Ижтимоий тармоқларда тарқалган жавоблар варақалари, тест топшириқлари юзасидан баёнот берилди

12:03 06 Сентябр 2020 Жамият
4183 0

Давлат тест маркази ижтимоий тармоқларда эълон қилинган ҳолатлар юзасидан расмий баёнот берди.

"2020-2021-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари ўтган йиллардагига нисбатан ўзгача шароит ва вазиятда ўтказилмоқда. Ҳукумат қарорлари, жумладан, давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтказилган йиғилишларда берилган кириш имтиҳонларини соддалаштиришга оид топшириқлар асосида яратилган шарт-шароитлар бугунги карантин чекловлари талабларига жавоб беради.

Алоҳида қайд этиш керакки, тест синовларининг адолатли ва шаффоф ўтишида жамоатчиликнинг ўрни, ёрдами, эътибори жуда катта бўлмоқда. Тест синовларини ўтказишдек катта жараёнга бефарқ эмасликлари, билдираётган фикр-мулоҳазалари, маслаҳатлари юзага келаётган камчиликларни бартараф этишда катта ёрдам бермоқда. Бунинг учун Давлат тест маркази халқимиздан миннатдор эканлигини эслатиб ўтади.

Бироқ жараён қанчалик кўтаринки руҳда бошланмасин, баъзи камчилик ва қонунбузарликлар ҳам кўриниб бормоқда. Бугунги кунда тест синови жараёни юртимизда биринчи даражали воқеа бўлаётганлигидан барча турдаги давлат, нодавлат оммавий ахборот воситалари бор эътиборини ушбу жараёнга қаратган. Шундан бўлса керак, баъзи ОАВ вакиллари маълумотларни одатдагидек ҳолатларни бир томонлама ёритмоқдалар. Тўғри, баъзи ҳолатлар ҳам борки, абитуриентларнинг тартиббузарликлари билан боғлиқ эмас. Шулардан келиб чиққан ҳолда маълум қиламизки, жамоатчилик эътибори туфайли, юзага келаётган ҳамда кўпчиликда салбий қараш уйғотаётган барча ҳолатлар ўрганиб чиқилди ва чиқилмоқда. Бугунги маълумотларимиз Давлат тест маркази томонидан дахлдор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган ўрганиш жараёнида аниқланган фактлар асосида тайёрланди.

1. Ижтимоий тармоқларда расмлари эълон қилинган тест топшириқлари китоблари.

2-сентябрь ва 3-сентябрь кунлари ўтказилган тест синови жараёнларида тест топшириқларининг расмга олинганлиги ва интернет нашрларида эълон қилинганлик ҳолатлари бўйича текширув ўтказилди. Текширув давомида расми кўрсатилган тест топшириқлари китоблари жорий ўқув йилига тегишли эканлиги ва ушбу саволлар китоблари компьютер тақсимотига кўра, 2-сентябрь куни Фарғона вилояти, 4-сектор (Марғилон шаҳри)да 1-сменада тест топшириши белгиланган 159-гуруҳга ҳамда 3-сентябрь куни Андижон вилояти, 6-сектор, 1-сменада тест топширилиш белгиланган 125-гуруҳ ва шу куни Хоразм вилояти, 1-сектор, 1-сменада тест топширилиш белгиланган 26-гуруҳга юборилганлиги маълум бўлди. Шунингдек, тезкор ҳаракат асосида ҳолатни амалга оширган абитуриентларнинг барчаси аниқланган ва уларнинг уч нафари жараён давомида, бир нафари жараёндан кейин четлатилган.

2. Ижтимоий тармоқларда расмлари эълон қилинган жавоблар варақалари.

Амалдаги тартибга кўра тест синовлари натижалари у топширилган куннинг эртасига эълон қилиниши лозим. Бундай тезкорлик учун катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилади. Бошқа бирорта давлатда бундай йўл тутилмайди. Умуман хорижий мамлакатларда 4 кундан 30 кунгача бўлган муддатда натижаларни эълон қилиш амалиёти мавжуд.

Аввалги йилда тажрибадан ўтган тест натижаларини тезкор эълон қилиш амалиёти ўзини тўла оқлаганлиги боис, бу йил ҳам қўлланилмоқда. Ўтказилган уч кунлик тест синови натижалари шу тариқа Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинди. Жорий йилда ҳам тест синовлари натижалари эълон қилингандан кейин абитуриентларнинг шахсий кабинетида ўзи томонидан тўлдирилган жавоблар варақалари расмлари қўйилди. Ушбу жавоблар варақалари расмларида абитуриентларнинг фамилияси, исми ва шарифи, қайси рақамли тест топшириқлари китоби берилганлиги, ўзлари бўяган доирачалар асосида тўғри ва нотўғри берилган жавоблар, балл миқдори кўрсатилади. Энди ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинаётган ҳолатлар бўйича изоҳ бериб ўтсак.

Бўялмаган ёки барча муқобил жавоб доирачалари бўялган бўлсада, балл берилган:

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ушбу ҳолатда ҳеч қандай қонун бузилиши аниқланмади. Бунда абитуриент томонидан расмда кўриниб турган саволларга нисбатан эътироз билдирилган ва унга мос доирача бўялмасдан қолдирилган. Эътирозни ўрганиш натижасида абитуриентнинг эътирози асосли топилиб, унга балл берилган. Таъкидлаш керакки, шундан сўнг эътирозли деб топилган шу савол қайси тест топшириқлари китобларида тушган бўлса, барчасига балл берилган. Тегишли доирача бўялмаган ёки ўша саволнинг барча доирачалари бўялган бўлса ҳам.

3. Барча жавоблари тўғри кўрсатилган жавоблар варақаси бўйича.

Тест синови топшириш жараёнида саволларга тўлиқ жавоб бериш ёки аксинча бўлиши абитуриентнинг билими, тайёргарлик даражасига боғлиқ. Ушбу ҳолатга Давлат тест марказининг боғлиқлик жойи йўқ. Шундай бўлса ҳам, салбий қараш туфайли, унга боғлиқ жараённи видеокузатув асосида аниқлаш мумкин.

4. Жавоблар варақасида абитуриентнинг фамилияси, исми ва шарифи мос келмаганлик бўйича.

5. Назоратчининг абитуриентга ёрдами бўйича.

Расмда кўрсатилган ва ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу ҳолат текширилганда ҳақиқатан ҳам бугун (5-сентябрь) Тошкент шаҳрида жойлашган Миллий боғда, 1-сменада ўтказилган тест синовларида юз берганлиги етарли далил-исботлар билан аниқланди. Ушбу жараёнга дахлдор барча шахслар аниқланди ва чора кўрилиши учун тегишли ташкилотга тақдим этилган.

Қайд этишимиз керакки, ўз навбатида кўрсатиб ўтилган салбий ҳолатларнинг юз берганлиги адолатпарвар юртимиз учун нохуш ҳолатдир. Шундай экан, барча назоратчилар, абитуриентлар ва жараён иштирокчиларини амалдаги тартиб-қоидаларга тўла риоя этишга ҳамда қоидабузарликларга бефарқ бўлмаслик, аксинча, бундай ҳолатларга гувоҳ бўлганда тегишли масъулларни ёки тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоларининг вакилларини хабардор қилишга чақирамиз.

Мамлакатимиз келажагининг порлоқ бўлишида, бошқа соҳалар каби таълимни юксак даражада такомиллаштиришда фаол, билимли, юқори салоҳиятга эга ёшларни саралашда одил бўлишларини сўраймиз", дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?