Халқ таълими вазирлиги нега мақолага расмий  муносабат билдирмади? 

13:17 14 Август 2019 Жамият
232 0

Бир мавзуни ҳадеб “чайнайвериш”дан умуман йироқмиз! Лекин кўтариб чиқилган масала жиддий эди. Вазирлик ва вилоят, туман халқ таълими бошқарма ва бўлимларида муҳокама бўлганидан, уларни бироз “безовта” қилганимиздан хабаримиз бор. Бутун бошли жамоанинг дарду ташвишларини қаламга олиб, уларнинг оғирини енгил қилишга бел боғласангу, мутасаддилар хабардор бўла  туриб “ғинг” демаса, алам қилар экан.

Гап шундаки, жорий йилнинг 5 июль куни хs.uz сайтида “Вазирлик диққатига: Қўштепа туманида 32 йил таъмирланмаган,таъмирталаб мактаб бор!” сарлавҳали  танқидий-таҳлилий мақола эълон қилинган эди. Бироқ мана бир ойдан кўп вақт бўлдики, Халқ таълими вазирлиги умуман шу мақолага негадир расмий муносабат билдирмади. 

Хуллас, жамоа ҳам, маҳалла ва қишлоқ аҳли ҳам Қўштепа туманининг Ўқчи қишлоғидаги 27-мактаб фалон йилги, писмадон йилги дастурга тушади, таъмирлаймиз, деган гап-сўзлар ва ваъдалардан “тўйиб” кетган. Бунақа қуруқ ваъдаларга кейинги пайтларда маҳалла аҳли эътибор ҳам бермай қўйишган. Ахир, ҳар йили шунақанги баланпарвоз ваъдалар бўлавергач, ишончингиз ҳам, умидингиз ҳам йўқолиб кетаверар эканда. 

Дўппини бир четга қўйиб обдон мушоҳада қиладиган бўлсак, табиий саволлар туғилиши аниқ. Агар тажрибали республика ва вилоят ишчи гуруҳи аъзолари мактабларни, яъни муаммоли объектларни  жойида бориб ўрганган бўлса, нега 27 мактаб уларнинг назарларига тушмади? Ёки мактабнинг бу аянчи аҳволи 3 йиллик дастурга киритилишга арзимайдими?  

Балки Қўштепа туманидаги 27-умумтаълим мактаби мақоладан сўнг танқидий қайта кўриб чиқилиб таъмирлаш учун дастурга киритилгандир. Халқ таълими вазирлигидан вакиллар келишиб маҳалла ва қишлоқ аҳли, маорифчилар жамоаси билан юзма-юз кўришиб суҳбатлашиб ҳақиқий аҳволни тушунтиришиб, масала ижобий ҳал этилгандир.  Бу ёғи бизга қоронғу. Агар Халқ таълими вазирлиги бир ой аввал чоп этилган мақолага тез фурсатда муносабат билдирганда эди, юқорида келтирилган тахминий фикрларимизни  айтмаган бўлармидик...


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019