Матёқуб Матчонов: “Олтиндек қимматли, Ҳумо қуши сингари сарбаланд...”

07:38 23 Январь 2019 Маданият
1694 0

Суратда: Матёқуб Матчонов.

Куни кеча сайтимиз орқали жорий йилнинг 10 апрель санасида “Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси” ННТ, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Миллий” телеканали ҳамкорлигида кино соҳасида ягона бўлган “Олтин ҳумо” кинотақдимоти ўтказилиши ҳақида хабар бергандик.

Хўш, бу қандай анжуман ўзи? Уни ўтказишдан кўзланган мақсад нима? Келгусида мазкур кинотақдимот кино олами ва олам киноси ичра ўз ўрнини топиб кета оладими ёки салафлари каби йўқликка юз тутадими (закий ўқувчи нима демоқчи эканимизни тушунганига шубҳа йўқ, албатта)? Ана шу саволларга жавоб топиш ва умуман, бугун мамлакатимиз кинематографиясида юз бераётган янгиланишлар хусусида батафсил ахборотга эга бўлиш мақсадида “Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси” ННТ раиси Матёқуб Матчонов билан эксклюзив интервью уюштирдик.

— Матёқуб Саъдуллаевич, суҳбатимизни бугун сиз раҳбарлик қилаётган ва “Олтин ҳумо” кинотақдимотини ўтказиш ташаббуси билан чиққан Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмасидан бошласак. Бу қандай ташкилот ўзи? Фаолият йўналиши АҚШнинг ўша машҳур Киноакадемияси кабими ёки ундан фарқли жиҳатлари борми?

— Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси дастлаб 2004 йили Вазирлар Маҳкамасининг 126-сонли қарори билан бирлашма сифатида ташкил этилган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 августдаги “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3176-сонли қарорига асосан, мазкур бирлашма Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси сифатида қайта ташкил қилинди.

Аммо давр бугун бизнинг олдимизга қўяётган талаблар инобатга олиниб, қолаверса, миллий киноиндустрияни янада тараққий топтириш мақсадида Президентимиз томонидан 2018 йил 24 июлда имзоланган “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, Уюшма “Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси” нодавлат нотижорат ташкилотига айлантирилди.

Ўтган йилнинг 16 октябрь куни Уюшманинг таъсис конференциясини ўтказдик. Унда кўплаб ташкилий масалалар кўрилди. Хусусан, бошқарув кенгаши аъзоларини сайладик, келгуси фаолият йўналишимизни ҳам аниқ белгилаб олдик.

Уюшманинг асосий мақсади, қисқа қилиб айтганда, қуйидагилардан иборат: мамлакатимиз кино соҳасида хизмат қиладиган ижодкорларни уюштириш, уларнинг ижодий манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш. Қолаверса, миллий кинематография йўналишларини белгилаш, янги бадиий жамоалар тузиш, бой анъаналарга таянган ҳолда жаҳон андозалари даражасидаги замонавий миллий кино санъати мактабларини яратиш, ўзбек киноарбоблари, етук кино мутахассислари тажрибасини оммалаштириш ҳам ташкилотимизнинг устувор вазифалари сирасидандир.

Энди АҚШ Киноакадемияси билан таққослаш масаласига келсак, қайсидир маънода фаолият йўналиши ва кўлами деярли ўхшаш. Бироқ биз айни пайтда катта йўлнинг бошида турибмиз. Шу жиҳатдан қараганда, АҚШ Киноакадемияси даражасига чиқиш учун ҳали кўп ишлашимиз керак. “Олтин ҳумо” миллий кинотақдимотини ўтказишга бел боғлаганимиз ва келгусида унинг анъанавийлигини таъминлашга қарор қилганимизнинг сабабларидан бири ҳам шу.

— Бошқа сабаблар ҳам борми?

— Албатта. Масалан, энг асосийси, бундай кўламдаги тақдимотнинг шу пайтгача йўқлиги. Тўғри, аллақандай фестиваллар ёки тақдирлаш маросимлари ўтказилган, бироқ улар ҳеч қачон бу каби кенг миқёс касб этмаган. Эътибор беринг, биз 16 та номинация ва битта махсус мукофот эълон қилдик. Ўзбек кинематографияси тарихида ҳали бунақаси бўлган эмас.

Иккинчи томондан, гарчи кино санъати намояндаларининг байрами сифатида ўтказилиши кўзда тутилган бўлса-да, алалоқибат, мазкур кинотақдимот халқимиз учун аталган. Уларга ажойиб шоу тақдим этиш баробарида, ўзбек киноиндустриясида маълум бир муддат давомида нима ишлар қилинди-ю, қандай ютуқларга эришилди, шу ҳақда қисқача маълумот ҳам бериб ўтамиз.

Фото: "Олтин ҳумо" миллий кинотақдимоти статуэткаси.

— Кинотақдимотнинг номи нега айнан “Олтин ҳумо”?

— Маълумки, азалдан бебаҳо нарсаларнинг қиймати олтинга тенглаштирилган. Қолаверса, умримизнинг энг ширин, қайтмас даврларини ҳам олтинга қиёслаймиз. Қилинган меҳнатлар ҳам олтинга менгзалади. Ҳумо эса қадимги асотирлару афсоналарга кўра, омад, бахт, саодат, фаровонлик, барака тимсоли саналади. Унга ҳеч ким етишмаган, уни бир бор кўриш эса ҳаммага ҳам насиб қилавермаган. Мана шу қарашлардан келиб чиқиб, тақдимотимизнинг нуфузию қадри келгусида олтиндек қимматли, Ҳумо қуши сингари сарбаланд бўлаверсин, деган яхши ниятда айнан шу номни танладик.

— Лекин тақдимотнинг нуфузини фақат унинг номигина белгиламайди, шундай эмасми? Биринчи навбатда, шаффофлик, одиллик, ҳалоллик ва холислик сингари тамойилларга қай даражада амал қилинганига аҳамият қаратилади.

— Ҳеч шубҳасиз. Биз ҳам миллий кинотақдимотни ўтказишда айнан шу тамойилларга қатъий риоя этишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Келинг, бу ҳақда тўлиқроқ тасаввур ҳосил бўлиши учун кинофильмни қабул қилиб олишдан тортиб, ғолибга мукофотини топширишгача бўлган жараён хусусида қисқача тўхталиб ўтсам.

Биз 21 январдан эътиборан 2017 йилнинг 1 январидан 2018 йилнинг 31 декабрига қадар премьераси бўлиб ўтган, давлат ва нодавлат студияларида суратга олинган тўлиқ метражли бадиий, ҳужжатли, анимацион фильмларни қабул қилиш жараёнини бошладик. Мазкур киноасарлар тегишли киностудиянинг расмий хати асосида олинмоқда.

Ана ундан кейин Уюшма Бошқаруви аъзолари ҳамда кино санъати мутахассисларидан иборат саралаш комиссияси ҳар бир номинация бўйича учтадан бештагача номзодни телевидение орқали смс хабарлар юбориш ва ижтимоий тармоқларда овоз тўплаши учун саралайди. Овоз бериш жараёни 15 мартдан 5 апрелга қадар бўлиб ўтади. Якунда ҳар бир номинация бўйича “энг яхши”лар ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланади.

Бунда асосий эътибор нимага қаратиляпти? Ҳакамлар ҳайъати 5 нафар мутахассисдан иборат бўлади ва уларнинг барчаси якдиллик билан бирон фильмни танласа, бу умумий овозларнинг 70 фоизини ташкил қилади. Қолган 30 фоиз овоз смслар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги овозларга тегишли бўлади. Мабодо ҳакамлар ҳайъати таркибида қайсидир номинацияда бўлиниш юзага келиб, ғолибни аниқлашнинг имкони бўлмаса, ана шу 30 фоиз овоз тегишли номинацияда кўпроқ кимни ғолиб, деб санашига қаралади. Шунда ҳам ғолиб аниқланмаса-ю, ўртада баҳсли вазият юзага келса, ҳал қилувчи сўзни Ҳайъат раиси айтади.

— Битта фильм нечта номинацияда қатнашиши мумкин?

— Кечаги кун тенденциялари билан ўлчаганда, саволингиз ниҳоятда ўринли. Бироқ, биласизми, биз эски стереотиплардан воз кечган ҳолда иш олиб бормоқчимиз. Тўғри, бир пайтлар энг яхши фильмни кимдир, энг яхши сценарийни яна кимдир, энг яхши эркак роли ёки аёл ролини яна бир бошқа фильмга бериш, оддий айтганда, ҳеч кимни норизо қилмаслик устун эди. Лекин “Олтин ҳумо” миллий кинотақдимотида бундай қилмоқчи эмасмиз. Фильм чиндан ҳам зўрми, ҳамма номинация бўйича ғолиб бўла олиши мумкинми, марҳамат, барча номинацияда “Олтин ҳумо”ни олсин. Ҳеч қандай чеклаш, кимнингдир кўнглига қараш, деган гаплар йўқ. Зўр ижод қилсин, халқни ҳам, ҳакамлар ҳайъатини ҳам қойил қолдирсин ва меҳнатига яраша рағбат кўрсин.

— 16 та номинация кўп эмасми?

— Очиғи, аслида бу ҳам кам. Масалан, АҚШ Киноакадемиясининг анъанавий “Оскар” мукофоти 24 та номинация бўйича берилади. Тўғри, биз ҳали у даражага чиқмадик, аммо келгусида бу борада ҳам жаҳоннинг ривожланган давлатлари билан тенглаша олишимизга ишонаман.

Кино — синтезлаштирилган санъат тури. Битта фильмнинг “дунёга келиши” учун қанчадан-қанча касб соҳиблари банд бўлишади. Аммо шу пайтгача қандай фестиваль ёки танлов ўтказилмасин, аксарият меҳнат қилганлар четда қолиб, асосий эътибор сценарий муаллифи, режиссёр ва актёрларга — гоҳи-гоҳида операторларга ҳам — қаратилди. Мен буларнинг меҳнатини камситмоқчи эмасман. Бироқ бу тутумнинг салбий оқибати ҳақида гапирмаслик ҳам мумкин эмас. Мана шундай йўл тутилиши боис бугун шундай вазият юзага келдики, ҳатто кино таҳлилларида ҳам айрим мутахассислар фақат юқорида санаб ўтилган касб эгаларининг меҳнатига асосланиб фильмга баҳо берадиган бўлдилар. Бинобарин, гримни аъло даражада тайёрлаб, қаҳрамоннинг характерини очишга ҳисса қўшган гримчи, костюмни дид, билим ва маҳорат билан тикиб, актёрнинг бир ҳуснига ўн ҳусн қўшган либосчи, ақл билан фойдаланилган ва ўрнига тушган мусиқа, ўз ўрнида қўлланилган графика иши, рассомнинг меҳнати, монтажчининг чеккан заҳматлари бир чеккада қолиб кетаверди. Пировардида бу касб эгаларида стимул, яъни кинодаги меҳнати қадр топишига ишонч сўнди, уларда ижодий изланишдан кўра, тезроқ ишни бажариш ва келишилган маблағни олишга қизиқиш кучайди.

Бизнинг номинациялар сонини кўпайтирганимиз ва имкон қадар бошқа касб эгалари меҳнатини қадрлашга интилишимиз сабаби ҳам шу. Ишонамизки, бу келгусида ҳар битта гримёр, ҳар битта либос устаси, бастакор, монтажчи ва ҳоказо касблар эгаларида кучли мотивация уйғотиб, уларнинг ўз ишига бошқача муносабатда бўлишига хизмат қилади.

— Кинотақдимот қаерда бўлиб ўтади?

— Жорий йилнинг 10 апрелида “Туркистон” саройида. 14 апрель куни “Миллий” телеканали орқали намойиш қилинади.

— Демак, телеэкран орқали тўғридан-тўғри намойиши бўлмайди?

— Ҳозирча шунга қарор қилганмиз. Балки келгусида тўғридан-тўғри намойиш қилишни ҳам йўлга қўярмиз. Режамизда бор. Аммо бу йил бунга тайёр эмасмиз.

— Тақдимот маросимини тайёрлаш ва ўтказиш билан кимлар шуғулланяпти?

— Ҳамма. Мендан тортиб, кенгашимиз аъзолари-ю, ёш режиссёрларимизгача. Уларнинг орасида Жаҳонгир Аҳмедов, Жўрабек Рўзметов, Сарвар Каримов, Умид Ҳамдамовни алоҳида санаб ўтмасам бўлмайди. Чунки бу ёшлар ўзбек кинематографиясининг келажаги сифатида ўзларини кўрсатиб бўлишган.

— Охирги савол: нега айнан 10 апрель санаси танланди? Бунинг бирон сабаби борми?!

— Айнан бирон сабаби бўлиши шартми? Шунчаки баҳорнинг энг яхши кунлари, ерлар исиб, қорлар эриган, теварак-атрофни ҳақиқий уйғониш палласи тутган давр.

Дарвоқе, мазкур анжуман келгусида ҳам айнан шу санада ўтказилади. 10 апрель “Олтин ҳумо” миллий кинотақдимотининг чинакам туғилган куни бўлиб қолади.

Ҳасан Тошхўжаев суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019