Китоб ва китобхон Бугун уларнинг йўллари туташми?

17:28 20 Сентябр 2019 Маданият
288 0

Ривоят қилишларича, Абу Али ибн Синодан бир мамлакат подшоҳи фарзанди — юрт шаҳзодасига таълим беришини сўрайди. Аммо ибн Сино буни рад этади. Айтадики, илм келмайди, илмга борилади, дея жавоб беради ва агар шаҳзода ўзи келсагина таълим беришини айтади... Бунда жуда чуқур маъно бор. Инсонни илмга етакловчи масканлардан бири кутубхонадир. Кимдир шахсий кутубхонасини бойитиш учун китоб танлайди, бошқа биров эса китоб ўқиш учун жой танлайди. Китоб ва китобхоннинг дийдорлашиши учун энг яхши жой ҳам аслида кутубхона. Бугун электрон китоблар оммалашган бир даврда китоб ва китобхон йўллари туташмоқдами? Келинг, биргаликда мулоҳаза қилиб кўрамиз.

Тафаккур кемалари

Китоблар замон тўлқинларида сузувчи ва ўзининг қимматбаҳо юкини авлодлардан-авлодларга авайлаб элтувчи тафаккур кемаларидир, дейди донолар. Болаларни кичик ёшдан тафаккур кемаларига жалб қилсак, улар мутолаани севимли машғулотига, анъанага айлантиради, тўғри эмасми?

Китобга болаликдан меҳр қўйган болада китобхонлик маданияти эрта шаклланиб боради, нутқи равонлашади, дунёқараши кенгаяди, — дейди Хўжаобод туманидаги 2-умумтаълим мактаби директор ўринбосари Лола Сулаймонова. — Эҳтимол улар ўқишни билмас, ҳарф танимас, лекин китобни томоша қилиш орқали уни ўқишга, ичидаги сеҳрдан баҳра олишга интилади. Бола боғчадан мактаб даврига ўтаётган пайтда китоб, кутубхона тушунчаларидан бохабар бўлиши, китобнинг таъсирини сезиб мактабга қадам қўйиши керак. Ўшанда мактаб кутубхоначиси ҳам, ўқитувчи ҳам қийналмайди. Чунки бола кутубхона аҳамиятидан бохабар. Эҳтимол, кейинчалик бўш вақтини кутубхонада ўтказишга ўзи ўрганиб ҳам қолиши мумкин. Зеро, китоб дунёсида улғаяётган болада ёмон иллатлар шаклланмайди.

Халқимизда бола бошидан деган гап бор. Болага китобга меҳр-муҳаббатни мурғакликдан бошлаш керак, — дейди эл суйган санъаткор Рихси Иброҳимова. — Бола ақлини таний бошлаганидан китобни таниб бориши лозим аслида. Лекин бугунги кунда аксарият ота-оналар фарзандларига китоб ўрнига турли-туман ўйинчоқлар, ширинликлар олиб беришни афзал кўради. Маҳалладаги ўғил-қизларнинг тўпланиб йиғилиши, адабиёт ҳақида гурунг қилиши, мушоиралар ўтказиши, ижодий кечалар, тадбирлар ўтказиши учун бир маскан керак. Қолаверса, маҳаллаларда шундай бир маскан бўлса, қариялар ҳам бориб, мутолаа қилиши, адабий давраларда иштирок этиши мумкин. Бу маскан ўрнини, шубҳасиз, кутубхона тўлдира олади...

Тавсия беришни ҳам билиш лозим

Мутолаага бўлган қизиқишни кучайтиришда эҳтимол кутубхоначиларнинг ҳам ўрни бордир, деган масала кишини ўйлантиради. Аслида кутубхоначи қандай бўлиши керак? Бу борада ЎзР ФА асосий кутубхонаси раҳбари Зуҳра Бердиеванинг фикрларига қулоқ тутдик.

Мен кутубхоначилик соҳасида қирқ йилдан буён фаолият юритиб келаман. Кутубхоначининг ўзи китобни севиши, кутубхонани бутун вужуди билан хис қилиши, қайси китоб қайда жойлашганидан тортиб, китобхонларга тавсия беришни ҳам билиши лозим. Тавсия бера олиши учун эса ўзида билим етарли бўлиши керак. Аслида кутубхоначилик жуда қизиқ соҳа. Китоблар билан, турли китобхонлар билан ишлаш — кўрингани каби осон эмас, оддий эмас. Шунга қарамай, ўқувчида китобга, борган кутубхонасига боғланишида кутубхоначи катта роль ўйнайди, деган фикрдаман. Бу эса ундан маҳорат, илм талаб этади.

Сир эмас, бугун аксарият кутубхоначилар номутахассис, яъни бошқа соҳа бўйича таҳсил олган. Уйига яқин жойда жойлашгани ёки ўзини мутахассислиги бўйича иш топа олмагани сабаб бугун аксарият ёшлар кутубхоначиликка ўтиб кетмоқда. Ваҳолонки, бу соҳа ҳам мутахассисликни талаб этади. Шахсан мен болалигимда бир кутубхоначи опани чин юракдан яхши кўрганим, уларга ҳавас қилганим учун шу касбни танлаганман. Менга улар туртки берганлар, китобга қизиқтирганлар. Бугунчи? Кутубхоначиларимизга ҳавас қилиб, мен ҳам кутубхоначи бўламан дейдиган ёшлар борми? Кўп эмас. Чунки уларни қизиқтира оладиган кутубхоначилар кам. Бу эса эътибордан четдаги дардимиз, десак муболаға бўлмас.

Маҳаллада шундай маскан бўлса қандай яхши

Эсимда, мен яшайдиган маҳалланинг бошида, учта кўча кесишган жойда кичиккина маҳалла кутубхонаси бўлар эди. Кутубхонадан барча маҳалладагилар фойдаланарди. Аммо афсуски, кейинчалик кутубхона ёпилди. Ҳанузгача бу даргоҳ эшигида қулф... Бугун электрон китоблар, электрон кутубхоналар оммалашган бир даврда маҳаллаларда кутубхоналар керакми деган саволга ёши улуғ инсонлардан жавоб ахтардик.

Китобхонлик оиладаги, маҳалладаги муҳитга, инсонни ўраб турган жамиятга боғлиқ. Китобга эътибор фарзандлар тарбиясида, айниқса, қўл келади. Китобни инсон тафаккурининг қанотларига ўхшатишган. Зеро, тафаккури, фикр доираси кенг, маърифатли кишилар жамиятнинг чинакам бойлигидир. Аксинча, ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи эса маърифатсизлик, китоб ўқимасликнинг аччиқ меваси саналади. Темирни занг кемирганидек, одамни ҳам маънавиятсизлик мўртлаштиради.

Юлдуз ЎРМОНОВА, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019