Китобга ташна ёшлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда

18:16 26 Август 2019 Маданият
166 0

Китоб – энг одил дўст, беминнат муаллим, бебаҳо хазина. Дунёдаги энг зўр кашфиёт ҳам китобдир. Китоб бўлмаганда буюк кашфиётларнинг қай бири ихтиро қилинган бўлар эди? Китобга йўлдош инсон ҳаётнинг ҳар қандай синовини тафаккур билан енгиб ўта олади. У онг ва қалбимиз эҳтиёжини қондирибгина қолмай, руҳимизни ҳам тарбиялаб боради, бизни шахс сифатида шакллантиради. Китобхоннинг маънавиятида бўшлиқ бўлмайди. Мутолаа инсонни ҳамиша маънан юксалтирган. Бугунги ахборот асрида тенгдошларимизнинг китобга ошнолиги, мустақил фикрлай олиши, мустаҳкам ҳаётий позицияга эгалиги кишини қувонтиради.

1 млн. 210 минг 399 нафар ёшлар “Ёш китобхон” республика танловида қатнашди...

Айниқса, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан энг яхши китобхонларга Президент совғаси “Спарк” автомашинаси тақдим этилиши кўплаб ёшларнинг мутолаага бўлган қизиқишини рағбатлантирди. Буни танловга қатнашиш истагини билдирган ёшларнинг 1млн. 210 минг 399 нафарга етганидан ҳам билишимиз мумкин. 2019 йилги “Ёш китобхон” республика танловининг ҳудудий босқичи 5 август куни Қорақалпоғистон Республикасида старт олди. Мазкур босқичда 10-14, 15-19 ва 20-30 ёш тоифасидаги жами 94 минг 363 нафар ёшлар орасидан саралаб олинган 42 нафар ёш китобхонлар 2 та шарт асосида беллашди. Танловнинг ҳудудий босқичи 28-29 августь кунлари Тошкент шаҳрида якунланади. Ғолиблар октябрь-ноябрь ойларида Республика босқичида баҳсни давом эттиради.

288 та ҳарбий қисм ва муассасадан 25 минг 435 нафар ёш ҳарбий хизматчилар “Темур тузуклари билимдони” танловида беллашди...

Шунингдек, куч тузилмаларидаги ёш ҳарбий хизматчиларнинг маънавий савияси ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, миллий меросимизнинг тарихий илдизларини ўрганиш ҳамда таҳлил этиш, буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Темур тузуклари билимдони” танлови ёш ҳарбий хизматчилар ўртасида китобхонлик майдонини яратди. Жорий йилнинг 25 июль - 5 август кунлари куч тузилмаларига қарашли ҳарбий қисм ва муассасаларнинг 30 ёшдан ошмаган ёш ҳарбий хизматчилари ўртасида “Темур тузуклари билимдони” танловининг саралаш босқичлари ўтказилди. Унда 288 та ҳарбий қисм ва муассасадан 25 минг 435 нафар иштирокчилар ўз билимларини синовдан ўтказди. Танловнинг ҳудудий босқичлари 15 август куни Андижон вилоятида старт олган бўлса, 24 август куни Тошкент вилоятида якунланди. Ҳудудий босқичларда қатнашчилар “Амир Темурнинг ҳарбий сабоқлари” ва “Амир Темурнинг ўгитлари билимдони” шартлари бўйича ўзаро беллашиб, ғолиблар танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Ўқувчилар ҳам ўқитувчилар ҳам янги ўқув йилини янги китоблар билан қарши олади...

Бундан ташқари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Ўзбекистон ёшларига ажойиб совға ҳозирлади. “Ёшлар кутубхонаси” лойиҳаси доирасида яна 12 номдаги китоблар 10 минг нусхада чоп этилиб,13 август кунидан бошлаб махсус “Библиобус”лар орқали Самарқанд, Жиззах,Сирдарё вилоятларига жўнатилди. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан йўлга чиққан “Китоблар карвони” ўз манзиллари томон бирин-кетин етиб борди. 16 августь куни Самарқанднинг китобсевар ёшлари Президент совғасини тантанали кутиб олди. 12 номдаги 14 мингдан зиёд бадиий адабиётлар янги ўқув йили олдидан умумтаълим мактаблари кутубхоналарига бепул тарқатилиши, ҳудуд ёшлари учун ажойиб байрам туҳфаси бўлди.

10 минг нусхадан 12 номдаги жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарлари китобхонларга бир олам қувонч улашди...

Куни кеча “Китоб олами” мажмуасида “Ёшлар кутубхонаси” лойиҳаси доирасида чоп этилган янги китобларнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 10 минг нусхадан 12 номдаги жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарлари йиғилган китобхонларга бир олам қувонч улашди. Чунки, уларнинг орасида Чўлпоннинг “Кўклам руҳи”, Саъдийнинг “Бўстон”, Ч. Айтматовнинг “Охирзамон нишоналари”, Пушкиннинг “Евгений Онегин” каби машҳур асарлари ўрин олган. Китобхонлик тарғиботига бағишланган викторинанинг ғолибларига 12 номдаги китоблар жамланмаси совға қилинди.

Бугун китоблар жавонларда ўқилмай ётадиган, кутубхоналар китобхонга муштоқ ўтадиган давр эмас...

Бугун ҳамма порлоқ келажак яратиш истаги билан ҳаракатда. Юртимизда кенг мутолаа майдонини яратишга қаратилган лойиҳалар, яратилаётган имкониятлар самарасидан китобхонларимиз сафи миллионларга етди.“Ёш китобхон”, “Китобхон ўқитувчи”, “Энг яхши ёш китобхон оила” каби танловларнинг ташкил этилиши, ундаги ғолибларнинг барчага намуна бўлган ҳолда ёшларни ўз ортидан эргаштира олиши буюк келажак сари ташлаётган истиқболли қадамимиздир.

Шахноза Нуруллаева


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019