Хорижлик журналистлар “Навоий” ЭИЗга ташриф буюрди

17:18 20 Июнь 2019 Иқтисодиёт
148 0

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган хорижлик журналистлардан бир гуруҳи “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишишди.

Мазкур сафар Республика Ташқи ишлар вазирлиги, Навоий вилоят ҳокимлиги ҳамда “Навоий” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси томонидан ташкил этилиб, унда Афғонистоннинг “Arezu Radio TV”, Буюк Британиянинг “Рейтер” ИА, Эроннинг “Fars news” ИА, Қозоғистоннинг “Казинформ” ХИА, “Хабар” ИА ҳамда “Курсив” газетаси, Хитойнинг “Синьхуа” ИА ва “Цзинцзи Жибао” газетаси, Қирғизистоннинг “Кабар” ИА, Россиянинг “ТАСС”, “Sputnik”, “Интерфакс”, “Фергана.Ру”ИАлари, Туркиянинг “Анадолу” ИА ва “TRT” телерадиокомпанияси ва мамлакатимизнинг “Жаҳон” информация агентлиги ижодий гуруҳлари иштирок этдилар.

Журналистлар дастлаб “Навоий” эркин иқтисодий зонасида фаолияти йўлга қўйилган инвестицион лойиҳалар, бу ерда хорижлик инвесторлар учун яратилган қулайлик ҳамда имтиёз ва имкониятлар, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги билан яқиндан танишдилар.

- ЭИЗда маҳсулотнинг экспортбоплиги, импорт ўрнини босувчанлиги, инновацион янгилиги ва ишлаб чиқаришнинг юқори технологияга асосланганлиги асосий мезонлар этиб белгиланган, - дейди ўз таассуротлари билан ўртоқлашган Афғонистоннинг “Arezu Radio TV” мухбири Абид Аҳмад Басир. – Мазкур мезон барча эркин иқтисодий зоналарга хос ва у албатта ўз самарасини беради. Шунингдек, инвесторларга тақдим этилган инфратизим ҳамда энергия ресурслари ҳавас қилгулик даражада.

Шунингдек, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида матбуот анжумани ўтказилиб, вилоят ҳокимлиги, вилоят божхона бошқармаси, ЭИЗ дирекцияси ҳамда “Навоий” Халқаро аэропорти маъмурияти мутасаддилари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

- Матбуот анжуманида “Навоий” эркин иқтисодий зонасига сўнгги икки йилда олдинги тўққиз йилга нисбатан кўп инвестиция жалб этилганлиги таъкидланди, - дейди“Fars news” ИА мухбири Шерали Авезматов. – Бу Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлиги тобора ошиб бораётганлигидан далолатдир. Яна бир эътиборли жиҳат, мамлакат раҳбари томонидан вилоятга инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий ҳудуд мақомининг берилишидир. Бу сиёсат сармоядор учун ишлаб чиқаришни хомашё олинадиган ҳудудда ташкил этиши билан қулайлик яратади. Мазкур сафар чоғида эронлик инвесторларнинг ҳам бир қатор лойиҳалар бўйича Навоий вилоятида ишлаётганлиги ниҳоятда қувонарли ҳол. Албатта, бу ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлайди.

Темур ЭШБОЕВ,“Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019