“Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Саховат ва кўмак” жамғармаси хайрия маблағларини талон-торож қилган шахсларга жиноят иши қўзғатилди

16:14 18 Май 2020 Жамият
621 0

Жорий йил бошидан буён аҳолининг камбағаллик қатламини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида Тошкент вилоятида бир қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Жумладан, “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан ҳудуддаги минглаб кўмакка муҳтож оилаларга беғараз ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, Сардобадаги сув тошқини туфайли жабр кўрганларга моддий ва маънавий кўмак берилди. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, муҳтож кишилар эҳтиёжи учун сарфланиши лозим бўлган ана шундай хайрия маблағларига кўз тикувчи кимсаларнинг борлиги афсусланарлидир.
Гап шундаки, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Саховат ва кўмак” жамғармаси хайрия маблағларини талон-торож қилган шахсларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.

Оққўрғон тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари М.А. ва туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобчиси Б.Н.лар олдиндан тил бириктириб, тумандаги эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ҳамда 2020 йилда “Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 млн. сўм пулларни ўзлаштиришган.

Шу билан бирга, 2020 йилда “Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган маблағлардан 44 млн. сўмни мақсадсиз сарфлаб, растрата йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йил 16 майда Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шодиёр МУТАХАРОВ,

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?