МИБ «миссия»си якунланди, аммо суд ва бошқа орган қарорларини ижро этишни давом эттиради

07:48 19 Июнь 2020 Жамият
2119 0

Жорий йилнинг 18 июнь куни Давлатимиз раҳбарининг «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6010-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан Мажбурий ижро бюроси фаолиятидаги газ ва электр учун тўловларни қабул қилиш вазифа ва функциялари Энергетика вазирлиги зиммасига ўтиши, ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан кўрсатилган қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловларни ундириш механизмини амал оширилиши назарда тутилмоқда.

Бу жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларимизда турли фикр ва мунозараларга сабаб бўлди.

Аслида, биз 3 йил олдинги тарихга назарга соламиз.

Эсингизда бўлса, 2017 йил 29 майдаги Президент Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ижросини таъминлашга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Натижада Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюросининг ташкил этилиши билан ана шу тўловларнинг ҳаммаси битта жойга жамланди.

Хўш, Мажбурий ижро бюроси бу даврда ўз вазифасини қандай уддалади? Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим ўрин тутувчи коммунал соҳа муаммоларига ечим топиш борасида ижобий натижаларга эришилдими?

Биз ушбу саволларга жавоб олиш учун Мажбурий ижро бюросининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатов билан боғландик.

— Аввало, иш фаолиятимизни бошлашда — ижро иши, энергия ресурслари билан боғлиқ барча ҳолатлар тизимли ўрганиб чиқилиб, таҳлил қилинди.

Энергия ресурслари ва сув таъминоти соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлашда прокуратура тизимида тўпланган тажриба ва ижро интизомидан унумли фойдаланилди.

Қисқа вақт ичида суд ва бошқа органлар қарорлари ижросини таъминлаш, энергия ресурслари бўйича қарздорликни камайтириш борасида ижобий кўрсаткичларга эришилди.

Иқтисодиётимиз равнақи учун муҳим тармоқ бўлган энергия ресурслари соҳасида тўлов интизоми мустаҳкамланди, йиллар давомида тўпланиб келган тизимли муаммолар ва ҳисоб-китоб ишлари ўз ечимини топди.

Бир сўз билан айтганда, Мажбурий ижро бюросига юклатилган вазифалар амалда бажарилди ва уни эндиликда мамлакатимизда ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш борасида давлат сиёсатини амалга ошириб келаётган Энергетика вазирлиги зиммаси ўтказиш вақти келган эди.

Шу ўринда қисқа бўлсада, Бюро органлари томонидан тўлов интизомини мустаҳкамлаш йўлида қилинган ишлар тўхталсак.

Мисол учун: Бюро органлари ташкил этилганидан буён ҳозирга қадар энергия ресурслари, сув истеъмоли ва қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасида 94,3 трлн. сўм ундирилди (шундан электр энергияси – 45,8 трлн., табиий газ – 46,1 трлн., ичимлик суви – 1,9 трлн., маиший чиқинди – 0,4 трлн.).

Ўтган давр ичида энергия ресурслари ва сув таъминотидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда талон-торож қилиниши билан боғлиқ 1,2 трлн. сўмлик зарар аниқланиб, 1046 та жиноят иши қўзғатилган.

Бюро фаолиятини бошлаган вақтдан буён долзарб масалалардан бири бу албатта, нореал, яъни асоссиз қарздорликлар ҳисобланишининг олдини олиш долзарб масала эди. Бу йўналишда Бюро органлари фаолиятини бошлагандан ҳозирга қадар 1 трлн. 344 млрд. сўмлик нореал қарздорлик бўйича 244 та жиноят иши қўзғатилди.

Фойдаланилмаган энергия ресурслари учун истеъмолчиларга асоссиз қарздорлик ҳисобланиши ҳолатлари бўйича Бюро органлари томонидан 1 трлн. 342 млрд. сўм нореал қарздорлик бўйича жами 146 та жиноят ишлари қўзғатилган.

Энергия ресурслари соҳасида дебитор қарздорлик 2020 йилнинг 1 июнь ҳолатига 14,1 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўтган ойга нисбатан (14,5 трлн.) 385 млрд. сўмга камайтирилди.

Энергия ресурслари истеъмолчилари тўлиқ инвентаризация қилинди.

Хуллас юқорида таъкидланганимдек, Бюрога юклатилган вазифалар сабаб юртдошларимизда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, тўлов интизомига риоя қилиш маданияти шакллана бошлади.

Эндиликда, ушбу вазифалар Энергетика вазирлиги томонидан тизимли равишда олиб борилади, деб ҳисоблаймиз. Чунки кейинги йилларда ушбу вазирликда бир қатор ижобий ўзгаришлар бўлди.

Шу ўринда аҳолимиз яхши билиши лозимки, Мажбурий ижро бюроси зиммасидаги электр, газ ва маиший чиқиндилар учун тўловларни ўз вақтида ҳамда ундириб олиш бўйича вазифалар – Энергетика вазирлигига жорий йилнинг 1 августдан эътиборан ўтказилади.

Бунгача бўлган даврда Мажбурий ижро бюроси бу йўналишда ўз ишини давом эттиради.

Эслатма: МИБ фақат коммунал соҳа ва маиший чиқиндилар учун йўналишини тугатмоқда, бироқ суд хамда бошқа орган қарорларини ижро этиш функция ва вазифаларини давом эттиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?