Коронавирус: ундан сақланиш чоралари нимада?

09:44 23 Май 2020 Жамият
37 0

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳозирги кунда Хитойда аҳоли ўртасида “Коронавирус” туркумига кирувчи вирус юқиши натижасида келиб чиққан зотилжам (пневмония) касаллиги пайдо бўлгани ва тарқалаётгани эълон қилинмоқда.

Хўш, бу аслида қандай вирус?

Коронавируслар – вируслар оиласига мансуб “Атипик зотилжам” (SARS) касаллигини чақирувчисига ўхшаб кетувчи вирус бўлиб, беморларда оддий шамоллашдан то ўткир оғир респиратор синдром (ТОРС) деб номланувчи оғир кечувчи касалликни келтириб чиқаради. “Атипик зотилжам” касаллиги ҳам 2002 йилда Хитойда келиб чиққан бўлиб, 37 давлатга тарқалган ва 8 мингдан ортиқ киши касалланган эди.

Янги коронавируснинг хусусиятлари ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб лабораторияларида ўрганилмоқда. Олимларнинг изланишлари натижасида касаллик қўзғатувчиси топилган бўлиб, ушбу вирусга “2019-nCoV” номи берилди.

Ушбу вирус ташқи муҳит таъсирига ва зарарсизлантирувчи воситаларга нисбатан чидамли. Ҳозирча ушбу касалликни даволаш учун махсус дори воситалари йўқлиги сабабли, бошқа вирусларга қарши қўлланиладиган воситалардан фойдаланилмоқда.

Беморларда умумий ҳолсизлик, тумов, йўтал, бош оғриши, томоқда оғриқ, тана ҳароратининг ортиши, бронхит, зотилжам кузатилмоқда. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, коронавирус келтириб чиқарган касалликнинг грипп касаллигидан фарқи шундаки, ушбу касаллик асоратлар билан ўтиши ва ўлим билан тугаши эҳтимоли юқори, чунки ҳозирги кунда ушбу вирусга қарши одамларда ҳимоя қобилияти (иммунитети) ривожланмаган ва бу ҳолат дунё халқлари ўртасида пандемияга олиб келиши мумкин.

2020 йил 27 январь ҳолатига келиб, беморлар сони дунё бўйича 2744 тага етган ва шундан 80 таси ўлим билан якун топган. Шу сабабли касаллик тарқалаётган ҳудуд – Ухан шаҳрида карантин ҳолати жорий этилган. Касалликнинг Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Гонконг, Тайван, Макао, Филлипин, Австралия давлатларида хам рўйхатга олинаётганлиги айтилмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан 22 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ўтказилган фавқулодда йиғилишда мутахассислар халқаро фавқулодда ҳолат эълон қилишдан олдин авж олган касаллик ҳақида кўпроқ маълумот олишлари кераклиги тўғрисида қарорга келишган. ЖССТ расмийлари учрашувни пайшанба куни, Хитой ҳукумати таклифига биноан Уханга бир қатор Осиё мамлакатларидан келган шифокорлардан маълумот олганидан сўнг давом эттиришга қарор қилишган.

Хитойда коронавирус бўйича эпидемик вазият мураккаблашиши сабабли мамлакатимизда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, «Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ Тиббий-санитария хизмати томонидан давлат чегарасини, айниқса, Хитойни кесиб ўтган шахсларнинг юқори сифатли тиббий мониторингини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ тизимидаги фаолият юритаётган ходимлари иштирокида эпидемик вазият ва унинг олдини олиш юзасидан семинарлар ўтказилди.

Бундан ташқари, Республика Вирусология илмий текшириш институти интенсив терапия бўлимида коронавирусга гумон қилинган беморларни қабул қилиш учун махсус бокс тайёрлаб қўйилди. Республикадаги аэропорт ва темир йўл вокзаллари санитария карантин пунктларида ушбу касалликка гумон қилинган бемор аниқланса, уни дарҳол изоляторга изоляция қилиш, коронавирусга лаборатор таҳлилини ўтказиш учун намуна олиш тартиби белгилаб қўйилган

Касаллик қандай юқади?

Маълумки, коронавирус инфекцияси ҳаво-томчи ва мулоқот (контакт) йўллари орқали юқади

Вирус ҳавода айланиб юрмайди, балки одамдан одамга юқади.
Вируснинг узоқ масофадан юқиш эҳтимоли жуда паст. Вирус одам йўталганда ёки аксирганда юзага келадиган томчиларда бўлади. Масофа - хавфсизлик гарови бўлиб, эпидемик занжирни узиш омилидир. Шунинг учун, агар Сиз йўталган ёки аксирган бемордан 2 м дан ошиқ масофада бўлсангиз, инфекция Сизга юқмайди.

Контакт - коронавирусни юқтиришнинг асосий йўли ҳисобланади
Аксарият ҳолларда, вирус касалланган одамнинг нафас йўлларидан чиққан ажратмалар теккан предметлар (рўмолча, қўлқоп, телефон, эшик ва зинапоя тутқичлари, ҳайвонлар, гўшт, балиқ)ни ушлашдан сўнг кўз, бурун шиллиқ пардалари ва қўлларга юқади.

Ҳайвонлардан юқиши мумкинми?
Уй ҳайвонлари, масалан, ит ёки мушук коронавирус инфекциясини ташувчиси бўлиши мумкинлиги ҳақида расмий далиллар йўқ. Бироқ, уй ҳайвонлари билан контактдан кейин қўлингизни совун билан ювишингизни маслаҳат берамиз. Бу Сизни уй ҳайвонларидан юқиши мумкин бўлган қатор касалликлардан ҳимоя қилади.

Вирус мевалар орқали юқадими?
Меваларда вирус узоқ вақт сақланиб туролмайди, мевалар орқали касалликнинг юқиши ҳақида далиллар йўқ. Сизга эслатиб ўтамизки, меваларни яхшилаб ювиб, истеъмол қилиш ҳар доимги одат бўлиши керак.

Очиқ муҳитда вирус қанча яшайди? Қандай қилиб вирусни зарарсизлантириш мумкин?
Вирус 3 соатдан бир неча кунгача ташқи муҳитда, муайян муддатлар ва бир қатор шароитларга боғлиқ ҳолда тирик туриши мумкин. Масалан, ташқи муҳитнинг тури, ҳарорати ва намлиги. Шунинг учун буюмлар сиртларини, эшик тутқичларини, техник асбобларни, юз соҳаси билан контактда бўлганлиги учун мобил телефонларни ва шунга ўхшаш нарсаларни дезинфекция қилиш муҳимдир.

Коронавируснинг инфекцияси туфайли келиб чиққан касалликлар қайд этилган мамлакатлардан жўнатмаларни қабул қилиш хавфлими?
Юқиш эҳтимоли жуда паст. Жўнатма орқали коронавирус инфекцияси юқмайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан бошқа давлатлардан товарларни олиб ўтиш ва ташишда ҳеч қандай чекловлар тавсия этилмаган. ХХРга ва ХХРдан почта жўнатмалар одатдагидек амалга оширилмоқда.

Коронавируснинг олдини олишда қандай чоралар бефойда?

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавируснинг олдини олишда қандай чоралар кўриш бефойда эканлигини маълум қилди.

“Қуйидагилар COVID 19 қарши курашишда ёрдам бермайди:
•тамаки маҳсулотларини чекиш;
•бир неча қават ниқоб тақиш;
•антибиотиклар қабул қилиш”, дейди Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда шу кунгача 173 кишида коронавирус аниқланган. 8 киши бу дарддан буткул фориғ бўлган, 2 киши эса вафот этган.


Очилова Дилором Абдукаримовна. Доцент. Бухоро тиббиёт институти Физиология кафедраси мудири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?