундан ташқари анжуманда бир қатор хорижий давлатлар, шунингдек, Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона вилоятларидан ташриф буюрган уста гулкорлар ҳам ўз кўргазмалари билан қатнашишмоқда.

- Гулчиларнинг анъанавий байрамини ўз кўзим билан кўриш мақсадида Наманганга келдим,-дейди Эроннинг Мозандарон шаҳридан ташриф буюрган Муҳаммад Рамазоний. – Байрамда ихтисослаштирилган фирмамизда парваришланадиган ноёб гуллар намуналарини намойишга қўйганмиз. Кактуснинг икки мингдан ортиқ тури бор. Бугун турфа чечакларга тўла боғ, ундаги сайру-томошаларни кўриб, шаҳар аҳлининг табиатга меҳри, гулпарварлигига тан бердим. Таассурот шунинг ўзигина эмас. Орада соҳада катта тажрибага эга бўлган наманганликлар билан ҳамкорлик ўрнатиш ниятини ҳам дилимга тугиб қўйдим.

Айтиш лозимки, эндиликда халқаро мақом касб этган “Гуллар байрами”га хорижий давлатлар ахборот агентликлари, телевидение ва кундалик матбуот нашрлари ҳам катта қизиқиш билдиришмоқда. Хусусан, Туркиянинг TRT телеканали, Анадолу ахборот агентлиги, “Ени шафақ” газетаси, Хитойнинг Синьхуа агентлиги, “Цзинцзи Жибао” нашри,Россия, Эрон, Қирғизистоннинг бир қатор журналистлари ўз ватандошларига Намангандаги анжуман тафсилотларини тезкорлик билан узатиб туришибди.

Байрам дастури эса бутун жаҳонга кўз-кўз қилса арзийдиган миқёсда тайёрланган. Хусусан, маданият ва истироҳат боғи бир ҳафта давомида чинакам сайлгоҳ, кўнгилочар тадбирлар масканига айланади. Пойтахтдан ташриф буюрган уста санъаткор ва сўз усталари, вилоят бадиий жамоалари, дорбозлик ҳамда бошқа турдаги халқ ўйинлари ижрочиларининг чиқишлари томошабинларга бир олам завқ бағишлаши табиий. Бундан ташқари она юрт, табиат манзараларини акс эттирган суратлар кўргазмаси, адабий мушоиралар, танловлар ташкил этилади. Энг яхши кўргазма ташкил этган гулчиларни эса енгил автомашина ва бошқа қимматбаҳо совринлар кутмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.​


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019