Ҳар бир қадамни ўйлаб босиш – сайловчиларимиз талаби

15:43 07 Апрель 2020 Сиёсат
4604 0

Дунё ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Сўнгги пайтларда Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан матбуотда турли фикрлар, таклифлар билдириляпти.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бундай муҳим ва мураккаб масаланинг ҳал қилинишини парламентга ишониб киритган.Шу боис,депутатлар ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш масаласини жуда синчковлик ва катта масъулият билан кўриб чиқишяпти.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал- демократик партияси бу масалага, авваламбор,ўз электорати бўлган тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ёндашади.

Мазкур иттифоқни ташкил этишнинг учта умумий мақсадига эътибор қаратамиз:

- иттифоққа аъзо давлатлар миллий иқтисодиётларни ҳар томонлама модернизациялаш, рақобатбардошлигини ошириш;

- аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш;

-иттифоққа аъзо давлатлар аҳолисининг ҳаёт даражасини ошириш йўлида барқарор ривожланиш учун шарт-шароитлар яратиш.

Бундан кўринадики, ушбу мақсадлар Ўзбекистоннинг халқаро интеграциялашув бўйича устувор манфаатларига мос келади.

Биринчидан, ҳамкорлик денгизга чиқиш эшикларини очади. Барча географик макон “тўртта эркинлик” (инсонлар, воситалар, хизматлар ва товарлар) бозори деб эълон қилинган.

Иккинчидан, ягона ҳудуддан фойдаланиш иштирокчи мамлакатларга ички (эркин зона ҳудудида) шерикчиликка оид ҳамда халқаро савдони енгиллаштиради. Яъни солиқ, бож, чиқимлар соддалаштирилган ва камайтирилган.

Учинчидан,Россияга яқин мамлакатлар ишчиларининг ушбу давлатга чиқиши учун фойдали шартлар бор. Бундан меҳнат миграцияси фойда кўриши, шубҳасиз.Арманистон ва Қирғизистон, Россия иш ўринларидан эркин фойдаланиш ҳуқуқини олдилар ва бундан фақат фойда кўрдилар. Ўз навбатида, эркин ҳаракатланиш шунингдек, Россиянинг айниқса қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги харажатларни камайтирувчи ишчи кучининг мунтазам оқиб келиши ҳисобига ушбу давлат иқтисодиётига ҳам фойда келтирмоқда.

Тўртинчидан,ўзаро экспорт ва ҳамкорликда ишлаб чиқаришга доир келишувлар бозор муаммоларини ҳал этишга ёрдам беради.

Бешинчидан, иқтисодий иттифоққа аъзо мамлакатларнинг маҳсулотлари умумий иқтисодий зонада ўз харидорларини топади, ушбу маҳсулотлар анча фойдали шароитларда, арзон нархда сотилади.

Буларнинг бари эса OʻzLiDeP электоратининг манфаатларига жавоб беради.Жойларда депутатлик корпусининг сайловчилар билан бўлган муҳокамалари шуни кўрсатмоқдаки, тадбиркорлар ва фермерлар Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқида иштирок этиши билан маълум имтиёзлар очилишини қайд этганлар.Уларнинг фикрича, бу имтиёзлар мавжуд хавфлардан кўра кўпроқ тош босади. Хусусан, Ўзбекистон экспорт маҳсулот учун бозорларга эга бўлади, инвестициялар оқимини оширади, иқтисодий иттифоққа аъзо мамлакатлар ишлаб чиқарувчилари ўртасида кооперацияни ривожлантиради.

Қишлоқ хўжалиги учун берилаётган имтиёзлар жумладан, импорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги техникаси, технологиялар, уруғлар, ўғитлар ҳамда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун зарур бўлган бошқа воситалар нархларининг пасайиши ҳисобига мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи камаяди.

Ўзбекистоннинг ЕОИИда иштирок этишидан қишлоқ хўжалиги фойда кўради, ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ошади ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўпаяди. Экспорт ҳажмининг ошиши, шунингдек, транспорт харажатларининг арзонлашиши ва Қозоғистон ҳамда Россия Федерацияси ҳудуди бўйлаб тез айнийдиган товарлар транзитининг соддалаштирилиши ҳисобига ҳам рўй беради.

Бироқ, айрим экспертлар мазкур иттифоқ сиёсий ғоялардан холи бўлган, мутлақо иқтисодий ўзаро ёрдам бериш механизми эмаслигига ҳам эътибор қаратишяпти. Гап Европада Россия бозорига товарларнинг транзитчиси бўлган Беларусь, Хитой ва Ҳиндистондан келадиган маҳсулотлар транзитчиси бўлган Қирғизистон ҳақида боряпти. Баъзан маҳаллий маҳсулот хориждан келтирилган анча арзон ва оммавий товарлар билан рақобатлаша олмайди. Шунингдек, нефть нархининг ўзгариб туриши ва ушбу нархларнинг Россия рублига таъсир кўрсатиши иқтисодий иттифоқ ҳамкорларининг валюталарига ҳам таъсир кўрсатади.

Иқтисодий ҳамкорлик масалаларида турли қийинчиликлар бўлиши ҳам кутиляпти. Оддий ҳамкорлик дастурини ягона тизимга айлантириш муайян муаммоларни келтириб чиқариши ҳам мумкин. Айни дамда ушбу иқтисодий иттифоқнинг истиқболлари ҳам ёмон эмас, бунда аъзо давлатлар ўзаро алоқа қилиб турадилар, Евросиё иқтисодий иттифоқи Хитой ва Вьетнам билан манфаатли битимларни тузган.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг ушбу интеграциявий бирлашмага қўшилиши бўйича муайян хавфлар ҳам бор, деб ҳисоблаймиз. Мамлакатимиз ҳукумати ушбу масалани ҳар томонлама муҳокама қилиб чиққанини инобатга олиб, Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни зарур деб ҳисоблаймиз. Ушбу ташкилот билан ҳамкорлик Ватанимиз мустақиллигига рахна солмайди,деган қатъий фикрдамиз.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ҳозирги шароитда мамлакатимизнинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан кузатувчи мақомида ҳамкорликка киришишини маъқуллаймиз. Мазкур ташкилот билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатларидан келиб чиқиб, халқаро ва минтақавий иқтисодий ташкилотларда қатнашишга бўлган табиий истагини акс эттиради, деб ҳисоблаймиз.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

OʻzLiDeP фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?