Муҳташам жамланма​

17:08 27 Август 2019 Маданият
151 0

Халқ оғзаки ижоди нафақат бир миллатнинг, балки жаҳон адабиётининг ажралмас қисмини ташкил этади. Унда инсонлар тақдири, элнинг ўзига хос ички дунёси ўз аксини топади. Бу ҳақида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” номли 100 жилдлик мажмуанинг дастлабки 15 жилди тақдимотида ҳам батафсил сўз юритилди. Ушбу жамланма Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилиб, ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари томонидан халқимиз бадиий тафаккурининг тарихий-тадрижий ривожи ва тараққиёт қонуниятларини ўзида акс эттирган, муҳташам маънавий қадриятлар силсиласи чуқур ўрганилиб, у ҳақдаги маълумотлар таҳлил қилинди ва халқимиз орасида янада кенг тарқатиш ҳамда тарғиб қилиш мақсад қилиб белгиланди.

Маълумотларга кўра, ушбу нашрнинг 59 жилди достонлар, 10 жилди халқ қўшиқлари, 12 жилди эртаклар, қолган жилдлар эса терма, афсона, ривоят, нақл, мақол, топишмоқ, аския, лоф, латифа, оғзаки драма, болалар фольклори ва бошқа жанрларни ҳам ўз ичига олади.

Тадбирда ўзбек фольклоршунослиги тарихида яна ўнлаб достонлар илк бор нашрга тайёрланаётгани алоҳида эътироф этилди. Айни кунларда мазкур китобларнинг навбатдаги жилдларини тайёрлаш устида ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Йил сўнгига қадар яна 5 жилд жамланма тайёрланиб, жами 20 жилддан иборат “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” тўплами китобхонлар эътиборига ҳавола этиш режалаштирилган.

— Халқимиз азал-азалдан сўз ва куй билан бирга ҳамнафас яшаб келган. — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, бахши Отажон Матёқубов. — Тўйларда термалар айтиш илгари урф бўлгани ҳам бунинг бир кичик исботидир. Бундан кўзланган асосий мақсад, асрлар оша оғиздан-оғизга ўтиб келаётган бой маданий меросимизни асраб-авайлаб ёзма ҳолатдаги жамланмасини келажак авлодга етказиш ва бой тарихий қадриятлари ҳақида маълумотларга эга бўлишини таъминлаш.

Юлдуз ЎРМОНОВА,
“Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019