Мақсад битта — ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш

02:01 15 Май 2020 Сиёсат
292 0

Халқимизда “Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Бу бежиз айтилмаган, албатта. Зеро, бугунги оғир дамларда серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бўла туриб ундан самарали фойдаланмасдан аҳоли рўзғорининг бутлигига эришиш мушкул.

Буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз ҳам “олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир”, деб миришкор деҳқонлар хизматига жуда катта баҳо берганлар. Сабаби қишлоқ хўжалиги қўшимча имкониятларга бой соҳа. Бозорларимиз файзу баракаси, ҳаётимиз фаровонлиги кўп жиҳатдан унга боғлиқ.

Шу боис айни дамда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажмларини кўпайтириш орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, туманларни мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш, маҳсулот етиштирувчиларни мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперацияларга бирлаштириш бўйича муҳим ва тезкор чоралар кўрилаётир.

Тажрибали фермерларимиз, фидойи дала меҳнаткашлари ҳам қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни чуқур ҳис этган ҳолда мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини оширишга астойдил бел боғлаган.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ўз вақтида қабул қилингани билан катта аҳамиятга эга. Негаки, мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020−2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида республика ҳудудларини босқичма-босқич қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг муайян турларини етиштиришга ихтисослаштирилади.

Бунда асосан қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш ҳамда илм-фан янгиликларини кенг жорий этиш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадлари кўзланган. Дастлабки босқичда республика бўйича 55 та туман мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган.

Эндиликда бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида эксперимент тариқасида 2020-2022 йиллар давомида Жиззах вилоятининг жами 116,3 минг гектар қўшимча ер майдонларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (боғдорчилик ва узумчилик, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва доривор ўсимликлар) етиштиришга ихтисослаштирилади. Зеро, қарорда ушбу ер майдонларида агрокластерларни ташкил этувчи салоҳиятли ташаббускорлар, фермер хўжаликлари ва бошқа субъектларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун танлов асосида ажратилиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Жиззах вилоятининг Зомин, Мирзачўл ҳамда Пахтакор туманларида уларнинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда, транспорт ва инфратузилма объектлари ҳолати ва туташ туманларнинг маҳсулот етиштириш ҳажмларини инобатга олиб, йирик агрологистик марказлар ташкил этилиши назарда тутилган.

Яна бир муҳим янгилик – 2021 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ҳамда уларнинг бутловчи қисмлари божхона божидан озод этилади.

Шуни қайд этиш жоизки, қишлоқ хўжалигини сувсиз тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, республикамиз аграр тармоғида обиҳаётнинг қадри жуда баланд. Мазкур ҳужжат билан эса Жиззах вилоятининг айрим ҳудудларида артезиан қудуқ қазиш ва ер ости сувларидан фойдаланиш мақсадида Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 6 миллиард сўм маблағлари эвазига 6 дона бурғилаш машинаси харид қилиниб, Жиззах вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига беғараз ажратилади.

Давлатимиз раҳбари қарорида, шунингдек, ихтисослаштирилган ҳудудларда ташкил этиладиган ҳар бир агрокластерга халқаро стандартларга (Global GAP, Organic, ISO 22000 ва бошқалар) мувофиқ хавфсизликни бошқариш тизимларини жорий этиш белгиланди. Мақсад битта — ҳудудларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш орқали ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

OʻzLiDeP фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?