Меценатлик фаолияти у қандай амалга оширилади?

11:50 09 Октябр 2019 Жамият
1008 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Парламент юқори палатасининг йигирма учинчи ялпи мажлисида мамлакат ҳаёти ва тараққиётига дахлдор бир қатор қонун ҳужжатлари кўриб чиқилиши кўзда тутилмоқда. “Меценатлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни шулардан биридир.

Мухбиримиз ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, мақсади ҳамда аҳамияти хусусида Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Иқбол МИРЗААЛИЕВ билан суҳбатлашди.

— Мазкур қонун давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги илм-фан, маданият, маънавият, санъат соҳаларга дахлдор ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида тайёрланган, — дейди қўмита раиси. — Бундан ташқари, 6 та боб ва 20 та моддадан иборат “Меценатлик тўғрисида”ги қонун маданият ва санъатни, шунингдек, ушбу соҳадаги илм-фанни, таълимни, маърифатни ҳамда бошқа фаолиятни ривожлантириш мақсадида ҳомийлик фаолиятини амалга оширишда юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. 

— Билишимизча, “меценатлик” тушунчаси кенг жамоатчилик ўртасида оммалашмаган, бу атама ҳали янгилик. Шу боис қонуннинг асосий тушунчалари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Қонундаги “меценатлик” тушунчаси гарчи бизга кейинги йилларда кириб келган бўлса-да, унинг мазмун-моҳияти халқимизга қадим-қадимдан яхши маълум. Зеро, юртимиз азалдан илм-маърифат, маданият, маънавият ҳомийлари билан ҳам машҳур бўлган.

Қонунга кўра, меценатлик (меценатлик фаолияти) дейилганда, маданият ва санъатни, шунингдек, мазкур соҳадаги илм-фанни, таълимни, маърифатни ривожлантиришга ҳомийлик қилиш тушунилади. Меценат — меценатлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс бўлиши мумкин. Меценатлик кўмаги — ҳомийлар томонидан беғараз ёки имтиёзли шартлар асосида бериладиган мол-мулк, кўрсатиладиган хизматлар ва қўллаб-қувватлашнинг бошқа турларидан иборат.

Меценатлик фаолияти мамлакатимиздаги маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, ушбу соҳаларга йўналтирилган давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни, лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиш, маданият ва санъат соҳасидаги касбий фаолиятни қўллаб-қувватлаш, маданий мерос объектларини сақлаш мақсадларида амалга оширилади. 

Қонуннинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда меценатлик фаолияти ихтиёрийлик, инсонпарварлик ва ҳисоботларнинг ишончлилиги принциплари асосида амалга оширилиши белгиланган.

Шу билан бирга, меценатлик фаолияти маданият ва санъат соҳасидаги ёш истеъдодларни ва арбобларни қўллаб-қувватлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг маданият ва санъатни ривожлантиришда иштирок этиши учун маънавий рағбатлантириш омилларини кенгайтириш мақсадларини ҳам кўзда тутади.

— Меценатлик фаолияти қандай амалга оширилади?

— Ҳужжатга мувофиқ, меценатлик фаолияти меценат ва кўмак олувчи ўртасида тузилган шартнома асосида рўёбга чиқарилади. Мазкур шартномада меценатлик кўмагини беришнинг мақсадлари, шакли, шартлари, муддатлари ҳамда ҳажмини, шартномавий мажбуриятлар бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлигини, низоларни ҳал этиш тартибини, тарафларнинг реквизитларини, шартнома тузилган сана ва жойни, шунингдек, бундай турдаги шартномалар учун қонун ҳужжатларида белгиланган ёки тарафлардан бирининг аризасига кўра келишувга эришиш лозим бўлган бошқа муҳим шартлар назарда тутилади.

Шартномада меценатлик кўмагидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилиш механизмлари ҳам белгиланиши мумкин. Қолаверса, меценатлик фаолияти хусусидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида фақат меценатнинг розилиги билан тарқатилади. Яъни кимгадир беғараз ҳомийлик қилган субъект ўз исмини ошкор қилишни истамаса, унинг фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка маълум қилинмайди. Лекин бу ҳолат кўмак олувчининг берилган ёрдамдан мақсадли фойдаланаётганидан жамоатчиликни хабардор қилиб боришига тўсқинлик қилмайди.

Хуллас, “Меценатлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни мамлакатимиздаги ижтимоий-маънавий, маданий-маърифий ислоҳотларни янада жадаллаштиришга, илм-маърифат ва маданият соҳаларига беғараз ҳомийлик қилувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлашга, бу орқали келажак авлодни баркамол шахслар сифатида тарбиялаш, шунингдек, жамиятда инсоннинг яшаш муҳитини яхшилаш ҳамда ижодий фаолияти ривожини таъминлашга хизмат қилади.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ
(“Халқ сўзи”) ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?