Ҳиммат ҳумойининг баландпарвозлиғи

12:07 07 Февраль 2020 Маданият
262 0

Алишер Навоий ижодида саховат, карам, ҳиммат, футувват тушунчаларига тез-тез дуч келамиз. Шоир мазкур сифатларни башарият, унинг эртанги куни учун жуда муҳим ҳисоблайди. Улуғ мутафаккирнинг ҳаёт йўли ҳам бевосита ушбу маслаклар билан дахлдорлик касб этади. Бу тушунчалар мазмунан яқин бўлса-да, айнан эмас. Айниқса, саховат ва ҳимматни чалкаштирмаслик зарур.

Бу икки тушунча алоҳида мазмунга эга эканилиги ҳақида Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида шундай ёзади: “Ҳиммат аҳлиғадур саховат ихтисоси ва бу икки шариф сифат шоҳи валоят хоси. Саховат одамиға бадандур ва ҳиммат анга руҳ ва ҳиммат аҳлидин оламда юз минг футуҳ… Ҳиммат аҳлиға агарчи бийик кавкабадур, аммо саховатға неча мартабадур…” Изоҳдан ҳимматнинг моҳиятга оид экани, чуқур ва кенг маъноси маълум бўлмоқда. Ҳиммат аҳли зоҳирбинликдан йироқ, улар тафовутлар моҳиятан бир эканидан воқиф. Шу боис мартабада саховатпешалардан ҳам улуғдир. 

Кўнгил ҳиммат аҳлиғаким бўлди кенг,

Ғино бирла фақр ўлди оллинда тенг. (“Садди Искандарий”).

Ҳиммат сўзининг маъноси ҳам серқирра: ният, уриниш, саҳоват, кучли ирода, азму шижоат, бирор ишга қаттиқ жазм қилиш, футувват; саъй-ҳаракат, мурувват, жавонмардлик каби. Ушбу маънолардан бири маълум матнда устувор бўлиши мумкин, аммо уларнинг аксарияти мардлик, ирода тушунчаси атрофида умумлашади. Ҳиммат – мардлик, фақат бу қўлидаги нарсани ўзгага беришгина эмас, балки дунёнинг фонийлигини англаш орқали ундан онгли тарзда воз кечиш ва буни тан ола билиш мардлиги, чинакам жавонмардликдир. Навоий ўз асарларида ҳиммат ҳақида гапирганда, асосан, мазкур маънони назарда тутади.

Чунончи, Навоий “Садди Искандарий” достонининг асосий бобида ҳиммат тушунчасини воз кечиш маъносида қўллаб, икки нарсага ташбиҳ қилади: 1) кимё; 2) ҳумой (қуш). Қадимда мис ёки шунга ўхшаш металларни олтинга айлантириш илми кимё дейилган. Ҳимматнинг кимёга ўхшашлиги шундаки, кимё ёрдамида эритмадан кераксиз моддалар чиқариб ташланади ва унинг таркибидаги соф, энг қимматбаҳо модда ажратиб олинади; ҳиммат эса (дунёнинг ҳар қандай матоҳидан кеча олиш журъати, мардлик бўлгани учун) худди кимё каби инсонни фоний, арзимас нарсалар (дунё) ва уларга бўлган хоҳишдан покловчи хулқдир. Ҳиммат вужуд кимёси сифатида ботин мусаффолигига эриштиргач, ортиқча юк ва қайдлардан қутилган руҳ баландпарвоз (қуш) бўлади. Кимё илмини билганни бой дейишган, чунки у олтин бўлмаган нарсаларни олтинга айлантира олган. Ҳимматли инсон эса басират кўзлари билан керак-нокеракни айириб, фоний ва боқий нарсаларни фарқлайди. Шу маънода, инсондаги ҳимматлилик моҳиятни кўра олиш қобилятидир. Инсонда мангуликка дахлдор нарсаларга эгалик қилиш истагининг борлиги– унинг ҳақиқатда ғани зот эканини кўрсатади. Демак, ҳимматли инсон дейилганда ориф шахс ҳам назарда тутилади, ўз навбатида, орифлик фазилати бўлган инсон дунё қайдларидан устундир.

Навоийнинг мазкур ҳақиқатлар поэтик ифодаси учун ҳиммат эгасини қушга ўхшатишида ҳам етарли асос бор. Шарқ адабиётида қадимдан инсонни, унинг руҳини қуш рамзий-мажозий образи орқали тасвирлаш анъанаси мавжуд. Кишининг ҳиммати қанча буюк бўлса, шу қадар баланд парвоз этаётган қушдир. Юксак парвозли қушга овчининг ўқи етмаганидек, юксак ҳиммат эгасининг дунё ташвишлари, жаҳон аҳлидан меҳнати шунча оз бўлади. Башарти инсон мунтазам кўкка талпинувчи қуш деб тасаввур этилса, дунё – унга қўйилган тузоқ, ҳойю ҳаваслар эса тузоқ сари етакловчи дон. Оёғи банди, бўйнида юки бор қуш уча олмаганидек, инсон тузоқ (дунё) дан, юк (ҳой-у ҳавас) дан халос бўлиш жасорати, шижоатига эга бўлсагина руҳи эркин парвоз этади.

Чиқиб бу дайрдин Исоға невчун ҳамнафас бўлмай,

Биҳамдиллаҳ, тажарруд бирла ҳимматдин қанотим бор.

(“Ғаройиб ус-сиғар”). Юқоридаги байтда шоир айни шу маъноларни назарда тутган.

Хулоса шуки, Навоий ҳимматни чинакам инсонда бўлиши лозим бўлган энг асосий сифатлардан бири деб билади. Ҳимматли инсонни ориф, узоқни кўра билувчи шахс сифатида тасвирлаб, бундай фазилатга эга бўлмаганларни зоҳирбин, моҳиятдан бехабарлар эканини таъкидлайди.

Илёс Исмоилов,

филология фанлари номзоди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019