Матбуот нашрлари ўқувчига вақтида ва арзон — қишлоқ кишисининг оилавий бюджети кўтаргудай нархда етиб бормайди​

11:49 14 Март 2020 Маданият
373 0

Иллюстратив фото


Навоий вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Республика Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Навоий давлат Педагогика институти, Навоий вилоят “Алишер Навоий нодир меросини Тарғибот маркази” жамоат бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Китобхонлик маданиятини юксалтириш: муаммо ва вазифалар” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Унда мавзуга доир долзарб  масалалар юзасидан мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган олий таълим муассасалари, жамоат бирлашмалари олимлари ўз фикрларини билдириб ўтди.

НурбойЖАББОРОВ, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори:

—  Оилавий китобхонликни анъанага айлантириш – замон талаби. Бола ўрнакни, намунани, аввало, оиладан олиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Ҳазрат Алишер Навоий болаликданоқ “Мантиқ ут-тайр”ни наинки ўқигани, қалбига муҳрлаб олганини, кичик ёшидаёқ бир неча минг байт шеърни ёд билганини эсланг. Ёхуд Заҳириддин Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо ҳақидаги мана бу хотираларига эътибор қаратинг: “Равон саводи бор эди. “Хамсатайн” ва маснавий китобларини ва таърихларни ўқуб эди. Аксар “Шоҳнома” ўқур эди. Табъи назми бор эди”. Улуғ аждодларимиз ана шундай оилавий муҳит туфайли шу даражадаги буюк мутафаккирлар бўлиб етишганини ёш авлод онгига муттасил сингдирмоқ зарур. Улар ҳаётига доир китоблар мутолаасини тизимли йўлга қўйиш бунда яхши самара бериши айни ҳақиқатдир.

Дилмурод ҚУРОНОВ, АДУ профессори:

- Қатъий ишонч билан таъкидлаш мумкинки, умумий ўрта таълимда адабиёт ўқитиш ўқувчига адабиёт ҳақидаги билим бериш мақсадига қаратилгани тўғри эмас, чунки мактаб адабиётшунос тайёрламайди. Умумий ўрта таълимда адабиёт ўқитишдан кўзлашимиз лозим бўлган пировард натижани лўнда қилиб қуйидагича ифодаланса, бизнингча, тўғри ва мақсадга мувофиқ бўлади: ўқувчи таълим муассасасини адабий асарни ўқиш, уқиш, ҳис қилиш, ундан завқлана билиш малакаларини эгаллаган, бадиий адабиёт ўқишни ўзи учун зарурат мақомидаги табиий эҳтиёжга айлантирган ҳолда тарк этсин. Айни шу пировард мақсаддан келиб чиққан ҳолда адабий таълимни ислоҳ қилиш бугуннинг долзарб, муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифасидир. Негаки, бу – юртимизда китобхонлик маданиятини юксалтиришнинг фундаментал шарти.

Ҳозирда чоп этилган китоблар, матбуот нашрлари ўқувчига вақтида ва арзон – қишлоқ кишисининг оилавий бюджети кўтаргудай нархда етиб бормайди. Қизиғи шундаки, нархнинг баландлиги китоб маҳсулотининг тарқалиш кўлами торлиги ва бунинг оқибатида тираж камлиги туфайли таннархнинг кўтарилиши билан изоҳланади; иккинчи томондан, тиражнинг камлиги нархнинг қимматлашувига олиб келади. Шу сабаб бўлса керак, айни масалада сўз очилиб қолгудек бўлса, ўта чигаллиги туфайли масалани ҳал қилиш мумкинлигига шубҳа билдирувчилар кўпроқ топилади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Масалан, ҳозирда муаллифлар ўз ҳисобидан 500 та, нари борса 1000 та тиражда чоп эттираётган китоб республика аҳолисига сочилса, мос равишда тақрибан 50 минг, 25 минг ўқийдиган одамга бир донадан тўғри келади. Бунинг денгизга томчидек эканлиги турган гап, бу билан на китобхонлик, на ноширлик-матбаа ишлари, на ижодий соҳаларнинг ривожланиши имконсиз эканлиги ҳам тайин. Ҳолбуки, давлат миқёсида иш бошланса, масалани тез ҳал қилиб, китоб маҳсулотининг мамлакат ҳудудида бир текис, ҳозиргидан бир неча баробар катта ҳажм ва арзон нархда тарқалишига эришиш мумкин. Ғоят умумий бир тарзда хомчўт қилиб кўрайлик: республика ҳудудида тахминан 10 000 та мактаб бор деб олсак, шу мактабларнинг ҳар бири ёнида китоб дўкони бўлсаю бу дўконларнинг ҳар бирига чоп этилган маҳсулот марказлашган тарзда камида 1 донадан етказилса, тираж 10 000 дан кам бўлмайди. Бу эса ҳозирда таннархи қарийб 15000 сўмга бораётган юмшоқ муқовадаги 120 бет ҳажмли 500 дона тиражда чоп этилган китоб таннархини тақрибан 5000 сўмларга келтириш мумкин деганидир. Хўп, шу китобни қўшимча харажатларни ҳисобга олган ҳолда 6-7 минг сўмларга пештахтага қўйилса, бутун бошли мактаб бор ҳудудда уни сотиб оладиган ҳеч бўлмаса битта одам топилса керак.

Тағин бир муҳим иш: китоб маҳсулотига “баҳоси келишилган нархда” деган ёзувни қайд этиш амалиёти бекор қилиниши, керак бўлса, тақиқланиши зарурдир. Токи китоб муқовасининг орқа томонига босмахонадаёқ нархи ёзилсин-да, бу нарх республиканинг барча ҳудудларида бирдек амал қилсин. Табиийки, бу нарх ичига китобнинг дўкон пештахтасига етиб боришигача бўлган барча харажатлар кириши лозим. Шундай қилинса, нарх-навони назорат қилиш имкони пайдо бўлади, китоб савдосидаги анархияга барҳам берилади. Зеро, китоб савдоси бизнеснинг бошқа соҳаларидан фарқланиши, соҳага у ёки бу даражада боғланганки одам ўзини аввало зиё тарқатувчи деб билмоғи керак.

Мафтуна ХОЛОВА, Самарқанд давлат чет тиллар институти доценти.

- Америкалик тадбиркор Эдем Боард кам сармоя тикиб катта даромад олиш мумкин бўлган соҳа бола учун сарфланадиган сармоядир, дейди ва ушбу фикрини қуйидагича изоҳлайди: болани қиммат мактабда ўқитиш шарт эмас, унга қимматбаҳо кийим-кечаклар ҳам харид қилманг, уни қиммат егулик билан сийламанг, балки ундан қимматбаҳо эътиборингизни аяманг. Ҳар томонлама тўғри тарбияланган, ҳамиша эътиборда бўлган фарзанд келгусида сиз кутгандан-да зиёда эътибор ва эҳтиром кўрсатади. Дарҳақиқат, биз бу олимнинг тарбия ҳақидаги, фарзандга эътибор борасидаги қарашларини шарқона тарбия усулида ҳам бемалол тарғиб этишимиз мумкин. Чунки фарзандларимиз – келажагимиз бунёдкорлари. Уларга қанчалик эътибор бериб камолга етказсак, келгусида унинг мустаҳкам самарасини қўришимиз мумкин бўлади.

Биз ахборот асрида яшамоқдамиз. Хоҳлаймизми йўқми, фарзандларимизни бу ахборотлашган жамиятда камолга етказаётган эканмиз, аввало уларнинг онгига, шуурига оқни оқлигини, қорани қора эканлигини сингдирмоғимиз лозим. Бундай ҳолатда бизга, албатта, бебаҳо хазина – китоб ёрдам бера олади. Шу сабабли биз ёшларни китоб мутолаа қилишга ўргатмоғимиз, китоб билан сирлашишни онгида шакллантирмоғимиз лозим.
 

Темур ЭШБОЕВ (“Халқ сўзи”) ёзиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019