“Ким қандай соҳада бўлмасин, ўша соҳанинг энг зўри, чемпиони бўлиши керак!”

15:51 24 Сентябр 2019 Спорт
711 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган бешта муҳим ташаббус бўйича устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан илм-фан, спорт, санъат ва маданиятга оид “Модул 5” лойиҳасини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш режалаштирилган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида “Модул 5” лойиҳасининг илк қаҳрамони, ҳаваскор бокс бўйича жаҳон чемпиони, Рио-2016 олимпиадасининг кумуш медаль соҳиби, айни пайтда профессионал боксчи Шаҳрам Ғиёсов билан учрашув ташкил этилди. Унда талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Алишер Саъдуллев кириш сўзи билан очиб, ушбу лойиҳанинг мақсади замонамизнинг бугунги ёш қаҳрамонлари билан қизғин суҳбатлар ташкил этиш ва самимий мулоқотда улар ўз тажрибаларини, ҳаёт йўлларидаги ҳаракатларини, эришган ютуқларини ёшларга тарғиб этишдан иборатлиги, лойиҳанинг илк қаҳрамони сифатида Шаҳрам Ғиёсовнинг таклиф қилиниши бежиз эмаслиги, унинг спортдаги эришган натижалари, унинг бу йўлдаги заҳматлари ёшлар учун ҳар жиҳатдан ибрат бўла олиши ва уларни юксак мақсадлар сари интилишларига руҳлантира олишини таъкидлади.

— Мен ҳар доим айтаманки, ким қандай соҳада бўлмасин, ўша соҳанинг энг зўри, чемпиони бўлиши керак, — деди Шаҳрам Ғиёсов. — Қайси соҳани танлашимиздан қатьи назар фақат олға интилиш керак. Президентимизнинг ҳам биз ёшлардан умиди катта. Юртни танитадиган ҳам, байроғини юксакларга кўтарадиган ҳам биз ёшлар. Мен ўн ёшимдан буён бокс билан шуғулланиб келаман. Айни пайтда эса йигирма олти ёшдаман. Мана боксга кириб келганимга ўн олти йил бўлибди. Бу натижаларга ўз-ўзидан эришиб қолганим йўқ. Дарров чемпион бўлиб қолмаганман. Жуда кўп ютқазганман. Ҳеч ким менчалик ютқазмаган бўлса керак. Шунча машғулот ўтказсам ҳам нега мағлуб бўлавераман, менчалик машқ қилмайдиганлар ҳам мени енгади, деб роса ўйлаганман. Менинг ўрнимга бошқа спортчилар бўлганда балки аллақачон таслим бўлиб, руҳи синиб, боксни тарк этиб кетган бўлармиди. Мен нима бўлишидан қатъий назар фақат олдинга интилганман. Меҳнатдан қўрқмайдиган, ўз олдига аниқ мақсад қўядиган инсон ўз ниятларига албатта эришади.

Шаҳрам Ғиёсов айни пайтда Америка Қўшма Штатларида профессионал боксда фаолият юритмоқда. Шу кунгача у профессионал боксда тўққиз жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Жангларининг еттитасини эса муддатидан аввал қўлга киритди. Қолаверса, у WBA йўналиши бўйича минтақавий чемпионлик камари соҳиби.

Тадбир қизғин савол-жавоб руҳида ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Шаҳзод ҒАФФОРОВХалқ сўзи.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019