Йил охирига қадар юздан зиёд бадиий китоб ўқишга аҳд қилган ўқувчига вилоят ҳокими телевизор совға қилди

10:33 10 Октябр 2019 Жамият
448 0

Ғиждувон туманидаги 18 – умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчиси Феруза Жўраева дарсдан сўнг уйига телевизор билан кириб келди.Бу телевизорни унга вилоят ҳокимининг шахсан ўзи совға қилди.Буни эшитган Ферузанинг ота – онаси қувончдан ўзларини қўярга жой тополмай қолишди.

-Вилоятимиз ҳокими Ўктам Исаевич Барноев “Обод қишлоқ” дастури ижроси доирасида бажарилган ишлар билан танишаётиб, билим даргоҳимизга ҳам ташриф буюрди,-дейди Армичан маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган ушбу мактаб директори Ориф Ражабов.- Ўқувчилар билан суҳбатлашди.Шунда китобхон қизларимиздан бири Феруза ҳозирга қадар ўқиган бадиий асарлари ҳақида сўзлаб берди.Йил охирига қадар юздан зиёд китобни мутолаа қилиш ниятида эканини билдирди.Бу аълочи китобхон ўқувчимизни ҳоким телевизор билан мукофотлади. Феруза бу рағбатга муносиб.У 15 мингдан зиёд китоб фондига эга кутубхонамизнинг фаол аъзоси. Ўтган мавсумда “Ёш китобхон” танловида ўткир зеҳни, билими билан кўпчилик назарига тушди.Шу танловнинг вилоят босқичида фахрли 2 – ўринни эгаллади.Муҳими, мактабимизда ана шундай интилувчан ўқувчиларнинг чуқур билим олишлари, ўз орзу – ниятларига етишлари учун зарур барча шарт – шароитлар яратилган.

Бу сўзларга қўшимча қилиб айтиш лозимки, билим даргоҳининг 624 ўринли ўқув биноси Инвестиция дастури асосида таъмирланди.Қурилиш – таъмирлаш ишларига 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ сарфланди.Бундан ташқари, “Обод қишлоқ” дастури доирасида бошланғич синфларга мўлжалланган 240 ўринли янги бино ҳам қурилиб фойдаланишга топширилди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?