Ҳоли забун забонсиз обидалар. Кундан-кунга тутдай тўкилиб бормоқда

17:52 05 Февраль 2020 Маданият
856 0

Фото: Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи ONLINE”

Яхшидир аччиқ ҳақиқат...

“Халқ сўзи ONLINE”. Истам Иброҳимов/Бухоро. Бухоронинг қадимий кўчаларини яёв кезган киши ҳар қадамда бир тарихий обидага дуч келади. Маълумотларга кўра, кўҳна шаҳарда улар сони 600 дан ошади. Вилоят маданий мерос бошқармаси мутасаддиларининг билдиришларича, яқинда тарихий ёдгорликлар тўлиқ кадастр қилинди. Улар давлат муҳофазасига олинган. Баъзиларининг инвестиция киритиш шарти билан тадбиркорларга танлов асосида берилаётгани эса обидаларни асраб-авайлаш имкониятини кенгайтиради.

Фото: Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи ONLINE”

Салкам 400 йиллик тарихга эга Мағоки кўрпа масжидини бунга мисол тариқасида келтириш мумкин. Қаровсизликдан нураб ётган бу ёдгорлик маълум бир шартлар билан “Бухоро найс карпет” (“Бухоронинг чиройли гиламлари”) МЧЖга ижарага берилди. Хорижий сармоя эвазига ёдгорлик реставрация қилинди. Шу тариқа унинг умрига умр қўшилди.

Фото: Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи ONLINE”

Аммо... Агар айрим тарихий обидаларга забон битганида аввало Мағоки кўрпага ҳаваси келаётганини айтар ва ўзининг забун аҳволидан сўз очарди. Бу ҳақда бежиз тўхталмаяпмиз. Баъзи ёдгорликлар қаровсизлик оқибатида ҳамда ёғин-сочин таъсирида нураб боряпти. Бешафқат вақт олдида ожиз қоляпти. XVIII асрда бунёд этилган Мавлоно Ассири мадрасаси шулар жумласидан.

Фото: Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи ONLINE”
 

— 1960 йилдан буён шу мадрасага ёндош ҳовлида яшаб келяпман, — дейди 87 ёшли онахон Мушарраф Нуриддинова.— Бу ерда илгари эҳтиёжманд уч-тўрт оила истиқомат қилганини яхши эслайман. Хартугул, тоза-озода жой эди. Кейин эса қаровсиз аҳволга тушди. Биз яшаётган Мирдўстим кўчасидаги ушбу ёдгорлик ҳамда Модарихон мадрасасининг аҳволини кўриб ачинасан, киши. Мабодо, раҳбарлар келишса, уларга бу мадрасаларни таъмирлашга ёрдам беринглар, деб айтган бўлардим.

Фото: Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи ONLINE”

Афсуски, Мавлоно Ассири мадрасаси эшигига қулф урилгани боис ичкарига киришнинг имкони бўлмади.Аммо эшик тирқишларидан қарашнинг ўзи кифоя: ҳовлиси ташландиқ, ҳужралар вайрона аҳволда. Ёдгорликнинг ташқи кўринишини-ку айтмай қўя қолайлик. “Давлат муҳофазасига олинган” деган ёзувни кўрган киши эса таажжубдан ёқа ушлаши тайин.

Онахон тилга олган Модарихон халқ тилида “Қўш мадраса”деб аталадиган икки ёдгорликнинг биридир. У XVIасрда қурилган.Икки қаватли. Маҳобатли. Нозик меъморий ечимга эга. Элликдан зиёд ҳужраси бор. Аксарияти ҳувуллаб ётибди. Баъзи ҳужралар омборхонага ёки ахлатхонага айлантирилгандек таассурот қолдиради.Таъмирталаб, абгор аҳволда.

Фото: Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи ONLINE”

— 1997 йилдан буён шу ерда оилавий фаолият кўрсатиб келяпмиз, — дейди ҳунарманд Дмитрий Анисимов. — Раҳматли отам ишлаган устахонани ўз кучимиз билан таъмирладик. Илгари бу ерда усталар кўп эди. Лекин иншоот тендерга қўйилган, деган гап-сўзлардан кейин уларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Кетиб қолишди. Агар ҳужралар халқ амалий санъати усталарига берилса, улар бу ерни рисоладагидек таъмирлашган, мадраса файзига файз қўшишган бўлур эди. Бунга ишончим комил.

“Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси Дмитрийнинг айтишича, мадрасани томоша қилгани сайёҳлар тез-тез келиб туришади. Аммо қулф урилган ёки ташландиқ ҳолда ётган ҳужралар олдида турган сайёҳнинг кўнглидан қандай ўйлар кечади? У маданий меросга бўлган бундай муносабатга қандай баҳо беради? Ўз юртига қандай таассуротлар билан кетади?!

Фото: Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи ONLINE”

Айтмоқчи, қадимий шаҳардаги қай бир тарихий ёдгорлик эшигида кундузи ҳам қулф кўрсангиз, билингки, у таъмирталаб ёки қаровсиз аҳволда. Ваҳоланки, сайёҳларнинг шаҳарда имкон қадар узоқроқ қолиши ҳар томонлама, айниқса, молиявий жиҳатдан фойдали. Шундай экан, таъмирталаб ёдгорликларни реставрация қилиш, ҳолатини яхшилаш, эшикларини ланг очиб қўйиш мавриди келди. Фикримизча,бу умумдавлат миқёсидаги масалага айланиши, тегишли ташкилотлар шу мақсад йўлида жонини жабборга бериб ишлаши зарур. Токи, реставрация ишлари кенг кўлам касб этсин. Соҳа учун профессионал кадрлар тайёрлансин. Қадимий ёдгорликларнинг ҳар бир ғиштини асраб-авайлайлик. Улар тўғрисида чуқур билимга эга бўлайлик.

Яна бир гап: Айрим давлатларда юз, нари борса, юз эллик йил муқаддам қурилган иншоотларни ҳам тарихий обида сифатида асраб-авайлашади, улар билан фахрланади. Бизда эса ўтмиши салкам минг йилга бориб тақаладиган ёдгорликлар оз эмас. 900 йиллик тарихга эга Намозгоҳ масжидини мисол тариқасида келтириш мумкин. Тарихий манбаларда жуда обод, хушманзара ва файзли маскан,дея таъриф этилган бу гўша афсуски,ҳозир ачинарли аҳволда. Ноёб меъморий ёдгорлик тутдай тўкилиб боряпти. Дарвоқе, бу ҳақда бундан етти ойча муқаддам сайтимизда мақола ҳам эълон қилган эдик. Аммо аҳвол ўзгаргани йўқ. Ҳолбуки, бундай объектлар сайёҳликни, хусусан, зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Фото: Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи ONLINE”

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида шу ҳақда алоҳида тўхталиб, жорий йилда юртимизга келадиган туристлар сонини 7,5 миллионга етказиш, катта салоҳиятга эга зиёрат туризмини ҳам жадал ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Шундай экан, аждодларимизнинг ақл ва заковати маҳсули саналган ҳар битта масжид ва мадрасани, бой маданий меросимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, улар ҳолатини яхшилаш мавриди аллақачон келди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?