Ибн Сино асарлари — коронавирусга қарши курашаётган олимлар учун қўлланма 

20:43 02 Июнь 2020 Жамият
4980 0

Туркиянинг TRT давлат телерадиокомпанияси интернет саҳифасида улуғ аждодимиз Ибн Синонинг беназир илмий кашфиётларининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида мақола чоп этилди. Бу ҳақда  «Дунё» АА хабар берди.

Материал муаллифи – таниқли турк журналисти Уфук Нежат Ташжининг таъкидлашича, бугунги кунда бутун дунёда кенг қўлланаётган эпидемияни чеклаш усули – карантин бир пайтлар буюк олим ва мутафаккир Ибн Сино томонидан ўйлаб топилган ва илмий асослаб берилган.

«Дунё коронавирус пандемиясига дучор бўлган бир пайтда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида касалликларни одамдан одамга юқишига қарши курашишда Ибн Сино ихтиро қилган карантин усулидан фойдаланишни талаб қилди», - деб ёзади муаллиф.

У Ибн Сино буюк зиёли ва замонавий тиббиётнинг отаси бўлган, дея таъкидлайди. Буюк аждодимиз тиббиёт ва астрономиядан тортиб, математика ва илоҳиётгача бўлган кўплаб соҳаларда катта тажриба тўплаган. Ғарбда у Авиценна номи билан танилган. Йирик олим сифатида минг йил аввал хавфли инфекцияларга қарши курашда беқиёс роль ўйнаган. Буюк мутафаккир ўзининг «Тиб қонунлари» асарида юқумли касалликлар тарқалишини камайтириш учун 40 кунлик карантин зарурлигини таъкидлаган.

Кейинги йилларда «Тиб қонунлари» замонавий тиббиётнинг асосига айланди. Қарийб 600 йил давомида дунё тиббиёт ҳамжамияти ушбу китобдан дарслик сифатида кенг фойдаланиб келди.

Ибн Сино биринчи бўлиб микроблар турли касалликларни келтириб чиқаришини аниқлаган. У, шунингдек, одамларда юқумли сариқ касаллиги ва куйдирги каби жиддий бактериал инфекцияларнинг пайдо бўлиш сабаблари ва жараёнларига ойдинлик киритган.

Инсон ички аъзолари фаолиятига жиддий хавф соладиган баъзи касалликларни даволашда у седация (сунъий кома) техникасини қўллаган. Шунингдек, олим сийдикда қанд миқдорини ўлчаш орқали диабетга ташхис қўйиш усулини ихтиро қилган.

Кўпгина тарихчиларнинг таъкидлашича, Ибн Сино барча тиббий хизматларини бепул амалга оширган.

Буюк итальян шоири Данте ўзининг «Илоҳий комедия»сида (La Divina Commedia) Ибн Сино ҳақида сўз юритган. Бугун дунёнинг кўплаб тиббиёт олийгоҳлари деворларида буюк аждодимизнинг сурати осилган. Ойнинг орқа томонидаги бир кратерга унинг номи берилган. Бир қанча давлатлар Ибн Сино хотирасига эсдалик тангалар ва медаллар чиқарган. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?