Рустам Иноятов Ўзбекистон теннис федерациясининг фахрий президенти этиб сайланди

10:41 07 Март 2020 Спорт
261 0

Кеча Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон теннис федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда федерацияга янги раҳбар сайлаш кун тартибидаги асосий масала эди, деб хабар берди МОҚ.

Конференцияни Ўзбекистон теннис федерацияси Бош котиби, Осиё теннис федерацияси вице-президенти Ирода Тўлаганова олиб борди ва дастлаб федерация фаолиятидаги янгиликлар, ютуқ ва камчиликлар ҳақида ҳисобот ўқиб-эшиттирди. Шундан сўнг федерациянинг янги раҳбарлигига Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқарув раиси Алишер Қудратуллаевич Мирсоатов номзоди илгари сурилди. Конференция иштирокчилари номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Алишер Мирсоатов Ўзбекистон теннис федерациясининг янги раиси деб эълон қилинди.

Шундан сўнг МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов номзод ҳақида ўз фикрларини билдириб, янги раҳбарнинг фаолиятида омад тилашди.

“Теннис спорт турида бизнинг бой тарихимиз ва анъаналаримиз бор. Ирода Тўлаганова ўзбек теннисининг ҳақиқий афсонларидан бири ва ҳозирда биз билан теннисни ривожлантириш йўлида елкама-елка меҳнат қилмоқда. Сир эмаски, қаерда ҳукумат томонидан эътибор ва қўллаб-қувватлаш бўлса, у албатта, ўз самарасини беради. Ҳозирда давлатимиз томонидан спорт соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Аминманки, бу эътибор яқин йиллар ичида ўз самарасини беради. Биз бу йилги Олимпиададан ташқари "Париж-2024" бўйича ҳам тегишли режа ишлаб чиққанмиз. Янги раҳбарингиздаги улкан тажриба билан юксак натижаларга эришишингизга ишонаман. Шу билан биргаликда федерацияни узоқ йиллар давомида бошқариб келган Рустам Иноятовга ҳам алоҳида миннатдорчилик изҳор этаман. Айнан шу кишининг бошқарувида теннис федерациясида иш дарҳақиқат профессионал тарзда йўлга қўйилди. Шу муносабат билан ижозатингиз билан Рустам Расулевични федерациянинг фахрий президенти этиб сайлаш таклифини киритаман”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз навбатида конференция иштирокчилари ушбу таклифни бир овоздан маъқуллашди ва Рустам Иноятов Ўзбекистон теннис федерациясининг фахрий президенти этиб сайланди.

Шундан сўнг, федерациянинг янги раҳбари Алишер Мирсоатов ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Теннис менинг энг севимли спорт турларимдан бири. Аввалги раҳбарият профессионал иш олиб борди. Энди мендан 2-3 баробар самарали ишлаш талаб этилади. Бу жамоа билан бор куч-ғайратимни бериб ишлашга ваъда бераман. Биласизми, телевизорда байроғимизнинг юқори кўтарилгани, мадҳиямиз янграганини эшитганимда қалбим фахр ва ғурурга тўлар эди. Энди мана шундай ғалабаларимиз теннис билан янада кўпайиши йўлида астойдил меҳнат қиламиз. Муҳтарам Президентимизнинг спортни қўллаб-қувватлаш йўлида қаратаётган эътиборлари билан барча нарсага эриша оламиз”, – деди Алишер Мирсоатов.

Шунинг билан, Ўзбекистон теннис федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.
 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?