"Hummer" бренди супер электромобиль кўринишида қайта тикланади

10:49 22 Октябр 2020 Дунё
221 0

General Motors компанияси Hummer брендини қайта тиклашга қарор қилди. Айнан шу ёрлиқ остида компания келгуси йил кузидан бошлаб Hummer EV “Edition 1” электр йўлтанламасини ишлаб чиқаришни бошлайди ва  сотувга чиқарилади. Ҳозирча унинг намунавий кўриниши омма эътиборига ҳавола этилди.

Буни қарангки, мазкур янгиликдан сўнг GM акциялари нархи ҳам кўтарилган. Масалан, чоршанба куни уларнинг ҳар бири 2,3 фоиз қимматлашган.

Замонавий уловнинг дастлабки нархи эса 112 595 доллар бўлиши маълум қилинди. 2023 ва 2024 йилдан бошлаб арзонроқ вариантлари тақдим этилиши кутиляпти.

Компания вакилларининг таъкидлашича, янги модель йўл танламайдиган супер юк ташувчи бўлиб, тенги йўқдир.

Hummer EV “Edition 1” уч двигателли тўлиқ ғилдирак тизимига эга, 3 сонияда худди спорт машиналари каби 100 км/соатгача тезлик олади. Соддалаштирилган пневмотик тизим ва «қисқичбақа режими» тўртта ғилдиракнинг бир вақтнинг ўзида айланишига имкон беради. Бу эса унга йўлдаги тўсиқларни деярли қийинчиликларсиз енгиб ўтиш имконини беради. 

Бундан ташқари, модель 160 км.гача етадиган зарядни 10 дақиқада олади. Яна кўплаб янги технологиялар, жумладан, машинани магистралларда қўллар ҳаракатисиз бошқариш имконияти мавжуд.

Айтиб ўтилганидек, унинг 2022 йилнинг кузида 100 минг долларлик ва 2023 йил баҳорида 90 минг долларлик нисбатан арзонроқ версиялари пайдо бўлади. Уларнинг тўлиқ қувват захираси 480 км. масофани босиб ўтишга етади.  

2024 йил кўкламида эса 400 км. қувват захирасига эга икки двигателли модели тақдим этилиши режалаштирилган. Унинг нархи 80 минг доллар бўлади. 

"Hummer EV учун битта мақсадимиз бор эди: энг кучли машинани яратиш", дейди бренднинг бош муҳандиси Ал Оппенгейзер.

"У сузиш ва учишдан ташқари қолган барча ҳаракатларни қилади, деб ўйлайман, дейди GM вице-президенти Дункан Алдред. — Бу мукаммал машинага ўхшайди. Унда ҳар қандай харидор учун нимадир бор".

Компания электрда ҳаракатланадиган йўлтанламаслар ишлаб чиқариш лойиҳасига 2025 йилга қадар 20 млрд. доллар инвестиция киритмоқчи. Шу асосда бир йилда АҚШ ва Хитой бозорларида 1 миллионта электромобиль сотишни мақсад қилган. 

Бу йўлда у 2021 йилда Cybertruck йўлтанламасини тақдим этишга ваъда берган Tesla ҳамда  2022 йилда F-150 электропикапини бозорга чиқаришни мақсад қилган Ford Motor билан рақобатга киришишига тўғри келади. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?