Корхонанинг 4 миллиард сўмга яқин қўшилган қиймат солиғи суммаси қайтарилди

11:46 16 Октябр 2020 Иқтисодиёт
184 0

Сирдарё вилоятининг 4-секторига қарашли Гулистон туманида 1200 дан зиёд хўжалик юритувчи субъектдан 414 таси қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтган. Шулардан бири “Mili teks Sirdaryo” корхонаси. Унда 400 нафардан зиёд хотин-қиз иш билан банд. Фаолият бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмаган ушбу корхона томонидан Туркия, Хитой каби давлатларга 4 миллион долларлик ип- калава маҳсулотлари экспорт қилинди.

— Жорий йилнинг апрель ойидан иш бошладик, — дейди корхона раҳбари Бахтиёр Шоикромов. — Фаолият бошлашимизда 4-сектор раҳбарларининг амалий ёрдами жуда катта бўлди. Жумладан телекоммуникация ва электр энергияси таъминоти ўз вақтида йўлга қўйилди. Шунингдек, август-сентябрь ойларида вилоят давлат солиқ бошқармасининг кўмагида 3 миллиард 900 миллион сўмлик қўшилган қиймат солиғининг «0» ставкасини қўллаш ҳисобига юзага келган ортиқча тўловлар корхонамиз ҳисоб рақамига қайтарилди. Бу эса фаолиятимизни янада кенгайтиришимиз ҳамда қўшимча иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, тадбиркорлик субъектлари учун қулай ва шаффоф бизнес муҳити яратилишида давлат солиқ хизмати органларининг ҳар бир ходими томонидан «Солиқ хизмати - инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори» деган мақсадли вазифани сўзсиз бажарилиши белгиланган.

Хусусан, вилоят 4-сектор раҳбари томонидан корхоналарга ташриф буюрган ҳолда амалий кўмак кўрсатилмоқда. Шунингдек, фаолиятини тўхтатган ёки рентабеллиги тушиб кетган корхоналар раҳбарлари иштирокида вилоят давлат солиқ бошқармасида семинарлар ва амалий учрашувлар ташкил этилаётгани бизнес вакиллари учун самарали бўлмоқда. Шунингдек, тизим ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларига ташриф буюрган ҳолда ўрганишларда маълум қилинган муаммоларини бартараф этишга ҳам кўмак берилмоқда.

— Ҳозирда жами 3649 та қўшилган қиймат солиғи тўловчилари вилоят давлат солиқ бошқармасида солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилган, - дейди Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси «Қўшилган қиймат солиғи маъмурчилиги» бўлими бошлиғи Азамат Куйчиев. – Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 489-сонли қарори қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини қўллаб қувватлаш, уларга солиқ хизмати ва солиқ маъмурчилигини ошириш ҳамда сифатли хизмат кўрсатиш учун қабул қилинган. Ҳар бир ҚҚС тўловчиси шахсий кабинети орқали ҚҚСни қайтариш учун 2 та тартиб асосида аризани тўлдириб давлат солиқ бошқармасига юборади. Аризалар тезлаштирилган 7 кунлик ҳамда умумбелгиланган 60 кунлик тартибда кўриб чиқилади.

Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, хусусан коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида қатор қарор, фармонлар айнан солиқ имтиёзлари ва енгилликлар бериш мақсадида қабул қилинди. Хусусан қўшилган қиймат солиғининг «0» ставкада қўлланилгани натижасида вужудга келадиган ортиқча тўловларни корхоналар ҳисоб рақамига қайтарилишининг соддалаштирилиши ва тезлаштирилиши тадбиркорлар учун яна бир имконият бўлди десак асло муболаға эмас.

Илғор ХАЛИЛОВ,

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?