Кўҳна ва қадимий куй-қўшиқлар тараннуми

16:34 21 Май 2019 Маданият
328 0

Хиёбон. Атрофни турфа гуллар ифори тутган. Болажонлар арғимчоқда шўх-шўх қийқириб ўйнашяпти. Одамларнинг юз-кўзида шодлик ҳукмрон. Хиёбон марказида эса дўмбира садосига эш бўлиб ўйноқи, аммо қадим санъатнинг дилбар ижролари янграяпти:

Омон ёр ўйнасанг-чи, омон ёр
Белингни боғласанг-чи, омон ёр 
Даврадаги раққосани, эй, омон ёр,
Юраклари жўшибди, эй, омон ёр.
Омон ёр ўйнасанг-чи, омон ёр
Белингни боғласанг-чи, омон ёр.

Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтган лапар ва ўлан ижрочилари иштирокидаги фольклор санъати байрамида “Дурдона”, “Нодирабегим”, “Ўзбекойим” фольклор этнографик ансамбллари ҳамда “Ҳилола” намунали болалар фольклор жамоалари ва бир қатор ўланчилар томонидан куйланган халқ оғзаки ижодининг нодир сатолари тингловчи қалбига кириб, акс-садо берди. Нафосат ва муҳаббат туйғулари жўш урди.

Айтиш жоизки, мазкур санъат байрами нафақат пойтахтимиз аҳли, балки узоқ-яқиндан келган меҳмонларни, айниқса, ёш авлодни фольклор санъати, хусусан, ўлан ва лапар ижрочилигига бўлган қизиқишларини ошириш, “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириш ҳамда шу йўналишда ижод қилаётган санъаткорлар маҳоратини намойиш этишларига хизмат қилади.

— Лапар ва ўлан — инсон қалбида беғубор туйғуларни уйғотади, — дейди филология фанлари доктори, профессор Маматқул Жўраев. — Шу маънода, миллати, тили ва урф-одати турлича бўлган одамларни яқинлаштирадиган, улар ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайдиган бундай байрамларнинг аҳамияти беқиёс.

Саҳнада ижро этилган кўҳна ва қадимий куй-қўшиқлар йиғилганларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Тадбир доирасида “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказининг миллий ҳунармандчилик тўгараги қатнашчиларининг ижодий ишлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Муҳаммаджон АҲМАДЖОНОВ


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019