Миллионларга сотилган лойиҳа ёхуд бошланмасдан тугаган кинофильм

10:40 20 Август 2019 Маданият
248 0

Иллюстратив фото

Эълон:

“Самарқанд шаҳрида илк маротаба 7 ёшдан 70 ёшгача ўткир сюжетли “Қабр” фильмига кинокас­тинг! Шошилинг, имкониятни қўлдан бой берманг!

Манзил: Пастдарғом тумани маданият бўлими зали”.

Пастдарғом тумани Жума шаҳридаги маданият бўлими биносида ва одамлар гавжум масканларда осилиб, қуйисида мурожаат этиш учун телефон рақамлари кўрсатиб қўйилган ушбу эълон катта-кичикни бирдек қизиқтириб, ҳам шошириб қўйди. Қизиқтиргани – вилоятларда бунақа кастинг-пастинг­лар ҳадеганда бўлавермайди-да! Шоширгани – ўрин тугаб қолиши мумкин.

Ахир, бу ерлик аҳоли ҳам бошқалар каби киноларда суратга тушишни, керак бўлса танилишни истайди. Айниқса, эълон интернет тармоқлари орқали ҳам тарқалгач, нафақат пастдарғомликлар, балки қўшни туман ва вилоятликларнинг ҳам эътиборини тортди. Кўча-кўйда ва мактабларда ҳам кун мавзуси шу бўлди.

“Сен тоққа боролмасанг тоғ ўзи келади”, деганлари шу-да, мана тайёр имконият. Қолаверса, суратга олиниши режалаштирилаётган фильм режиссёри – Раҳим Раҳимов пойтахтдан келган, бир қанча фильмларда маҳоратли роллар ижрочиси экан. Қўлида “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Янгийўл шаҳар Кенгаши Ёш режиссёрлар тўгараги раҳбари” деган гувоҳномаси ҳам бор.

Эълон илинганига ҳеч қанча вақт ўтмай, туман маданият бўлимининг эшиги ёпилмай қолди. Турли ёшдаги, кинода рол ўйнаш орзу­сидагилар келиб, омадларини синаб кўришар эди. Раҳим дастлаб уларга шу кунгача олган фильмлари ҳақида маълумот берар ва лавҳаларини қўл телефони орқали кўрсатар эди. Сўнг энди олиниши кутилаётган “Қабр” фильми, воқеалар ривожи, қаҳрамонлар образи, қаерда олиниши, муваффақияти хусусида тўлиб-тошиб гапирарди. Айниқса, унинг кенг қамровлилиги, бир эмас 5 нафар бош қаҳрамон ва катта-кичик ёшдаги ёрдамчи қаҳрамонлар образидан иборатлиги кўпчиликка манзур бўлди, кастингдан ўтиб, илиниб қолишга ишонч туғдирди.

Бош қаҳрамонга муносиб номзод

– О-оо, сиз менинг бош қаҳрамонимга жуда мос келасиз! – деди бош ва ўртанча бармоқларини бир-бирига қасирлатаркан Раҳим Раҳимов ўзини Шаҳруз Имомов деб таништирган, баланд бўйли, 26 ёшли йигитга. Сўнг унинг атрофидан обдон айланди, бўй-басти, қоматини, уст-бошини кўздан кечириб, сўзида давом этди. – Фақат кинога тушиш учун 1 200 АҚШ долларитўлашингизга тўғри келади. Кас­тингни талаби шундай, биринчидан, ролга ташқи кўриниш ва ижро эта олиш жиҳатидан мос келиш, иккинчидан, ҳар ким ўз роли учун кетадиган сарф-харажатни ўзи тўлаш. Бош қаҳрамон бўламан деганлар жуда кўп (стол устидаги исм-шарифлар, телефон рақамларнинг рўйхати туширилган қоғозга ишора қилди), харажатига ҳам тайёр, фақат уларнинг ташқи кўриниши тўғри келмаяпти. Бу кинода машҳур актёрлар ҳам ўйнашади, улар билан танишиб, танилиб кетасиз. Вақт қисқа, кечгача ўйлаб кўринг.

Сўнг эшикка қараб қичқирди:

– Навбатдаги иштирокчи! Киринг!

Шаҳруз кастингдан оғзи қулоғида чиқди.

– Атиги 1 200 экан-ку, битта соткани нархи, от билан туя бўлармиди, кинога тушганим қолади, – деди хаёлида. – Ўзи зерикиб юргандим шу кунларда, съёмка билан анча вақт чалғийман.

Шу ўйда уйидан керакли миқдордаги пулни олиб, Раҳимга келтириб берди.

– Мана бу бошқа гап, бош қаҳрамон ўрни банд бўлди, – деди Раҳим Раҳимов ён дафтарига бир нималарни ёзаркан. – Яқинда Тошкентга кетамиз, у ерда машҳурлар билан суратга тушасиз. Дарвоқе, шу ерда оладиган лавҳаларимиз учун ҳашаматли уй керак, шу юмушни сизга топширсам. Қараб юринг, номзодлар аниқ бўлиши билан ишни бошлаймиз.

Бўлажак актёр режиссёридан топшириқни олгач, иккиси эски танишлардек қайтадан қучоқлашиб, хайрлашишди.

“Қуйиб қўйгандек ўхшар эканман”

Шу туманлик Ботир Ғаффоров ҳам кечадан бери учиб юрибди. Ётса ҳам, турса ҳам хаёлида кино оламига саёҳат. Кимсан таниқли актёр Ёдгор Саъдиев билан бирга рол ўйнармиш. Масала пишиқ бўлиши, ролини бошқа илиб кетмаслиги учун 900 АҚШ долларини тўлаб қўйди. Ҳадемай азим шаҳарга кетишади…

– Омадим чопгани шуки иккинчи бош қаҳрамонга ўхшаши ва моси топилмабди, мен қуйиб қўйгандек ўхшар эканман, онажон, – дея қайта-қайта волидасини қучарди у.

Ёш иқтидорларни излаб…

Тумандаги мактабнинг 7-синф ўқувчиси, вояга етмаган Ҳалимжон Самадов ҳам кинонинг ашаддий ишқибози. Ойнаи жаҳон орқали узатиладиган бирор фильм йўқки, у кўрмаган бўлса. Орзусиям шунга монанд – келгусида мазкур йўналишда кадрлар тайёрлайдиган даргоҳда таълим олиш. Мактабида ўтказиладиган турли адабий кечалар ҳам усиз ўтмайди, синф­дошлари билан саҳна асарлари ижро этиб туради.

“Қабр”га иштирокчилар сараланаётганини синф­дошларидан эшитган куни ўзини қўярга жой тополмади, дарс тугашини сабрсизлик билан кутди. Машғулотлар ниҳоясига етгач, ўзидан уч синф юқорида ўқийдиган амакиваччаси Анвар Абдикаримов билан бирга маданият бўлими сари отланди.

– Аслида айнан сизларга ўхшаш ёш талантларни кашф этиш учун келганман бу ерга, – деди уларни хурсанд кутиб олган режиссёр. – Қишлоқларда иқтидорлилар кўп, улар меҳнат ва мусаффо табиат билан уйғун улғайишгани учун ролларни табиий ижро этиш қобилиятига эга бўлишади. Фақат катталар томонидан тўғри йўналтирилмагани, вақтида эътибор берилмагани, шаҳардан узоқда яшаётганлари боис ҳаётда ўз ўрниларини тополмай сарсон бўлиб юришади. Сиз ана шундай ёшлардансиз, кўзларингизда катта иқтидор учқунлариникўряпман, имконим бўлганида бепул қабул қилардим. Аммо бозор иқтисодиёти бунга йўл бермайди. Худди сизларбоп икки ўрин қолгану, тўлов масаласи бор-да…

– Ота-онам яқинда Россияда ишлаб келдилар, пуллари кўп,мен учун аямайдилар, – деди Ҳалимжон ва мени танланг, илтимос дегандек ялинганнамо режиссёрга термулди.

– Хўп, сени Ёдгор Саъдиевнинг набираси ролига оламан, фақат рўйхатга олишим учун дастлаб 300 минг сўм, кейин съёмка учун 150 АҚШдоллари берасан, – деди Раҳим Ҳалимжонга.

Сўнг Анварга ўгирилиб деди:

– Сен 50 доллар берсанг, буни ўртоғи ролида ўйнайсан.

Икки холавачча папкаларини қўлтиқлаб уйларига югуришди. Айтганидек, Ҳалимжоннинг отаси ўғлининг раъйини қайтармади, фақат режиссёрни кўришини айтди. Таклифни эшитгач, Раҳим Ҳалимжонга эргашиб уларникига келди. Отага гувоҳномасини кўрсатди, маълумотлар берди. Ишонч ҳосил қилган ота унга 300 минг сўмни тутқазди. Шу куни Анвар ҳам айтилган маблағ (50 доллар)ни келтириб берди.

Уч-тўрт кун ўтиб Раҳим Ҳалимжонни чақириб, 150 долларни тўлашни тезлатишини, акс ҳолда ўрнига бошқа талабгорни олишини эслатди. Зум ўтмай бу тўлов ҳам бажарилди…

8 кунда 23 миллион!

Гувоҳи бўлганингиздек, “Қабр” кўпчиликни ўзига тортди. Ишсизликдан зерикканлар ҳам, мактаб ўқитувчиларию ўқувчилари ҳам бир-биридан эшитиб, бири бирисини етаклашиб келаверишди. Уларнинг бахтига ўрин кўп – бош қаҳрамонлар, уларнинг яқинлари; қиморбоз, қиморбознинг қўриқчиси, набираси ва унинг синфдошлари, синфдошларининг ўртоқлари… Хуллас 8 кун давом этган кастингда 30 нафар фуқаро қатнашиб, улардан 13 нафари, тўғрироғи, сармояга ҳисса қўша оладиганларнинг деярли барчаси танлаб олинди.

Тўлов миқдори ҳам роллардаги мавқеларига кўра турлича бўлди. Юқоридагилардан ташқари коллеж ўқитувчиси Шодиёр Абдуллаев қиморбоз роли учун 1 000 000 сўм, мактаб ўқитувчиси Аминжон Парпиев қўриқчи роли учун 800 000 сўм, Бобораҳмат Беков 8-синф ўқувчиси бўлган ўғлининг бош роллардан бирини ўйнаши учун 700 000 сўм, вилоят Ёшлар театри актёри Нуриддин Муродов бойнинг ўғли роли учун 400 000 сўм, 9-синф ўқувчиси Дилноза Мўминова набиранинг синфдоши роли учун 150 000 сўм, 9-синф ўқувчиси Шаҳноза Жумаева 150 000 сўм, 10 синф ўқувчилари Акбар Тошов ва Муҳсин Раҳматов 300 000 сўмдан, Саттор Розиқов 250 000 сўм (булар ҳаммаси набиранинг синфдошлари роллари учун!) тўлашди.

Хуллас, кастингдан ўтган (!) жами 13 киши 23 619 814 сўм миқдоридаги пулларни қисқа вақтда, қўшқўллаб “Қабр”га топширишди!

Рекорд съёмка

Ниҳоят, интиқиб кутилган кун келди.

Жамоа тушдан кейин алоҳида-алоҳида бўлиб автомашиналарда Тошкент сари йўл олишди. Йўл харажатлари ҳам ўзларидан қоп­ланди. Кеч бўлиб қолгани учун Р. Раҳимовнинг Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги таниши – Алинаникида тунашди. Эртаси куни пойтахт­даги “Макро” супермаркетининг 3-қаватидаги ресторанда йиғилишди. Ҳамма ҳаяжонда, айниқса ўқувчилар ўзларига сиғмайди, узоқ давом этадиган, қайта-қайта олинадиган лавҳа жараёнларидан умидвор. Улар ўзлари билан турли-туман кийим-кечаклар ҳам олишган.

Аммо негадир съёмка жуда қисқа бўлди – атиги 3-4 дақиқа! Тўсатдан гастролга кетиб қолган экан, шу боис Ёгор Саъдиев ҳам келмади, унинг ўрнига бошқа актёр билан суратга тушишди. Яна қайтиб келиш ваъдаси билан Самарқандга қайтишди. Фильмнинг қолган манзаралари вилоятнинг турли гўшалари – кўнгилочар жойларда, коллеж олдида,Ботир Ғаффоровнинг тоғасига тегишли ҳашаматли ҳовлида, Жума шаҳридаги бильярдхонада олинди…

Хориж учун 4 800 доллар

Раҳим Раҳимов бақувват сармоядор, бош рол ижрочиси Шаҳруз Имомовга яна қўнғироқ қилиб, ёнига тез етиб келишини, зўр янгилик борлигини айтди.

– Ҳозиргина раҳбарият билан гаплашдим, фильмнинг давомини хорижда олинглар, деган топшириқ беришди, бир эмас, тўртта давлатга кетамиз, – деди Раҳим Шаҳрузни қучоқ очиб кутиб оларкан. – Шунинг учун 4 800 АҚШ доллари тўлашингиз керак бўляпти. Фақат сизни олиб кетамиз, қолган барча лавҳаларни олиб бўлдик. Тўлов индиндан кечикмаслиги керак. Кейинги ой учиб кетамиз.

Раҳимнинг ёнидан хўп бўлади деб чиққан Шаҳрузни бу гал гумонлар чулғай бошлади: “Бир рол учун 6 000 доллар (аввал 1 200 тўлаган эди), яъни 50 миллион сўмдан ошиқ пул дегани. Ўзи шу пайтгача қилинаётган ишлар ҳам ростга ўхшамаяпти, таниқли актёрларнинг қорасини кўрмадик, бизни қизиқтириш учун уларнинг номини ўйлаб топгани ҳам аниқ. Гарчи режиссёр бўлмиш ҳозир техника ривож­лангани, машҳурларни алоҳида суратга олиб компьютерда бу қаҳрамонлар билан боғлаб юбориши ҳақида айтаётган бўлса-да хатти-ҳаракатлар, жараёнлар кўпроқ сохталикдан дарак бериб турарди”.

Бундай шубҳалар шу кунларда бошқа иштирокчиларнинг ҳам кўнглидан ўтаётган эди. Тошкентга бориб келган фарзандларидан съёмка жараёни ҳақида сўраган ота-оналар уларнинг атиги 3-4 дақиқа “расмга тушишган”и, машҳур актёр “келолмагани” ҳақида эшитишганида фирибгарнинг тузоғига тушганликларини англашган, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идорасига мурожаат қилиб ҳам улгуришган эди.

Худди шундай Шаҳруз ҳам алданганини, фирибгарлик қурбони бўлганини сезди-юҳолат юзасидан тегишли идорага арз қилди. Ўз навбатида зарур чоралар кўрилиб, Раҳим Шаҳруздан пулни олаётган вақтда гувоҳлар иштирокида қўлга олинди.

Қандай жазо тайинланди?

“Режиссёр”нинг асл башарасини кўрган ўқувчиларимизнинг кўнглидан шу савол ўтаётгани аниқ. Тўғрида, жиноятга жазо муқаррар!

Суд Раҳим Раҳимовга тергов органи томонидан қўйилган айбни муҳокама қилиб, унинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди – фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни такроран қўлга киритиш жинояти дея тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблади. Унга жазо тури ва миқдорини белгилашда содир этган жиноятининг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, ғараз ва бошқа паст ниятларда жиноят содир этганини инобатга олиш билан биргаликда, айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилган ишидан пушаймонлиги, ёши, шахси, оилавий шароити, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар тўлиқ бартараф қилинганини ҳисобга олиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузалиш мумкин деб ҳисоблади. Хусусан, ҳар ойлик иш ҳақидан 20 фоиз миқдорида давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Нодонларга нафратингиз зиёдалигидан “Бу жазо унга нисбатан енгил-ку, шунча қилғиликни қилган одамни озодликдан маҳрум этиш, янада оғирроқ жазо тайинлаш лозим эди”, деяётган бўлишингиз аниқ. Тўғри Раҳим Раҳимов эгрилик йўлини тутди, бу йўлда ўзгаларнинг ҳуқуқини, ишончинипоймол этди. Бироқ инсонпарварлик тамойилларига йўғрилган амалдаги қонунларимизда жиноят оқибатида етказилган моддий зарар қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиши белгиланган. Бунданмурод бир тарафдан жабрланувчиларнинг ҳуқуқини қисқа вақтда тиклаш бўлса, иккинчи тарафдан жавобгарга оиласи, фарзандлари, жамиятдан ажралмаган ҳолда тўғри йўлга тушишига имкон беришдир.

Айб кимда?

Ҳар бир жиноят, унинг келиб чиқиши, иштирокчилари, сабаб ва омиллари, жавобгарлари-ю жабрланувчиларнинг хатти-ҳаракатлари таҳлил этилганда шу савол доимо кўндаланг бўлади: “Аслида айб кимда?. Ушбу фирибгарлик жиноятининг содир этилишига кимлар шароит яратиб берди, кимлар ҳисса қўшди?”

Ҳамма бир овоздан “Жиноятчида!” дейиши аниқ. Бир қарашда шундай. Аммо масалага чуқурроқ ёндошадиган ва унинг такрорланмаслигини истаган ҳолда эринмай таҳлил қиладиган бўлсак айбдорларнинг кўплиги аён бўлади (жиноятнинг баъзи ўзга тури бўлганида асосан жиноятчининг ўзини айблаб қўя қолган бўлар эдик). Зеро, суд очеркларини ёзишдан асосий мақсад ҳам шу аслида, бўлиб ўтган воқеликни баён этиш орқали воқеалар ривожи, персонажлар тили билан қайсидир жиноятнинг қандай содир этилиши ҳақида ўқувчида тасаввур уйғотиш ва шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келмаслик учун ҳар бир инсоннингўзида жиноятнинг олдини олишга қарши иммунитет уйғотишдир.

Судланувчи Раҳим Раҳимов судда берган кўрсатувида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, икки йил олдин “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан ишланган иккитакинода рол ижро этгани, 2018 йил август ойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Янгийўл шаҳар Кенгашига Ёш режиссёрлар тўгараги раҳбари лавозимига ишга қабул қилингани, сўнг у ердан ишдан кетгани, 2019 йил январь ойида пулга муҳтож бўлиб қолгани сабабли фирибгарлик йўли билан пул топишни мақсад қилганини ва бунинг учун ўзининг компьютерида фуқароларни ишонтириш учун юқорида зикр этилган афиша тайёрлаганини сўзлади. Сўнг Пастдарғом тумани Жума шаҳридаги Маданият уйига бориб раҳбариятга ўзини режиссёр сифатида таништиргани, исботи юзасидан тушган киноларининг дискини кўрсатгани ва уларнинг розилигидан сўнг эълонларни ёпиштириб, кастингни бошлаганини тан олди.

Шу ерда бироз чекиниш қиламиз. Чунки жиноятнинг катта ва залворли эшиги шу ерда очилди! Нега дейсизми? Шунгаки, бўлим раҳбарияти бу фаолиятга розилик беришидан аввал ундан тегишли ҳужжат – кино олиш учун “Ўзбеккино” миллий агентлигидан махсус рухсатномаси (кино-пиноларини эмас!) бор-йўқлиги сўраши керак эди! Демак, туман маданият бўлими мутасаддиларини айбдорлар рўйхатига бемалол кирита оламиз.

Иккинчидан, Раҳимнинг қўлидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати ўтгани ҳам ҳеч кимни ҳайратга солмаганига нима дейсиз? Айтганча, фирибгар Ёшлар иттифоқи Янгийўл шаҳар Кенгаши томонидан берилган Ёш режиссёрлар тўгараги раҳбари гувоҳномасини кўрсатиш орқали талабгорлар ва ота-оналарнинг ишончига кирган, бу унинг жирканч мақсадини осонгина амалга оширишда қулай восита бўлган. Агар унга шу ҳужжатни берган ташкилот уни ишдан бўшатаётганида мазкур гувоҳномани қайтариб олиш масаласига бефарқ бўлмаганида эди… Яна ўша гап. Ҳа, айтишингиз мумкин бундай ҳужжатни ҳозир компьютер асрида бемалол сохталаштириб ясаб олиши мумкин, деб. Яшанг, унда биз Ёшлар иттифоқи Янгийўл шаҳар кенгашининг кадрлар билан ишлаш бўлими бошлиғини айбдорлар рўйхатига киритиб ўтирмасдик. Ахир айни фирибгарлик жинояти “танишим бор, ўқишга киритиб қўяман”га ўхшаш жиноятлардан эмас. Хуллас Кенгаш мутасаддилари ҳам ўз вазифасига совуққонлиги туфайли рўйхатдан тушиб қолмайди.

Навбатдаги айбдорлар эса фирибгарлик қурбони бўлганлар – вояга етган иштирокчилар, вояга етмаган иштирокчиларнинг ота-оналари ёки уларни қарамоғига олган инсонлар (чунки айрим болаларнинг ота-оналари Россия давлатига ишлашга кетгани учун уларни ўз қарамоғига вақтинча олган қариндошлари пулни беришган). Қаршилик қилишга шошилманг. Бошқа жиноят турларидан фарқли ўлароқ фирибгарлик жинояти икки ва кўп томонлама шахслар томонидан содир этилишидир. Соддароқ айтганда лаққа туширувчи ва лаққа тушувчи (тушувчилар). Улар ўз ҳуқуқини яхши билмагани, билса ҳам таваккалчиликни маъқул топганлари учун бу жиноятнинг содир этилишига шароит яратиб беришган. Агар улар бу ҳамкорликни қонуний шартнома асосида тузиш ва тўлаган пуллари учун тўлов чекини талаб қилишганида (агентлик гувоҳномасини сўраш у ёқда турсин) олам гулистон эди. Қишлоқ одамлари бундай юридик ҳаракатларни билишмайди деёлмаймиз, теле-радио орқали мунтазам узатиладиган ҳуқуқий эшиттириш­лар қулоқларига чалинмаган бўлиши мумкин эмас. Ундан кўра уларни ҳуқуқини билмасликда эмас, шартнома талаб қилсам, мени кас­тингдан ўтказмаслиги мумкин, деган хавотир қули деб атасак, янаям тузукроқ бўлар.

Сўнгги ва керак бўлса энг катта айбимиз, уни тузатмасак бундай тузоқ қўювчиларнинг думи узилмаслиги, қайта-қайта қурбон бўлаверишимиз, овораи сарсонлик тўрида ўралашиб юраверишимиз сабабчиси – нафсимиз ва унинг қули бўлганимиздир! Нафски – мол дунёга, сох­та обрўга, машҳурликка, кимўзарликкабўлган иштиёқ. У энг катта душманимиз бўлиб, бизни доим айбдорлик сари етаклайверади, савобли ишларни бажаришдан нари этади. Натижада бизни жасаддан фарқимиз қолмайди. “Қабр”га тушиш учун 8 кунда 23 миллиондан ошиқ маб­лағ йиғилди. Аммо аминмизки, бир бечорага ёрдам бериш жоиз бўлса қисқа вақт тугул бир йилда ҳам бунча сармоя йиғилмайди!

Хуллас, давом этайлик десак, бу борадаги мулоҳазаларимизнинг кети узилмайди. Буларни ҳам ўша сарсон юртдошларимизга куюнганимиздан айтяпмиз, ўзларининг камчиликларини яхшилаб кўриб олишлари учун каттароқ ойна тутяпмиз, холос. Зора келгусида бу ҳолатга улар ҳам, буни ўқиётганлар ҳам тушмаса, разиллик­ларга қарши жамоатчилик асосида курашсак.

Бундан бошқа ниятимиз йўқ. Зеро оммавий ахборот воситаларининг асосий мақсади ҳамшу – халқ маънавиятини юксалтириш ва дунё­қарашини кенгайтиришдир аслида!

Мақолада келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган.

Ҳабибулла ЧИНИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича
Пастдарғом туман судининг раиси

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

“XXI asr” мухбири


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019