Китобхонлар авлоди шаклланмоқда​

16:34 24 Август 2019 Маданият
219 0

Мамлакатнинг маънавий даражасини кўрсатадиган муҳим кўрсаткичлардан бири ўша халқнинг китобхонлиги, бугун қандай китобларни мутолаа қилаётганлиги билан белгиланади. Шунинг учун ҳозирги кунда халқимиз орасида китобхонлик маданиятини ошириш,ёшларни оммавий китобхонликка жалб этиш борасида давлат сиёсати даражасида бир қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Чунки Президентимиз ҳам ўз нутқида таъкидлаганидек,бугун китоб ўқиётган бола эртага ўнта телевизор кўраётган болаларни бошқариши аниқ. Буни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан уч йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон“ танлови орқали сезиш қийин эмас. Бу танлов янги даврнинг “китобхонлар авлоди“ни шакллантира олди.

2017-2018 йиллар давомида мазкур танлов доирасида жами 970 минг нафар ёшлар қамраб олинган бўлса, жорий йилда танловга бўлган қизиқиш янада ортиб, саралаш босқичида иштирок этган ёшлар сони 1 миллион 200 нафардан ошиб кетди. Бу дегани ёшлар китобга, маърифатга қайтди, кадрлар масаласи бўйича юзага келадиган муаммолар аста-секин бартараф этилади, дегани. Ҳозирда “Ёш китобхон“нинг ҳудудий босқичлари ўтказилмоқда. Тафаккур жангида энг кўп китоб ўқиган кучлиларгина ғолибликка муносиб кўриляпти. Албатта, гап совғанинг даражасида эмас, китобнинг ўқилаётганлигида...

Китобхонлик танловлари ёш оилалар ўртасида ҳам ўтказилаётгани эса қувонарли ҳол. “Энг яхши китобхон оила“ танлови илк маротаба Сирдарёда бўлиб ўтди. Унда ёш оила вакиллари Президент совғаси - “Spark” автомашинаси совриндори бўлишди. Албатта, инсоннинг энг соф ва энг покиза туйғулари оила бағрида шаклланади. Ахир ўсаётган фарзанд  тарбияни қўлида китоб кўтарган ота-онасидан ўрганади. У ҳам эртага телевизор қаршисида эмас,китоблар қаршисида илм олишга чоғланади. Китоб ўқиган оиланинг маънавий ҳавоси тоза бўлади. Буюклар, даҳолар улғаяди бу хонадонларда.

Бугун китобхонлик бўйича беллашувлар ҳарбийлар ўртасида ҳам давом этяпти. “Темур тузуклари билимдони“ танлови Куч тузилмаларидаги ёш ҳарбий хизматчиларнинг маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий меросимизнинг тарихий илдизларини ўрганиш ҳамда таҳлил этиш, буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этишда муҳим вазифани бажармоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги кунда ҳарбийларимизнинг фақатгина жисмоний бақувват бўлиши камлик қилади. Интеллектуал жиҳатдан ҳам юқори даражада туриш мукаммалликнинг белгиси бўлади. Албатта, Амир Темурнинг “Темур тузуклари“ни ўқимай туриб, ҳарбий санъат сирларини англаш мумкин эмас. Соҳибқироннинг ҳарбий стратегиясини ўзлаштириш учун мазкур китобни варақлаш керак.Август ойи давомида барча ҳудудларда ушбу танловнинг ҳудудий босқичи якунланиб, сентябрда республика босқичи бўлиб ўтади.

Шу ўринда яна бир муҳим масала борки, у ҳам бўлса, ёшларга қандай китобларни ўқитиш масаласи. Чунки ҳозир нима кўп? Маълумот кўп. Бозор иқтисодиётини баҳона қилган ҳолда китоб дўконларимизга турли хил китоблар кириб келаётгани бор гап. Навоий бобомиз айтганларидек, “Чанқаган одам саҳрода сув топганда унга синган сопол ёки олтин идиш фарқсиздир“. Яъни у қандай қилиб бўлмасин, чанқоғини қондиришга интилади. Бутун вужуди билан илмга интилаётган ёшлар ҳам шундай. Ўзининг тафаккурини тўлдириш учун яхшими ёмонми турли китобларни ўқийди. Ёшлар иттифоқининг йирик лойиҳаларидан бири бўлган “Ёшлар кутубхонаси” рукни остида чоп этилаётган китоблар эса ўқилиши шарт бўлган энг муҳим билим манбалари бўла олади. Ўтган йили ушбу рукн остида 47 номдаги 470 минг дона бадиий адабиётлар чоп этилиб, республикамиздаги барча таълим муассасаларининг кутубхоналарига етказиб берилган эди.

Шунингдек, жорий ўқув йили арафасида ҳам анъана давом эттирилиб, яна 12 номдаги 120 минг дона ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара асарлари чоп этилди.

Ҳозирда улар мустақиллик совғаси сифатида республикамиз бўйлаб барча таълим муассасаларига етказиб берилмоқда.

Бундан ташқари, “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида Наманган вилоятига 25 минг дона, Тошкент вилояти Бўка туманига 13 минг дона, Қуйи Чирчиқ туманига 1,5 минг дона Тошкент шаҳридаги Учтепа туманига 10 минг дона бадиийадабиётлар етказиб берилди.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда тўртинчи ташаббус ёшларни китоблар атрофида бирлаштира олди. Китоблар билан бирлашган халқнинг мақсади аниқ,борар манзили ойдин бўлади.

Кутубхонага борайлик, бизни ҳам буюклар кутмоқда!!!

Гўзал ОХУНОВА


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019