Кинобозор, дунё кино экранлари сари йўл..ми?

03:34 19 Май 2019 Маданият
446 0

Мақоламизга шундай сарлавҳа-савол қўйдигу, келинг жавобини ҳам ўзимиз бериб қўя қолайлик. Ҳа! Ўзбек киноси айнан мана шу йўлни босиб ўтибгина (кўриб, ўрганиб, солиштириб, қиёслаб) жаҳонга чиқа олади. Лекин очиғи бу ҳақиқатни англаб етганимизга унча кўп бўлгани йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3176-сон қарори ҳамда “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 24 июлдаги ПҚ-3880-сон қарори мамлакат кино санъати ривожланишини янги босқичини бошлаб берди. Жумладан, 2018 йилнинг ўзидаёқ “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг “Республика кинопрокат маркази” ташкил этилди.

Бугунга келиб бу марказ нафақат мамлакат ичкарисида ягона прокат тизимини ташкил этиш, балки ўзбек киноларини дунёга олиб чиқиш йўлида ҳам изчил ҳаракатларни бошлаб юборди. Чунки кинобозор кино санъатини ва саноати учун қайсидир бир маънода барометр ҳамдир. Ўз маҳсулотини бозорга олиб чиққан кино тадбиркор авваламбор бозорни ўрганади, солиштиради, қиёслайди. Ҳар қандай маҳсулотнинг асл қийматини, мавзу, жанр ва даражасини албатта бозор белгилайди. Унинг талаблари қаттиқ, ҳукми эса қатъийдир! Ана шу талаб ва эҳтиёжларни ўрганиш, дунё билан ҳамқадам бўлишда кинобозорнинг аҳамиятини яхши англаб етган “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бу йўлдаги амалий қадамлар ташланди.

Шу йилнинг феврал ойида Гонконгда бўлиб ўтган “Filmart” кинобозорида муваффақиятли иштирок этган “Республика кинопрокат маркази” бир қатор манфаатли шартномалар тузгани ҳақида ОАВлар орқали хабар берилган эди. Ўшанда 15 та фильмни кинобозорга тақдим этган марказ, 14 майдан 25 майгача бўлиб ўтадиган 72-Халқаро Канн кинофестивали доирасида очилган “ Marche du Film” кинобозорига 50 та турли жанр ва йўналишлардаги бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильмларни олиб келган. Булар ичида “Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий”, “Исломхўжа”, “Берлин-Оққўрғон”, “Иссиқ нон”, “Элпарвар”, “Тинчлик ортида”, “Сарвқомат дилбарим” , “Ҳаёт”, “Барон” ва ҳ.к. фильмлар бор. 17 май куни “Marche du Film” кино бозорида кинорежиссёёр Абдувоҳид Ғаниев суратга олган “Элпарвар” фильмининг намойиши бўлиб ўтди. Кинофестивалнинг учинчи куни. “Республика кино прокат маркази” стенди ер юзининг турли бурчакларидан келган кино дистрибютер ҳамда продюссерлар, кино тадбиркорлар билан гавжум. Юртимиз киносининг истиқболи учун манфаатли бўлган музокаралар олиб борилаяпти ,қатор ҳамкорлик шартномалари имзоланмоқда,Америка, Ҳиндистон, Германия, Корея каби давлат кинотадбиркорлари билан тузилган шартномалар ана шулар жумласидан.

Бу каби мулоқотларнинг самарали натижалари ҳақида гап кетганда, албатта Гонконгда бўлиб ўтган “Filmart” кинобозорида тузилган бир ўзаро ҳамкорлик шартномаси ҳақида алоҳида гапириб ўтиришни лозим деб топдик. Марказий Осиё бўйлаб ўзбек фильмларининг дистрибьюциясини ўз зиммасига олган Монголиянинг “Дижител Контент” фирмаси, ўзининг Канн кинобозорида ташкил қилган стендини ўзбек фильмларининг постерлари билан безагани ҳамда кинобозорига тақдим этаётган фильмлар каталогида ўзбек киноси маҳсулотлари учун алоҳида саҳифалар ажратгани, дунё кино бозорига чиқиш йўлидаги ҳаракатларимизда ёлғиз эмаслигимизни, ўзимизнинг яқин ҳамкоримизга ҳам эга бўлиб бораётганимизни билдиради.

Сўзимиз сўнггида Ўзбекистон стенддаги яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчи эдик. Кинобозор учун фильмлар сараланаётганда ҳамда уларни дунё кино бозорига тақдим этишда “Республика кино прокат маркази” картиналарни Давлат маблағига олинган ёки хусусий студия маҳсулоти” деб эмас, жаҳонга олиб чиқишга муносиб ўзбек миллий кинолари деган нуқтаи –назар билан ёндашишган.

Фестиваль, унинг доирасида эса “ Marche du Film” кинобозори давом этмоқда. Биз эса жаҳон кино экранлари сари бир қадам ташладик.

Шоира Рауфбоева


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019