Крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солиш бўйича қонунчиликка қўшимчалар киритилди

04:06 23 Май 2020 Сиёсат
83 0

Бугунги кунда замонавий технологиялар ҳаётимизнинг барча жабҳаларига жадал кириб келмоқда. Хусусан, молиявий хизматлар соҳасида ушбу жараён айниқса яққол кўзга ташланяпти. Онлайн тўловлар, электрон пуллар, мобил тўлов тизимлари билан бир қаторда крипто-активлар соҳаси ҳам кенгайиб бормоқда.

Таъкидлаш жоиз, крипто-активлар замонавий технологияларга асосланган тўлов ва ҳисоб-китоб тизими ҳисобланади. Бунда маблағлар банклар ёки бошқа турдаги воситачи ташкилотлар иштирокисиз бир фойдаланувчидан иккинчи фойдаланувчига тўғридан-тўғри ўтказилиши мумкин. Крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш ва сақлаш, крипто-активларни яратиш билан боғлиқ жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, маълумотларнинг марказлашмаган тартибда блокчейн тизимида сақланиши уларнинг ишончлилик даражасини ҳимоялайди.

Мамлакатимизда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият Президентимизнинг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари билан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниб келинмоқда.

Мазкур қарорларга асосан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги белгиланган.

Жорий қонунчиликка кўра, барча турдаги пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича талабларни бажаришлари лозимлиги белгилаб берилган. Бироқ, айни вақтда мазкур ташкилотлар рўйхатига крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятини амалга оширувчи шахслар киритилмаган.

Қонунчилик палатасининг 2020 йил 19 май куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар томонидан “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.

Қонунга пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар қаторига крипто-актив айланмаси соҳасида фаолиятини амалга оширувчи шахсларни ҳам киритишга оид норма киритилди.

Таъкидлаш лозимки, крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солиш турли давлатларда турлича амалга оширилмоқда. Кўпчилик илғор давлатларда крипто-активлар молиявий активлар сифатида тан олиниб, фуқаролик муносабатларида кенг қўлланилишига рухсат берилган.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши келгусида мамлакатимизда крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни амалга оширувчи шахсларга нисбатан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бажариш мажбуриятини юклаш имконини беради.

Шунингдек, крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни амалга оширувчи шахслар учун ички назорат қоидаларини қабул қилиш ва тасдиқлашга ҳуқуқий асос яратади ҳамда терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасидаги халқаро ҳужжатларнинг талабларини тўлиқ бажаришга замин яратади.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?