“Мен учун меҳмонхонадан кўра хонадонда яшаш қизиқ эди...”

09:34 05 Июль 2019 Welcome to uzbekistan
738 0

Фейсбук ижтимоий тармоғида фаолман. Тармоқдошларим сафи кенг бўлишига қарамай, имкон қадар барчаларининг постларини – фикр-мулоҳазаларини кузатиб бораман. Тармоқда хорижлик суҳбатдошларим ҳам йўқ эмас. Уларни-да, айниқса, юртимизда меҳмон бўлган дўстларимнинг жойлаган янгиликларини қизиқиш билан ўқиб бораман. Ана шундай дўстларимиздан бири, юртимизда азиз меҳмон бўлган америкалик Кристина Смартнинг хотираларига қулоқ тутдик.

– Смарт хоним, Ўзбекистонга уммон ортидан келганингизни ўзи алоҳида эътирофга лойиқ. Биз бундан жуда ҳам хурсандмиз. Ижтимоий тармоқлар орқали биламизки, сиз дунёнинг кўплаб мамлакатларига ташриф буюргансиз. Ўзбекистондан қандай таассуротларга эга бўлдингиз? Унинг бошқа юртлардан қандай ўзига хос жиҳатлари эътиборингизни тортди?

– Ўзбекистонда кечган ҳар бир кунимни соғинаман. Самимий, кўнгли тоза инсонлар, озода шаҳар, ҳам ишлаш, ҳам яшаш учун хавфсиз юрт менда улкан таассуротлар қолдирган. Бу ерда кўплаб яхши дўстлар орттирдим. Юртимга қайтганимга қарамай ижтимоий тармоқлар орқали бугунгача хабарлашиб турамиз. Мен учун меҳмонхонадан кўра хонадонларда яшаш кўпроқ қизиқ эди.Меҳмондорчилик, айниқса миллий таомларингиз мазаси ҳалигача оғзимдан кетмайди. Ўзбек дўстларим уйида турган кезлари бир неча ўзбекча сўзларни ўргандим! Масалан, “Ассалому алайкум”, “хуш келибсиз”, “катта раҳмат” ва бошқа жумлалар. Шунингдек, Ўзбекистонда кўрган музейлар, тарихий қадамжоларни тез-тез хотирлайман, дўстларимга катта ҳаяжон билан такрор-такрор сўзлаб бераман.

– Ҳар қандай инсон бошқа давлатга борганида у билан албаттабирор бир қизиқ воқеалар юз беради. Сиз билан ҳам шундай воқеалар содир бўлдими?

– Ўзбекистонга келганимда бу ердаги ёшларнинг тил билиш даражаси-да мени ҳайратда қолдирди. Ҳатто бозордаги сотувчи болакай ҳам инглиз тилида бемалол савдолашяпти! Бу албатта мамлакатда хорижий тилларни ўрганишга қаратилган эътиборнинг юксаклигидан деб билдим. Пойтахтда мен билан жуда кўп қизиқарли воқеалар юз берган. Яна бири – метрода. Баъзан поезд бир бекатга келиб, бошқа бекатнинг номи айтилганида адашиб кетар эдим. Аммо ёнимда доим ҳамроҳ бўлган ўзбек ҳамроҳларим, дўстларим менга бу англашилмовчилик бўлганини тушунтириб беришар эди.

Тошкентда яшаган бўлсам-да Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва Нукус шаҳарларига ҳам бориш бахтига муяссар бўлдим. У ерларнинг табиати кўз олдимда муҳрланиб қолди. Айниқса, оқланган дарахтлар... ажойиб... мен илгари ҳеч қаерда дарахтларнинг оқланишини кўрмаганман. Кейин ўзбек дўстларимдан сўраб билдимки, улар турли қурт-қумурсқалардан ҳимоялаш, парваришлар мақсадида шундай қилинарэкан. Қолаверса, шаҳар кўркига кўрк қўшиб тургандай ўзгача кўринди.

– Хорижлик меҳмон ўз юртига қайтар чоғида эсдалик учун нимадир олмай кетмайди...

– Албатта! Америкага қайтар чоғимда ўзимга ва яқинларимга эсдалик учун жуда кўп нарсалар олганман. Уларнинг орасида икки жуфт чойнак-пиёла жамланмаси бор. Ўзбек хонадонларида меҳмонга чой узатишдан аввал унинг уч марта чойнакка қуйиб, сўнг узатилишини кўриб билдимки, миллий қадриятларингизнинг негизида, ҳатто энг оддийсида ҳам бир-бирингизга бўлган ҳурматнинг сўзсиз ифодаси яширинган. Шунданми, чойнак ва пиёла ҳам эътиборимни тортган эди. Бундан ташқари, ёғоч ўймакорлик намуналаридан, турли нақшлар, миниатюра санъати билан безатилган сопол ҳайкалчалар, миллий безак берилган пичоқлар ва адрас чопонлар сотиб олдим.

Келгусида кўпроқ муддатга Ўзбекистонга такрор келишни ният қилдим. Кўриб улгурмаган тарихий қадамжоларни ва бошқа(кутубхоналар, театр, концерт заллари каби) масканларни кўриб, ўрганмоқчиман. Қолаверса, мен китобларда, телеэкранлардагина кўриб юрган Ўзбекистоннинг бошқа гўзал гўшаларини кўриш ниятидаман. Ва ишонаманки, бу галги сафаримда янада улкан ва ёрқин хотираларга эга бўламан.

Юлдуз ЎРМОНОВА суҳбатлашди


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019