Марғилон шаҳрида халқаро фольклор фестивали бошланди (фотожамланма)

11:39 11 Июль 2019 Маданият
1092 0

Фото: Хурсандбек Араббоев | «Халқ сўзи»

Ҳозир айни дақиқаларда Марғилон шаҳрида бўлаётган тайёргарликлар жараёни билан танишиш мақсадида Эркин Воҳидов номидаги Ижодкорлар боғидамиз. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Фестиваль дастури асосида Хитой Халқ Республикаси давлат телевидениеси ижодий гуруҳи махсус видеофильм яратиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Айни кунларда аккредитациядан ўтган чет эл журналистларининг барчаси фестиваль ташкилий қўмитаси ҳузуридаги матбуот маркази билан биргаликда ёритиш масалаларини муҳокама қилмоқда.

Бугун Марғилон шаҳри “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивалига мезбон. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур фестивалда 20 дан ортиқ хорижий давлатлардан санъат усталари ташриф буюрди. Фестиваль доирасида илк бор Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан волонтёрлик хизмати ташкил этилиб, унга бир неча хорижий тилларни пухта ўзлаштирган, мамлакат, шаҳар тарихи ҳақидаги батафсил маълумотларга эга ёшлар жамоаси шакллантирилди.

Эрта тонгданоқ фестивал аввалида янги Марғилон шаҳридан Туркистон кўчаси,Бурҳониддин Марғилоний мажмуаси бўйлаб рамзий туялар карвони Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғига йўл олди. Карвон ва ундаги фуқаролар, савдо маҳсулотлари, барчаси қадим Марғилон муҳитини эслатади.

Фестивалда намойиш этиладиган бадиий кўринишларда дўппидўз, ковушдўз, маҳсидўз ва бошқа ҳунармандлар номидан наволар янграйди. Қолаверса, Марғилоннинг азиз фарзандлари Юсуфжон қизиқ, Тамарахоним, Маъмуржон Узоқов каби устозларнинг сиймолари гавдалантирилади.

Фестиваль доирасида илмий-ижодий конференция, семинарлар, давра суҳбатлари, сайиллар, концертлар, кўргазмалар уюштирилади, турли ҳаваскор фольклор жамоалари, ашула, мусиқа ва рақс ансамбллари, яккахон ижрочилар чиқишлари намойиш этилади.

Ушбу фестивалга Эрон, Ҳиндистон, Франция, Россия, Жанубий Корея, Япония, Монголия, Туркия каби хорижий давлатлардан фольклор жамоаларининг иштирок этишлари фестиваль нуфузи юқори даражада ўтишидан далолатдир. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 14 та фольклор жамоаси иштирок этади: Қорақалпоғистоннинг “Сувсепар”, Андижон вилоятининг “Ёр-Ёр”, Бухоро вилоятининг “Жондор” ва “Саҳро саболари”, Жиззах вилоятининг “Боғдон гуллари”, Навоий вилоятининг “Кармана”, Наманган вилоятининг “Гулдиор”, Самарқанд вилоятининг Чавки” ва “Бешқарсак”, Сирдарё вилоятининг “Деҳқон болалари”, Сурхондарё вилоятининг “Бойсун”, Тошкент вилоятининг “Наврўз”, Хоразм вилоятининг “Жўралар” ва “Сара паёон”, Фарғона вилоятининг “Кабутар” ва “Чодир жамол”, Қашқадарё вилоятининг “Воҳа”Тошкент шаҳрининг “Дурдона” каби энг намунали фольклор жамоаларининг 200 нафардан ортиқ аъзоси ўз ҳудудларига хос либослар ва қадимий куй-қўшиқлар асосида тайёрланган махсус дастурлари билан қатнашади.

Бугун Марғилон ажиб бир гўзаллик масканига айланди. Боғ марказида қад ростлаётган муҳташам саҳнада ҳайратлар кўз очади. Ажиб масканда бунёд этилган ўзбек миллий чолғу асбобларининг улкан тимсолларига гўё жон бахш этилиб, улардан таралаётган куй-наволар Марғилон узра янграйди, халқнинг дарду қувончларини мужассам этган асрий фолклор санъатидаги сеҳр ва жозиба жаҳонни лол этади.

Фестиваль муносабати билан Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғида штаб ташкил этилиб, доимий фаолият кўрсатмоқда. Анжуман олдидан 36 та ҳунармандлар уйини қуриш бўйича ер майдонлари E-AUKSION савдосига қўйилди. 2 та карвонсаройни қуриш бўйича ташаббускорларга ер ажратилди ва уларга банк сармоясини бериш борасида амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ҳунармандлар маркази қурилиши юзасидан зарурий ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳунармандлар бозори ва бошқа ишлаб чиқариш объектларини қуриш учун жойлар ажратилди. “Adras House” меҳмонхонасида 300 миллион сўмлик капитал таъмирлаш ишлари якунланди. “Adras Hotel”, “Ikat House” меҳмонхоналарида эса жорий таъмирлаш ишлари якунига етказилди.

Марғилонда ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши режалаштирилган мазкур фестиваль санъатга ошуфта дилларни бирлаштиради. 80 га яқин давлатлардан хорижий сайёҳлар келиши кутилаётган анжуман том маънода Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини юксалтириш, муқаддас қадамжоларни янада обод қилиш ва миллий санъатимизнинг қудратини дунёга тараннум этишда муҳим аҳамиятга эгалиги билан ажралиб туради.

Сайтимизни кузатиб боринг фестивал доирасидаги муҳим хабарларни сизлар билан ўртоқлашиб борамиз.

Элёржон ЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019