КОРОНАВИРУС

16:41 18 Март 2020 Маданият
203 0

Қадим маданият ўчоғи Чинда
Урчиди чидамли ва сирли вирус.
Саноқли ҳафталар, кунлар ичида
Дунёни забт этди – 
Олди мудҳиш тус.

На миллат танлади,
На танлади дин,
Тарқалди қитъалар, уммонлар оша.
Юртлар дарвозасин ёпди – 
Карантин:
Чекланди оммавий ўйин-томоша.

Ҳамма тозаликка берди бирдан зўр,
Гўё бошлангандай тиббий инқилоб:
Кимдир остонага сепмоқда хлор,
Кимдир тақаяпти уч қават ниқоб.

Дорихоналарнинг савдоси қизғин,
Тансиқ матоҳ бўлди ҳатто исириқ.
Уйларига қамаб ўғлию қизин,
Юргандай катталар бироз қисиниб.

Хуллас, шаҳар ҳушёр
Қишлоқлар сергак,
Тўсмоққа шай турар ўлат йўлини.
“Қўлингни ювдингми?” – олгайдир тергаб,
Саломга чўзаркан дўст ҳам қўлини.

Тўғри тадбир –
Мен ҳам ёқлайман буни,
Ҳар кимса ўзини қилсин эҳтиёт:
Майлига, ёнида юрсин совуни,
Ювинсин – тегиниб кетса етти ёт.

Шаксиз, бу иллатни қилгаймиз биз даф,
Шаксиз, чекинади бу юзсиз вабо:
Меҳрибон Худойим турмагай қараб,
Одамзод закоси топгайдир даво.

Фақат...
Юрагимда қўзғолар оғриқ,
Зарбини сездирса безавол вирус.
У боис танамга татимас соғлиқ,
Унга кор қилгайдир на олов, на муз.

Кимдир “Ҳасад” дейди унинг отини,
Оппоқ туйғуларга келтирар қирон.
Қирқиб оққушларнинг пок қанотини,
Қузғунлар пинжида сақлаб ётар жон.

“Кибр” деб атар бу балони кимдир,
Ғўддайган касларнинг димоғида у –
Дилларга пуллардан илашган кирдир
Ё баланд курсидан юққувчи оғу.

“Ёлғонман” – 
Жилпанглаб айтар исмини, 
Минг йиллик ишончни кетгай ўлдириб.
Тўғри йўлдан топиб бўлмас изини,
Ўчгай, дилларга пуч ёнғоқ тўлдириб.

Қора ёрлиқдаги унвони бор –
“Нафс”,
Сездирмай юқар-у, тортар домига.
Кимки бу қуйқага келолмаса бас,
Кўмилгай тоабад зиллат комига.

Юз бошли аждарга ўхшайди қаттол,
Турфа қиёфада қилгай у хуруж.
Не-не кўнгилларда тизилиб қатор,
Не-не юракларда урчийди ғуж-ғуж.

Халойиқ,
Не учун турибсиз лоқайд?
Нега ёпмайсиз дил чегарасини?
Келажак авлодни ўйланг лоақал –
Невара, эвара, чеварангизни.

Уларга юқмасин сиздан зарра гард,
Покиза ҳислари саломат бўлсин.
Соғлом имон билан яшасин жўмард,
Тоза ном қолдирсин –
Чин омад кулсин!

Демакким, 
Кўзи кир касларни қувинг,
Шайтон кимсаларга ўралашманг кўп.
Кўнгил остонасин хлорлаб ювинг,
Дилга ниқоб тақинг – 
Кирмасин микроб.

Қўлингизни беринг –
Ўйим йўқ қия,
Саволим ноўрин бўлса гар, айтинг:
Қилганмисиз дилни дезинфекция?!
Қалбингизда қачон бўлгай карантин?!

Нодир Жонузоқ

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019