Ҳайрат

15:13 25 Июль 2019 Маданият
452 0

Самарқандни қадим-қадимдан шарқ гавҳари дейдилар. Бу ерга келган ҳар бир сайёҳ ўзи излаган, қумсаган гўзалликни топган. Машҳур можар олими Ҳерман Вамберининг шаҳодат беришича, ровий испан сайёҳи Клавихо, Темур саройи улуғворлигини Самарқанд атрофидаги Конигул чўлида чодиргоҳда тўй пайтларида кўрган ажойиботларни тасвирлашдан ожизлигини ёзган.

Турклар ҳар доим енгил чодирларда умр кечирганлар, бинобарин, уларнинг бойликлари, номдорликлари, безаклари бу кўчма юртларда кўзга яққолроқ кўринади. Темур бутун ер юзидаги туркларнинг энг буюги, энг шавкатлиси бўлгани учун ҳам бу чодирларда ҳозиргача кўринмаган шавкат ва шашаларини намоён этиши табиийдир. Гўзал Конигул чўли қисқа бир муддатда ўзининг чодирлари тепасидаги байроқчалари бепоён лолазорга ўхшаб, эл-улуси билан яшнаб турган катта гул боғчасига айланган эди. Самарқандга келган сайёҳлар ҳайрати асарларига кўчди. Улар шарқда-буюк ипак йўлида жойлашган, Амир Темур замонида 130 минг аҳолиси бўлган, шарқида “Дилкушо“, жанубида “Боғи биҳишт“, “Боғи нав“ бўлган “минг бир кеча“даги эртаклар шаҳрини, унинг гўзал ва латофатли қасрларини шу қадар меҳр-муҳаббат билан тасвирладиларки, бу ҳайрат ўша замонлардаёқ европаликларга юққан ва уларни мўъжизалар шаҳри томон отлантирган.

Назаримда ўша соғинч бугун ҳам хорижликларни Самарқандга етаклаб келмоқда. Бу одамларни энди осмонўпар бинолар, учар автомобиллар, сув ости қасрлари ҳайратлантира олмайди. Улар бугун бизга қадим маданиятни-мадраса ва мақбаралар пештоқидаги санъатни, сўзаналарда акс этган ҳаётни, сағаналардаги тарихни, тошларга битилган муҳаббатни кўриш учун келмоқда.

Бир пайтлар Бибихоним мадрасасининг нураган хароба томи узоқ-узоқлардан кўзга ташланиб дилимизда маҳзун ҳислар уйғотарди. Хайриятки, бугун у асл ҳолатига қайтди. Тарихий обидалар маънавий янгиланди, атрофлари очилди, ободонлаштирилди, янгидан қурилди...

Шу билан Самарқанд кўксидаги жароҳатлар барҳам топдими? Бизнинг кўз ўнгимизда нафс балосига йўлиққан кимлардир “ЮНЕСКО“ эътиборига тушган, қарийб 3000 ёшга кирган шаҳарнинг нуроний қиёфасига чанг солмадими? Энди нафақат шаҳарнинг кўҳна қиёфасини, балки, унинг ортиқча шовқин-суронсиз осойишта ҳаётини ҳам, қуриб, кўмилиб қолган “Сиёб“ ариғи зилол сувини ҳам қайтариб беришимиз керак.Самарқанд бозорлари бир пайтлар дунёга турфа хил товарлари, анвойи таомлари билангина эмас, меҳмоннавоз, хушхулқ, хушмуомала одамлари билан ҳам танилган. Юксак маданияти билан ном қозонган. Бунинг учун бизни бугун миршаб келиб туртиши, қозихонага судраши шарт эмас. Бу шусиз ҳам қон-қонимизга, жон-жонимизга сингиб кетган. Қолаверса, сайёҳлар кўп келадиган шаҳарда ҳар қадамда формада ҳуқуқ посбонлари туришининг ўзи уят.

Яшириб нима қилдик, шаҳарнинг Боғишамол мавзеси - темир йўл - Даҳбед мавзелари оралиғи кўчаларидаги тиқин, шусиз ҳам кўпайиб кетган машиналар сиренасига энди трамвай қичқириғи ҳам қўшилиб кетганига бизку майли бир амаллаб чидармиз, лекин сайёҳлар анча хуноб бўлса керагов.

Бугун аҳолиси беш миллиондан кўпроқни ташкил этган Грузияга ҳар йили етти миллиондан зиёд сайёҳ келаркан. Демак, меҳмоннавозлик шаклланган. Инфратузилма юқори даражада, меҳмонхона, ошхона, савдо расталари кечаси ҳам ишлайди. Таксичиларнинг одам шавандалигинику, қўяверинг. Буларнинг барчаси ҳамюртларимизда бор. Шипшитиб қўйилса, ташаббуслари бўғилмаса, имконият эшиклари кенг очилса бас. Тез кунларда ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган халқаро “Шарқ тароналари“ фестивали бошланади. Самарқандликлар бу катта анжуманга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Йўналишли автобуслар, йўналишсиз таксилар ҳаракати тартибга олиняпти. Транспорт бошқармаси ходимлари томонидан тарғибот-ташвиқот кучайтирган. Хуллас, жамики тармоқ ва тизимларда хорижлик меҳмонлар мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилмоқда. Бугун шаҳар азиз меҳмонларни кутиб олишга тайёр. Ассалому алайкум, “Шарқ тароналари“!

Умид СОРИЕВ, “Халқ сўзи“

Franz Grafenauer, австриялик сайёҳ: Самарқандга турмуш ўртоғим Veronika ва укам Lukasбилан илк бор келишимиз. Биз дастлаб қадим шаҳарнинг диққатга сазовор тарихий обидаларини, асрлар давомида савлат тўкиб турган Регистон майдонини зиёрат қилдик. Айни пайтда Регистон майдонида халқаро “Шарқ тароналари”фестивалига қизғин тайёргарлик кетаётган экан. Айниқса, аёлим Veronika шарқ мусиқалари шайдоси. “Мен шу фестивалда қатнашишни жуда-жуда истаяпман.” дейди, у.

Кейин биз Самарқанд туманидаги Қонигул қоғоз фабрикасини бориб кўрдик. Бу ерда инсон қўл меҳнати билан яратилаётган бебаҳо қоғоз мен ва оиламни ҳайратлантирди.Укам Lukas, “Бу Хитой қоғозларидан ҳам пишиқ экан-ку” дея қувониб кетди. Бизда фабрикада оддийгина тут дарахти пўстлоғидан ишлаб чиқарилаётган қоғоз жуда катта қизиқиш уйғотди. Тўғриси, илгарилари ҳам Қонигул қоғози ҳақида манбаларда кўп ўқиган эдим. Насиб экан, бугун ўз кўзимиз билан кўриб унинг шайдоси бўлиб турибмиз.

Зариф Мухторов, Қонигул қоғоз фабрикаси раҳбари: Биз қадимий Самарқанд ипак қоғозини ишлаб чиқарамиз. Қонигул қишлоғида ишлаб чиқарилаётган бу қоғознинг тарихи 8-асрларга бориб тақалган бўлса, сўнгра бу тадқиқот БАА ва Европа давлатларига буюк ипак йўли орқали тарқалган. Эътиборлиси, ҳозирда европаликлар Самарқандни “қоғоз ватани” дея эътироф этишади. Бизнинг фабрикамизга ҳам айнан шу қоғозни кўриш, технологияси билан танишиш мақсадида дунёнинг турли бурчакларида сайёҳлар ташриф буюришмоқда. Очиғи, давлатимиз раҳбарининг туризм соҳасига алоҳида эътибори кўрсатаётганлиги туфайли сўнгги йилларда сайёҳлар оқими икки карра ортгани яққол намоён бўлмоқда. Биргина шу йилнинг ўзида корхонамизга олти мингда ортиқ сайёҳ келди, десам асло муболаға эмас. Самарқанднинг қоғозини бутун дунёга машҳур қилган маҳсулот бу – тут пўстлоғи. Қоғозни теракдан ҳатто арча дарахтидан ҳам яратиш мумкин. Лекин уларнинг толалари калта бўлганлиги боис, унга клей суркалади. Бу қоғоз нари борса, 100 йил яшаши мумкин. Лекин тут пўстлоғининг толалари табиий узун бўлганлиги учун, унга ҳеч қандай клей суртилмайди. Яъни у юз фоиз табиий ҳолда ишлаб чиқарилиб, икки минг йилгача асл ҳолича сақланади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019