Ҳаммада касаллик турлича кечяпти. Коронавируснинг энг кўп тарқалган симптомлари қайсилар? — долзарб саволларга аниқ жавоблар

18:05 13 Октябр 2020 Жамият
445 0

АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова коронавирус инфекцияси ва уни даволаш бўйича муҳим саволларга жавоб қайтарди.

Савол: Мен ҳомиладорман, ўзимни яхши ҳис қиляпман, лекин ПЗР тест натижалари мусбат чиқди. Қандай муолажа олишим керак? 

Жавоб: Изоляция ва даволаш тадбирлари ихтисослашган (COVID-19 бўйича махсус туғруқ комплексда) ёки уйда (ўз-ўзини изоляция қилган ҳолда) амалга оширилади.

Ҳомиладорлик даврида ўсаётган ҳомила аёлнинг ўпка ва юрагини боса бошлайди, бу эса организмда қон айланишини қийинлаштиради. Агар ҳомиладор аёл COVID-19 билан жиддий касалланган бўлса, бу унинг аҳволини ёмонлаштиради ва нафас олишни қийинлаштириши мумкин. Шунинг учун бундай аёллар кузатувда бўлишлари шарт. 

Касалликнинг енгил ёки асимптоматик шаклига гумон қилинган беморни тиббиёт муассасаси ёки уй шароитда кузатиш тўғрисидаги қарор ҳар бир маълум ҳолатда индивидуал равишда, COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларга ёрдам кўрсатишнинг маҳаллий маршрутини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.

Шунингдек, ушбу қарор клиник кўриниш, қўллаб-қувватловчи даволанишга бўлган эҳтиёж, оғир асоратлар юзага келиб чиқиши мумкин бўлган потенциал хавф омиллари ва уй шароитларига, шу жумладан, бемор заиф одамлар билан биргаликда яшашига боғлиқ бўлади.

Ҳомиладор аёлларда қуруқ йўтал, ҳароратни кўтарилиши, нафас қисилиши, ҳолсизлик, иштаҳа йўқлиги, мушакда оғриқ аломатлари пайдо бўлганда уйдан чиқмаган ҳолда яшаш манзилидаги участка шифокорига ёки аёллар маслаҳатхоналарига тиббий ёрдам учун мурожаат қилишлари зарур. Имкон қадар тиббий ёрдам учун эрта мурожаат қилиш ва даволашни эрта бошлаш керак, бу эса сезиларли даражада соғайишни таъминлайди. 

Ҳомиладорлар учун энг хавфсиз дори-восита парацетамол ҳисобланади. Ушбу дори воситасини қабул қилса бўлади, лекин миқдори кунига 4 г.дан ошмаслиги керак. Кўпроқ суюқлик ичиб туриш тавсия этилади. 

Эсда тутиш лозим! Ҳомиладорлик даврида ҳар хил дориларни шифокор назорати ва тавсиясисиз ичиш ман этилади. 

Стационарга госпитализация қилиш учун кўрсатмалар қуйидагилардир: 

—юқори иситма, йўтал кучайиши, нафас қисилиши ва тез-тез нафас олиш, шунингдек, ёндош соматик касалликларнинг симптомлари кучайиб бориши.

Савол: Ҳаммада касаллик турлича кечяпти. Коронавируснинг энг кўп тарқалган симптомлари қайсилар?

Жавоб: Энг кўп тарқалган симптомлардан бири иситма - 88 % беморда; қуруқ йўтал - 68%; лоҳаслик - 38%; йўталда балғам ажралиши - 33%; нафас қисиши - 18%; томоқ оғриши - 14%; бош оғриғи - 14%; мушакларда оғриқ - 14%; қалтираш - 11%.

Камдан-кам ҳолатларда кўнгил айниши ва қусиш (5%), бурун битиши (5%) ва диарея (4%) кузатилади. Тумов COVID-19 аломати ҳисобланмайди.

Савол: Нега ҳар куни янгиликларда тузалаётганлар фоизи кўпайиб бораётгани айтилаётганига қарамасдан чет давлатларидан мутахассислар таклиф қилиняпти? 

Жавоб: Тўғри, ҳозирги кунда Ўзбекистонга бир қатор давлатлардан, жумладан Туркия, Корея, Хитой, Германия, Россиядан мутахассислар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш, амалий ёрдам бериш ҳамда зарур бўлса керакли тавсиялар беришга ташриф буюрмоқдалар.

Пандемия тез ривожланаётганлиги сабабли, бутун дунё олимлари ҳам бир жойда тўхтамаяптилар, улар доимий изланишдалар. Вируснинг янги қирралари ҳамда янги даволаш усуллари устида мунтазам иш олиб борилмоқда. Хозирги кунга келиб, касаллар сони, унинг кечиши ҳамда ЖССТ тавсиялари касалликни ўрганган сари ўзгариб борганлиги сабаб тавсиялар ҳам ўзгариб бориши табиий ҳол. 

Ҳар бир давлат тавсияларни маҳаллий шароитларга мослашган ҳолда ишлаб чиқади ва ҳар қандай вақтда уни тўлдириши ёки ўзгартириши мумкин. Шунинг учун ривожланган мамлакатларнинг малакали мутахассислари билан мунтазам тажриба алмашиб туриш ҳозирги кун талаби ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?