Мамлакат пойтахти бошқа шаҳарга кўчирилади

17:31 26 Август 2019 Дунё
405 0

Индонезия пойтахти Жакарта шаҳридан Калимантан оролининг жануби-шарқий қисмига кўчирилади. Бу ҳақда ушбу давлат президенти Жоко Видодо маълум қилди, деб хабар берди ТАСС.

Мазкур мақсадни амалга ошириш учун 32 млрд. доллар ажратилади. Асосий ишлар 2021 йилдан бошланади.

Мамлакат режалаштириш ва миллий ривожланиш вазири Бамбанг Брожонегоронинг қайд этишича, ҳукумат тузилмаларини 2024 йилгача янги пойтахтга кўчириб ўтказиш режалаштирилмоқда.

Калимантан сейсмик жиҳатдан хавфсиз ҳудудда жойлашган. Бу 18 минг оролдан ташкил топган дунёдаги энг йирик Индонезия архипелаги учун ўта долзарбдир.

Ҳозирги пойтахт шаҳар инфратузилмаси суст ривожланганлиги туфайли жиддий муаммоларни бошдан кечирмоқда.

Uber компанияси тадқиқотларига кўра, Жакартадаги ҳайдовчилар йилнинг 22 кунини “пробкалар”да ўтказар экан. Бу Осиёдаги энг катта “кўрсаткич”дир. Қолаверса, Inrix компанияси ҳисоботида ушбу шаҳар дунёдаги энг тиғиз мегаполислар рейтингида 12-ўринни эгаллаган.

Bloomberg эса Жакарта деярли чўкиб кетаётгани, сабаби унинг бешдан икки қисми денгиз сатҳидан пастда жойлашганини қўшимча қилган. Кўп сонли тирбандликлар туфайли бир йилда меҳнат унумдорлигига қарийб 7 млрд. доллар зарар етказиляпти.

Видодо пойтахтнинг кўчирилиши архипелагда даромадлар нотенглигини бартараф этишга кўмак беради деб ўйлайди. Ява ороли аҳолиси Индонезия аҳолисининг 60 фоизини ташкил этади ва мамлакат ЯИМнинг 58 фоизга яқинини таъминлайди.

Калимант аҳолиси эса умумий нуфуснинг 5,8 фоизини ташкил этади ва ялпи ички маҳсулотнинг 8,2 фоизини етказиб беради. оролда замонавий аэропортлар ва яхши йўллар, тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имконият мавжуд. Расмийлар замонавий, ақлли ва яшил шаҳар қуришмоқчи. У юз йиллар давомида мамлакатга пойтахт сифатида хизмат қилади.

Жакартага келадиган бўлсак, у яшаш ва ривожланишда давом этади. Унинг аҳолиси 2030 йилга келиб 35,6 млн. кишига етиши кутиляпти. Натижада у дунёнинг энг тиғиз аҳолига эга шаҳрига айланиши мумкин. Шаҳар мамлакатнинг асосий савдо маркази бўлади. Сув масаласи ҳақида гап кетганда, расмийлар катта тўлқинлар йўлини тўсиш учун баҳайбат девор қуришмоқчи.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019