Халқаро талаблар даражасида таъмирланган Республика велотрек ўқув-машқ маркази тантанали очилди

23:19 15 Ноябрь 2019 Спорт
440 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Бугун пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган Республика велотрек ўқув-машқ марказида ушбу спорт тури бўйича эркаклар ҳамда аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионатига старт берилди. Шуни алоҳида таъкидлаш керак, мазкур мусобақа мамлакат терма жамоаси аъзолари эндиликда муҳим халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриши учун халқаро талаблар даражасида қайта реконструкция қилинган ўқув-машғулот базасида ўтказилмоқда.

Ушбу марказ 1982 йилда қурилган бўлиб, муҳтарам юртбошимизнинг жорий йил 4 сентябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида келгуси йил Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган ХХХИИ ёзги Олимпия ва ХВИ Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини муносиб тайёрлаш ҳамда республикамизда ҳар битта спорт йўналиши бўйича спорт базаларини ташкил этиш юзасидан берилган топшириқлари ижросини таъминлаш доирасида қайта реконструкция қилинди.

Бугун ушбу марказнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси президенти Танзила Нарбаева, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдурахмонов, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги координатори жаноб Жон МакГрегор, Буюк Британиянинг Вестминстер университети вице-канцлери ҳамда президенти, велоспорт бўйича жаҳон чемпионати ғолиби жаноб Питер Бонфилд, кенг спорт жамоатчилиги ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Даставвал фахрий меҳмонлар рамзий тасмани қирқиб, халқаро талаблар даражасида қайта реконструкция қилинган Республика велотрек ўқув-машқ марказини очиб беришди. Шундан сўнг Ўзбекистон велосипед спорти федерациясининг раҳбари меҳмонларни бу ерда яратилган шароит ва қулайликлар билан бирма-бир таништирди. Замонавий ётоқхоналар, ошхона, тренажёр зали ва энг муҳими, халқаро талаблар даражасидаги велотрек йўлаклари хорижлик меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди. Улар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасига ҳукуматимиз даражасида берилаётган эътиборни юқори баҳолади. Шунингдек, фахрий меҳмонлар томонидан бу ерда дарахт экилдики, бу ҳам миллий қадриятларимиз намойишидир.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

- Бундай мажмуа пойтахтдан ташқари Наманган вилоятида ҳам барпо этилган. Яқин орада Самарқанд вилоятида ҳам замонавий велотрек ўқув-машғулотлар марказини қуриш ишлари бошланади. Умуман, биз келгусида барча вилоятларимизда мана шундай мажмуаларни барпо этиш ҳамда юртимиздан кўплаб Осиё ва жаҳон чемпионати ғолиблари, Олимпия ўйинлари чемпионларини етиштириб чиқармоқчимиз. Бизда истеъдодлар етарли, фақат уларга аввало шароит ва имкониятларни яратиб беришимиз лозим, - деди Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси президенти Танзила Нарбаева.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Шу ернинг ўзида велоспорт бўйича Токио-2020 олимпиадасига иккинчи лицензияни қўлга киритган мамлакатимиз спорти фахри Мурод Холмуродовга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 100 миллион сўм, унинг тренери Рустам Нуритдиновга 50 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари тантанали топширилди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Шунингдек, тадбир доирасида велотрек бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолиб ва совриндорлари ҳам тақдирланишди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019