Миллий ғоя, миллий руҳ, миллий ўзлик мактаб дарсликларида тўлиғича акс этиши керак!

14:04 01 Май 2019 Маданият
926 0

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида олдимизга қўйган улкан вазифаларни амалга оширишда биз учун куч-қудрат манбаи бўладиган миллий ғояни ривожлантиришимиз зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган эди. Миллий ўзликни англаш, Ватанимизнинг қадимий ва бой тарихини ўрганиш, бу борада илмий тадқиқот ишларини кучайтириш, соҳа олимлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, ўтмишга баҳо беришда холислик ва турли мафкуравий қарашлардан холи бўлиш ҳануз долзарблигича қолмоқда. Буюк аллома ҳамда адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ҳамда ифтихор туйғуларини ­кучайтириш учун юртимиз тарихини ўрганишда жиддий археологик тадқиқотлар, илмий изланишлар олиб ­борилиши талаб этилади.

Масалага шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, мактабда ­тарих фани ўргатилиши қандай йўлга қўйилган? Биз бераётган таълимда ёт мафкуралар таъсири, ўтмишга бегонасираб, нохолис ёндашиш ҳоллари учрамайдими?! Дарсликлар тайёрлаш сифати, мазмун-моҳиятини аъло даражада, деб айта оламизми? Улардаги бири бирини рад этувчи хулосалар, мавҳумликлар ва номувофиқликлар фарзандларимиз ички дунёсига қандай салбий таъсир кўрсатмоқда? Ўқувчига тақдим этилаётган дарсликлар ғоявий мундарижаси, мафкуравий мағзи ҳамон эскичасига — аксилмиллий манбалар ҳисобига тўлдириляптими? Тарихга бўлган қарашларимизда миллий ғоя, миллий руҳ, миллий ўзлик акс этмас экан, ёшлардан миллий ғурур, ватанпарварлик туйғуларини кутишимиз қанчалик тўғри?

Соҳа мутасаддилари, мутахассислар ва кенг жамоатчилик вакиллари ана шу масалаларга ўз муносабат ва фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Ашраф АҲМЕДОВ, тарих фанлари доктори, профессор:

— Миллий ғоя, миллий руҳ, миллий ўзлик, албатта, тарихга объектив муносабат орқали шаклланади. Ёшлар ўз аждодларининг ҳаётини ҳаққоний ўрганиши керак. Афсуски, бошимиздан кечирган мустамлакачилик замонларида бунинг акси қилинди. Эътибор беринг, бир неча авлод Амир Темур шахсини “қонхўр”, “босқинчи” деб ўқиб катта бўлди. Аслида шундай эдими? Бобомизнинг яратувчанлик қудрати, давлатчиликдаги ислоҳотлари ва ниҳоят, ўша даврларда Шарқда пайдо бўлган тамаддун ҳақида ҳеч нарса дейилмади. Албатта, бу коммунистик мафкура асорати эди. Улар бизни тарихимиздан узишмоқчи бўлишди. Шукрки, буюк бобомизнинг номи истиқлол даврида тикланди. Бутун дунё тан олган соҳиб­қироннинг ҳаёти ва фаолиятини бугун фарзандларимиз тўғри ўқиб-ўрганмоқда. Лекин бизнинг шонли кечмишимиз фақат Темур ва темурийлар давридан иборат эмас. Миллатимиз ўтмиши бир неча минг йилликларга бориб тақалади. Демак, ҳали ўқилмаган, фарзандларимизга уқтиришимиз зарур бўлган саҳифалар кўп. Бироқ биз озодликка эришганимизга 30 йил тўлаётган эса-да, ҳамон шошаётганимиз йўқ. Тарихни ўқитиш услубимиз ўша-ўша эскилигича қолмоқда. Ўрганишимиз, болаларимизга ўргатишимиз керак бўлган миллий қаҳрамонларимиз кўп. Масалан, туркий халқлар тарихида Алп Эр Тўнга Афросиёб номи билан маш­ҳурлигини кўпчилик яхши билади, аммо унинг дарсликка киритилишига аҳамият берилмайди. Кўпчилик уни афсонавий, мифологик образ деб атайди. Тарихчиларимиз ҳам унинг реал шахс бўлганини исботлаб бериш ҳақида ўйлашаётгани йўқ. Умуман, соҳада кадрлар масаласида оқсаш бор.

Албатта, тилга олинган бу масалалар келажагимиз бўлган фарзандларимиз тақдири билан бевосита боғлиқлиги ҳеч кимни лоқайд қолдирмайди. Шу билан бирга, тарих дарсликларида ҳали-ҳануз миллий давлатчилигимиз ўтмишини рус ва Европа тарихчилари нуқтаи назаридан таҳлил этиш тамойиллари сақланиб қолаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Тарих дарсликлари токи миллий ғоя, миллий руҳ, миллий ўзликка таянган ҳолда тузилмас экан, ёшлардан миллий ғурур, ватанпарварлик туйғуларини талаб қилиш унчалик тўғри бўлмайди.

Насимхон РАҲМОНОВ, филология фанлари доктори, профессор:

— Ижтимоий фанлар бир-бири билан чамбарчас боғланиб кетган. Уларнинг бирида йўл қўйилган хатонинг таъсири иккинчисида акс этмай қолмайди. Жумладан, адабиёт тарихи фанининг табиати ҳам шунақа: тарих фанини четлаб ўтолмайди. Қадимда яшаган қаҳрамонлар, воқеалар ҳар иккала фан учун ягона манба бўлиб хизмат қилади. Шу маънода, халқ оғзаки ижодида, эпосларда, достонларда, ёзма манбаларда бугунги авлодга намуна қилиб кўрсатишга арзигулик тарихий қаҳрамонлар кўп. Улардан бири Алп Эр Тўнгадир.

Алп Эр Тўнга ўлдими,
Ярамас дунё қолдими.
Дунё ўчин олдими,
Энди юрак йиртилур.

“Девону луғатит-турк”да келтирилган бу тўртлик Маҳмуд Кошғарийдан бир неча асрлар олдин халқ оғзаки ижодида мавжуд эди. Улар бир жойга жамланса, Алп Эр Тўнга достони ҳосил бўлади. Алп Эр Тўнганинг ўлими келтирган мусибат деярли барча туркий халқлар қадим ижод намуналарида учрайди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам унга кўпроқ миф деб қараш шакллангандир. Бироқ унинг тарихий шахс эканлигини исботлайдиган кўплаб манбалар мавжуд. Маҳмуд Кошғарийга замондош Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” (“Саодатга йўлловчи билим”) асарида Алп Эр Тўнганинг тарихда ҳақиқатан яшаб ўтгани ҳақида ишончли маълумот келтиради. “Турк беглари орасида оти белгилик, Тўнга Алп Эр эди, қути белгилик, — деб ёзади Юсуф Хос Ҳожиб. — Билими — буюк, ҳунарлари — талай, билимли, заковатли, халқ орасида сараси”. Туркий халқлар тарихида ўтган қаҳрамонлар номига мажмуалар, ёдгорликлар бунёд этилса, миллат кўксида ғурур уй­ғотишга сабаб бўлади. Тарих, адабиёт дарс­ликларида эса бу жиҳатларга ­жиддий эътибор қаратилиши лозим.

Хуршид РЎЗИМУРОДОВ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар факультети 2-босқич талабаси:

— Тарих фанидан мактаб ва коллеж-лицейлар учун мўлжалланган дарс­ликларни ўқиб-ўрганишга киришиб, нега улар, асосан, ўқитувчининг қистови билан ўқилишининг сабабини тушуниб етгандек бўлдим. Чунки бу қўлланмалар зерикарли ва қуруқ тил билан ёзилган. Шунинг учун олий ўқув юртига кириш имтиҳонларига тайёрланиш, олий маълумот олиш, кейинчалик ўз ўрнини топиш эҳтиёжи бўлмаса, ёшлар уларни қўлларига олишни хоҳлашмайди. Ҳеч кимга сир эмас, дарсликни тест манбаи сифатида қабул қилишга ўрганиб қолдик. Аслида улар ёшларнинг маълум фанни маълум ёшда ўрганишлари учун яратилади. Бугун қўлида телефони, уйида компьютери бор ўқувчини дарликларга жалб қилиш учун иннова­цион ёндашув керак. Ҳайрон қоламан, баъзи дарсликларда муаллифлар аллақандай маълумотларни тиқиштириб вақтимизни беҳуда ўғирлашади. Масалан, 6-синфнинг “Қадимги дунё тарихи” дарслигидаги 44 мавзудан 7 тагинаси Ўзбекистон тарихига оид. ­Ваҳолонки, миллий ғурур масаласи биринчи ўринга қўйилса, ўқувчилар 12 ёшиданоқ Ўзбекистон тарихини чуқурроқ ўргана бошлашса, кейинчалик ҳам мактабда олган сабоқлари ҳаётда асқатади.

Таъкидлаш жоизки, мактаб дарслигидаги хатонинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳатто битта тиниш белгисининг ноўрин қўлланилиши, жиддий тушунмовчиликларни юзага келтиради, қолаверса, болаларнинг саводхонлигига путур етказувчи улкан омилга айланиб қолиши мумкин. Аммо ўқувчиларга тавсия этилаётган дарсликлардаги хатолар шунинг ўзи билан чекланиб қолмаяпти.

Қаҳрамон РАЖАБОВ, тарих фанлари доктори, профессор:

— Тарих дарсликлари ўқувчини нафақат керакли ва зарур маълумотлар билан таъминлайди, балки уларни ­Ватанга садоқат ҳамда муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Аммо афсуски, бизнинг тарих дарсликларимизда миллий ғоя ва руҳ етишмаяпти.

Сир эмас, дарсликларни яратиш ҳамда чоп этиш — жуда мураккаб жараён. Халқ таълими вазирлиги ва бош­қа юқори давлат ташкилотлари ходимлари эса бу жараёнда муаллифларга қулай шароит яратиб бериш ўрнига мутахассисларнинг ҳақли эътирозларига қарамай, дарслик матнига ҳам аралаша бошлашади. Оқибатда қош қўяман деб, кўз чиқариб қўйишганини билмай қолишади. Шу аснода, китоб­ларда кўплаб ғоявий хатоликлар ­урчиб кетади.

Бу камчиликлар тегишли мутахассислар, олимлар, ўқитувчилар ва методистлар томонидан биргаликда кўриб чиқилиши зарур. Эсимда, 2017 йил ёзида мактабларнинг янги ташкил қилинаётган 10-синф ўқувчилари учун ёзиладиган дарсликлар учун муаллифларга атиги 10 — 15 кун муҳлат беришган эди. Бундай қисқа фурсатда шошмашошарлик билан ёзилган дарсликлардан нима кутиш мумкин?

Миллий ғоя, миллий руҳ, миллий ўзлик ўз-ўзича рақамларни такрорлаш билан содир бўладиган ҳодиса эмас. Тарих дарсликларида муаллифларнинг Хива хонлиги 1511 йил ташкил топганми ёки 1512 йилдами, Бухоро амирлигига 1753 йил асос солинганми ёки 1756 йилдами, Қўқон хонлиги 1709 йили вужудга келганми ёки 1710 йилдами қабилидаги мулоҳазалар атрофидагина ўралашиб қолишлари дилни хира қиладиган ҳолатлар эмасми?

Акбар ЗАМОНОВ, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:

— Хўш, бунинг сабаби нимада? Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўқувчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати меъёрларидан келиб чиқиб, дарсликларнинг ҳажми ҳамда оғирлигига талаблар қўйилган. Унга кўра, дейлик, 7-синф ўқувчисининг “Ўзбекистон тарихи” дарслиги 300 грамм­дан ошмаслиги лозим. Натижада бу меъёр 10 босма табоқ, яъни 160 бет қилиб белгиланишига олиб келган. Бу эса ўн бир асрлик Ватанимиз тарихи бир ўқув йилида 51 соат, 160 бетлик дарсликда ўзлаштирилиши керак, деганидир. Мазкур ҳолат, ўз навбатида, билимларни сиқилган ҳолатда тақдим этишга мажбур қилади. Тарих дарсликларидаги номукаммалликнинг яна бир сабаби олимларимизнинг сўнгги йиллардаги илмий тадқиқотлари натижаларидан фойдаланилмаётганидир. Бош­қача айтганда, фан ҳам, таълим ҳам фақат ўз доирасида ўралашиб қоляпти, уларнинг интеграция­лашуви юз бермаётгани тарих дарсликларининг ачинарли аҳволида намоён бўлмоқда.

Миллий ғоя, миллий руҳ, миллий ўзлик масаласига келганда, тарихий шахсларнинг хизматлари ҳали-ҳануз холис ва одилона баҳоланмаяпти. Буюк боболаримизни билмаслик, улуғ аждодларимиздан хабарсизлик манқуртликка олиб келади. Мавжуд тарихий манбалар Афросиёб — туркий хоқонларнинг шажараси бошида турувчи забардаст ҳукмдор Алп Эр Тўнганинг тарихий шахс бўлганини исботлайди. “Юқори Чиндан бошлаб бутун Мовароуннаҳр, Хоразм, Фарғона, Бухоро, ҳозирги Шимолий Афғонистонга қадар чўзилган” туркий ўлкалар, шаҳарлар, қишлоқ ва яйловларни кезиб чиққан Маҳмуд Кошғарий ўша замонда халқнинг ўз қаҳрамонига муҳаббатини ёзиб олади. Соҳибқирон Амир Темурдан сўнг “Ўрта Осиёнинг иккинчи бунёдкори” деб ном олган Абдуллахон (1534 — 1598) ҳукмронлиги даврида 21 турдаги 1001 иншоот — масжидлар, мадрасалар, кўприклар, ҳаммомлар, сардобалар бунёд этилган. Бундай мисоллар кўп. Энди сарагини ­саракка, пучагини пучакка ажратиб олишимиз керак. Бунинг учун тарихчи олимларимиздан халқимиз ўтмишига чуқур илмий салоҳият ва фидойилик билан ёндашув талаб этилади.

Ватан тарихини ўқитишдан мақсад ватанпарварликни шакллантириш бўлиши керак. Ўқувчиларда фақат бугунги воқеаларга эмас, ўтмишга, тарихимизнинг аччиқ ва шонли саҳифаларига нисбатан дахлдорлик ҳиссини, миллатимизнинг бой тарихи билан фахрланиш туйғусини уйғотиш ўта долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Шуҳрат ЭРГАШЕВ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти катта илмий ходими, тарих фанлари номзоди:

— Биз совет даври постулатларидан воз кечганимизга қарамасдан, амалда мавзулар баёнида бу даврнинг кўплаб жиҳатлари сақланиб қолмоқда. Мустақилликнинг дастлабки йилларида тарихий концепцияларнинг кўплиги ва тарихий воқеаларни тал­қин қилишнинг хилмахиллиги Ўзбекис­тон тарихининг ягона концепциясини яратиш имконини бермади. Оқибатда олимларимиз томонидан дарсликлар ва бошқа ўқув-методик қўлланмаларни яратиш учун асос бўладиган академик нашр амалга оширилмади. Дарсликларда муаллифлар жамоаси тарихий воқеаларни ўз даражаси ва қарашларидан келиб чиқиб талқин қилди. Бу Ўзбекистон ҳамда жаҳон тарихи дарсликларида тарихий саналарнинг, воқеаларга берилган баҳоларнинг бир-биридан жиддий фарқ қилиши каби камчиликларни келтириб чиқарди. Ўзбекистон тарихи бўйича мактаб дарсликларининг ягона комплекси мавжуд эмаслиги таъсири ўлароқ, ўқитиш методикаси Ғарб мамлакатлари намунасига таяниб қолмоқда. Мактабларимизда, олий ўқув юртларида Ўзбекис­тон тарихини ўқитишнинг ягона концепциясини ишлаб чиқиш вақти келди. Бу ишни амалга оширмай туриб янги авлод дарсликларини яратиш мумкин эмас. Муаллифлар жамоасини танлаш, тайёр дарсликларнинг оригинал макетини экспертизадан ўтказиш ва қабул қилиш жараёнини тубдан қайта кўриб чиқиш лозим.

Агар қўшни давлатлар дарсликларини таҳлил қиладиган бўлсак, биринчи кўзга ташланадиган жиҳат улар ҳажмининг катталигидир. Бу эса воқеалар тафсилотини ёритиш, мавзуни қўшимча материаллар билан бойитиш, ўқувчилар учун қизиқарли қилиш имконини берган.

Жўрабек АСЛОНОВ, ёшлар мураббийси:

— 8-синф “Ўзбекистон тарихи” дарс­лик китобида манғитлар сулоласи ҳукмронлиги бошланиши 1753 йил деб, 9-синфдагисида эса 1756 йил деб ёзилган, имловий хатоларни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Бир ўқувчининг қўлидаги дафтар юзидаги расмда ­Берунийнинг расми остига Ибн Сино деб, Форобийнинг туғилган йили ёзиб қўйилганини кўрдим. “Чиллаки чиллакини кўриб чумак уради”, деганлари шу бўлса керак, дарсликлардаги хатолар эпидемияси дафтарларга ҳам ура бошлабди. Энди қоракўз болажонларимизнинг тақдири нима бўлади, нима қилсак экан?

Ўқувчиларнинг билим доираси фақат дарсликлар билан чекланиб қолмаслиги кераклиги тажрибадан ўтган ҳақиқат. Ўзбек адабиётида тарихий мавзуларда иқтидорли шоир-ёзувчиларнинг роман, қисса, ҳикоя, достон ва шеърлари кўплаб яратилган. Ўқувчилар тафаккурини кенгайтириш учун улардан унумли фойдаланиш лозим. Бу жараёнда тақдим этилаётган асарларнинг бадиий савияси ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Дарсликларни чоп этадиган наш­риётларда эса ҳар бир фан, турли соҳа мутахассислари бевосита тажрибали муҳаррирлар билан ишлаши учун шароит яратилиши лозим.

Ҳабиб АБДИЕВ, “Ўқитувчи” НМИУ муҳаррири:

— Бир пайтлар “Ўқитувчи” наш­риёт-матбаа ижодий уйи айнан шу ишга ихтисослаштирилган нашриёт ҳисобланарди. Ушбу нашриётнинг таҳририят жамоасини кенгайтириш, соҳалар бўйича бир нечта бўлимлар ташкил қилиш вақти келди, назаримда. Хатоликлар кўп. Масалан, ­Камолиддин Беҳзод касбини исм тарзида “Мусаввир Беҳзод” деб кўрсатиш бола фикрини чалғитиб, у ­Беҳзоднинг исми шунақа экан, деб ўйлайди. Дарсликлар тили ҳам бир ­муаммо. Етук муҳаррирларнинг камлиги, манбалар билан ишлаш, “Устоз — шогирд” анъаналарининг йўқолгани ҳам кўплаб қусурларни келтириб ­чиқараётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Толибжон РЎЗИБОЕВ, Фарғона вилоятидаги

Эркин Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари:

— Мактаб дарсликларидаги энг катта муаммолардан бири уларнинг ҳар тўрт йилда бир алмаштириб турилишидир. Бу жараёнда олдинги ­нашрларга нисбатан унча сезиларли бўлмаган айрим илмий-назарий маълумотлар қўшилади ёки баъзи сана ва маълумотлар ўзгартирилади. Аммо мазкур ўзгаришлар учун дарсликни тўлиқ янгилаш шарт эмас, ҳар йили муайян фан соҳасида кузатилаётган ўзгаришларни алоҳида қўшимча сифатида берса ҳам бўлаверади. Ўқитувчилар ва ўқувчиларни қийнаётган муаммолардан яна бири дарсликлардаги назарий маълумотлар таълимнинг бошқа босқичи — академик лицей, касб-ҳунар коллежлари дарсликларидагидан фарқ қилиши. Бундай тафовутларни мактаб дарсликларининг ўзидан ҳам кўплаб топиш ­мумкин.

Бинобарин, 7-синф тарих дарслигида Имом Бухорийнинг “Ал жомеъ ас-саҳиҳ” асарида ҳадислар сони 7375 та деб берилган бўлса, худди шу маълумот адабиёт дарсликларида 7397 та деб кўрсатилган. 8-синф “Ватан тарихи” дарслигида Қўқон хонлигининг ташкил этилиш санаси бир ўринда 1710 йил, иккинчи жойда 1709 йил, деб келтирилган. 9-синф “Жаҳон тарихи” дарслигидаги “Маданий ҳаёт” мавзуида жаҳон адабиёти намояндаларининг ҳаёти ва ижоди, асарлар сюжети ҳамда қаҳрамонлари ҳақида маълумотлар жуда кўп. Шунингдек, 9-синф “Ватан тарихи” дарс­лигида “Миллий озодлик ҳаракати” мавзуи ўта саёз берилган. Тарих фани дарсликларига атамаларнинг изоҳли луғати ва хариталар илова қилинмаган.

Турли фан йўналишлари ўқитувчиларининг ҳақли эътирозларига қараганда, мактаб тарих дарсликлари мисолида кўзга ташланаётган нуқсон ва чалкашликлар адабиёт, она тили, физика, математика, кимё каби фан йўналишларини ҳам четлаб ўтмаган. Инглиз тилидан давлат таълим стандарти 2012 йилда тасдиқланган бўлса-да, дарсликлар ҳалигача унга мослаштирилмаган. Бу фан йўналиши бўйича барча синф дарсликларида грамматикага оид қоида ва маълумотлар жуда қисқа, қизиқарли машқлар, мавзуга мос ўйинлар, луғатлар билан бойитилмаган, ўқувчилар кўникмаларини самарали ривожлантириш учун зарур машқ ва топшириқлар, грамматик қоидалар етишмайди. Шунинг учун ўқувчилар қўшимча адабиётларни излаш билан овора. Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари тестлари ҳам дарсликдан ташқари адабиётлардан олинганлиги сабабли уларда ҳам муаммолар талайгина. Бу энди алоҳида мавзу. Мақсад ўқувчига билим бериш экан, таълимнинг ҳар бир босқичи учун зарур билим, кўникма ва малакалар мажмуини жиддий кўриб чиқиш, ўқувчининг ҳар бир ўқув фанидан муайян билимлар мажмуига эга бўлиши учун имкон берадиган мукаммал дарсликлар яратиш керак. Ҳозирги пайтда деярли барча дарсликлар жиддий таҳрирга муҳтож. ­Дарслик яратувчи мутахассисларнинг бу масалани оқилона ҳал этиш ўрнига уни баттар чигаллаштириб, боши берк кўчага киритиб қўяётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Асосий масала бир четда қолиб, ўзларининг ҳақ эканликларини жон-жаҳдлари билан ҳимоялашга интилишлари оқибатида барчага аён ҳақиқат дарслик муаллифлари ва мутасадди ташкилотларга қоронғилигича қолмоқда. Дарслик тендерини шаффоф тарзда белгилаш, энг яхши дарсликни ­танлаб олиш масаласига эътибор қаратиш фурсати аллақачон етиб келган.

Дарсликларнинг мазмун-мундарижасидан тортиб, муқовасию нашр технологиясигача катта-кичик нуқсонлар мавжудлиги, уларни бартараф этиш қийин кечаётгани ҳам жиддий эътирозлар келтириб чиқармоқда. Ўқитувчилар, ота-оналар, ҳаттоки ўқувчиларнинг ўзлари ҳам ҳар жиҳатдан мукаммал, келажакка хизмат қиладиган дарсликлар ­яратиш тарафдори эканликларини билдиряптилар. Бу бежиз эмас. Негаки, “Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш”, дейишади. Ёшларимиз мактаб партасидаёқ пишиқ-пухта илм олсалар, улар ҳаётда шунчалик мустаҳкам ўринларини топадилар. Бу оддий ҳақиқат. Аммо ана шу оддий ҳақиқатни англаб етишимиз қийин кечаётгани талай муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Дарслик — фарзандларимизнинг эртаси, халқнинг истиқболини белгилайдиган восита. Шу маънода у жуда муҳим. Нотўғри ишлатилган биргина сўз инсон тақдирини ўзгартириб юбориши мумкинлиги эътиборга олинадиган бўлса, дарсликнинг мукаммал эмаслиги катта хатодир. Дарслик ўқувчининг билим олиши учун энг асосий ва муҳим манба ҳисобланади. Чунки ундаги ҳар бир маълумот ўқувчи ҳамда ўқитувчи томонидан энг тўғри ва аниқ ахборот сифатида қабул қилинади, шунингдек, ҳар қандай фанга хос асосий тушунчалар, энг аввало, дарсликда берилади. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, таълимнинг қайси бўғини бўлишидан қатъи назар, дарсликлар тузишга, уларда илмий-назарий тушунчалар, қоидалар, таърифлар, хулосалар, амалий машғулот учун машқлар, мисол ва масалалар, зарур атамалар луғати, айрим саналарни беришга жуда катта масъулият билан ёндашиш керак бўлади.

Глобаллашув даврида ёшлар онгини турли-туман таз­йиқлардан сақлашнинг ягона йўли уларни билимли, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашдир. Тўғри, мактаблар ва олий ўқув юртларида дарсликларнинг мукаммаллигини таъминлаш ўз-ўзича бўладиган иш эмас, уни бир мақола доирасида муҳокама этиб ҳам бўлмайди. Шу маънода, мутахассислар, соҳа ходимлари, ота-оналар, ўз келажаги учун лоқайд бўлмаган ёшларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини кутиб қоламиз.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019