Коронавирус тарқалиши ҳақида биринчи бўлиб огоҳлантирган шифокор вафот этди. У ўшанда ёлғончига чиқарилган эди

23:18 06 Февраль 2020 Дунё
4065 0

Фото: Zuma/ТАСС

Хитойнинг Ухан шаҳрида биринчилардан бўлиб коронавирус тарқалиши ҳақида хабар тарқатган шифокор офтальмолог вафот этди.

Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда. 34 ёшли Ли Вэньлян Ухан шаҳридаги марказий касалхонасида ишлаган ва ўша ерда коронавирус билан даволанган. Унда касалликнинг биринчи аломатлари 11 январь куни пайдо бўлган.

Рамблернинг ёзишича, Ли Вэньлян янги инфекция тарқалгани ҳақида биринчилардан бўлиб хабар тарқатган. Яъни, 2019 йилнинг декабрь ойининг охирида у ҳамкасбларига Ухан касалхонасида вирусли инфекция билан оғриган етти нафар бемор даволанаётганини маълум қилган.

Худди шу куни Ухан соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари шифокорни чақириб, нима учун бу маълумотни улашгани учун танбеҳ берган, орадан уч кун ўтиб эса полиция шифокордан бу маълумот ёлғон миш-миш эканлигини маълум қилиши тўғрисида ариза ёздириб олган.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб 565 киши коронавирус туфайли ҳаётдан кўз юмган. Шундан 563 таси Хитойда қайд этилган. Хитойдаги вирусни юқтирганларнинг умумий сони 28 мингдан ошди, 1153 киши тузалган.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?