Футбол тоза бўлиши учун ҳамма соҳа тоза бўлиши керак​ — ПФЛ директори

13:02 02 Июль 2020 Спорт
147 0

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев Спутник манбасига берган интервьюсида мамлакат футболидаги муаммолар ва ушбу спорт тури келажаги, Ўзбекистонда “янги Мессилар” қачон етишиши ва “тўймас ўйинчилар” ҳақида ўз фикрларини очиқ баён этди.

Нега ПФЛга тайинлангани ҳақида…

— Профессионал футбол лигасида фаолият юритаётганимга 2 йил бўлди. Ишга Омон Ғофуров қабул қилган. Кейин фаолиятимни Даврон Шоқурбонов билан давом эттирдим. Шу икки йиллик иш давомида ПФЛнинг барча икир-чикирларини ўргандим. Ўзбек футболи муаммолари ҳақида етарлича тасаввурга эгаман. Дейлик, трансляциялар масаласи менга бегона эмас. Чунки бошида телевидение соҳасида ишлаганман, Спорт телеканалида фаолият олиб борганман.

Болалар футболини ривожлантириш, футбол моддий-техник базасини яхшилаш ҳақида ҳар доим чиқиш қилганман, айримларга ёқмайман ҳам, аммо бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциациасининг раҳбари хабар топгач, ёш бўлишимга қарамай, ушбу лавозимни ишониб топширишди. Мен ҳозирда шу ишончни оқлаш ҳаракатидаман.

Улкан режалар: легионерлар, болалар футболи ва қиммат “юлдузлар” ҳақида

— Профессионал футбол лигаси раҳбари сифатида бир қанча режаларим бор.

Биринчидан: Ўзбекистон ПФЛ фаолиятини бир оз ислоҳ қилиб, секин-аста Ўзбекистон Футбол ассоциациясидан мустақил ташкилотга айлантириш ниятидаман. Сабаби ташкил этилганидан буён ФАга қарам ташкилотмиз. Бу ҳолатнинг жаҳон тажрибасидан келиб чиққани ҳам нотўғри.

Футболи ривожланган Англия, Испания, Италияда доимо Футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лига ўртасида рақобат бўлган. Бугун биз ҳам шунга эришишимиз лозим.  Яъни ПФЛни ўзи мустақил пул топадиган ташкилотга айлантиришимиз керак ва ҳозир шу устида иш олиб боряпмиз.

Иккинчидан: Мана 2020 йилга қадам қўйдик, лекин Ўзбекистон футболи шу кунгача клублардан пул олади.

Клублар бизда иштироки учун бадал пули тўлайди.

Шу ҳолатни босқичма-босқич йўқотиш тарафдориман. Яъни бадал пулларига қарамасдан, тижорат ташкилоти сифатида пул ишлаб, трансляцияларни сотиш эвазига, ҳомийлар билан шартномалар тузиш эвазига шу нарсага эришмоқчиман. Уч йил вақтим кетадими —​ тўрт йил вақтим кетадими, насиб қилса, яқин келажакда клублардан пул олмайдиган, аксинча, уларга пул берадиган ташкилотга айлантираман.

Учинчидан: ҳозирда бизда футбол соҳасига жуда катта маблағлар сарфлаётгандек туюлса-да, аслида бу пуллар Япония, Жанубий Корея, Қатар, БАА, Эрон, Австралия сарфлаётган маблағларга етиб бормайди барибир. Айтмоқчиманки, кўрпамизга қараб оёқ узатишимиз керак-да. Шу кунгача миллиард-миллиард пул сарфладик, шунча футболчиларга маош, кўтарма пули бердик… Лекин на жаҳон чемпионатига чиқа олдик, на бир футболчиларимиз кучли бешликкача етиб бора олди!

Шунинг учун биринчи галда футбол инфратузилмаси ва академияларини яхшилаш устида ишлашимиз керак. Бундан кейин регламентга амал қилиб бўлса ҳам шу учун ишлайман.

Яъни ўсишдан тўхтаган, фақат шу катта пулга ўйнайдиган, аслида эса ўйинга, футболга ҳеч ҳам фойдаси тегмайдиган футболчилар шахсан менга унча қизиқмас. Ундан кўра, тажрибаси кам бўлса ҳам, кўпроқ югурадиган, ўзини устида ишлашдан тўхтамаган, ҳали салоҳияти бор бўлган, камроқ ҳақ эвазига ўйнайдиган йигитларни ўйнатиб, ортган пулни футбол инфратузилмасини яхшилашга сарфлашни афзал деб биламан.

11 нафар машҳур футболчини олиб келди, миллион-миллион пул тўлади, лекин «поля»сида ўт ўсиб ётади, бунақа бўлиши керак эмас! Олдин инфратузилмасини тўғирласин, болалар футболини ривожлантирсин, ана ундан кейин унга легионер футболчи олиш ярашади. Ундан кейин унга Дубайга бориб йиғин ўтказиш ярашади…

Бизларда шунчаки ҳамма жамоа йил бошида Дубайга боради, юз минг доллар сарфлаб, катта-катта кўтарма пулларни беради футболчиларга, лекин 10 минг долларга ўтни ўрадиган «косилка» олмайди. Ёки июль ойида майдонни ёритадиган прожекторга пул тикмайди. Нима учун?

Давлат корхоналари ўша пулни нима учун беряпти? Ҳаммасида назорат бўлиши керак. Бизлар клублар ишига бурнимизни тиқмаймиз, лекин регламент орқали уларни ишлаш фаолиятини барибир назорат қиламиз. Шу пайтгача давлат клубларга пул берган, аммо улардан ҳисоб талаб қилмаган.

Клублар ҳам бу пулларни ўзи ишлаб топмаяптими модомики, кимдир олдида ҳисобдор бўлиши керак улар.

Мен ўзим ҳам худди шундай ишлаш тарафдориман. 2021 йилда агар шу ерда ишлаб турсам, йил бошида режаларим ҳақида конференция ташкил қилиб, журналистларга ҳисоб бераман ва йил охирида худди шундай конференция чақириб ўша режаларим бўйича ҳисобот топшираман.

Яъни неча пул топдим, қайси пулни қаерга йўналтирдим, қайси клуб билан қаерда ишладим, қайси клубни нима учун четлаштирдиму, қайси клубни нега мусобақага қўшдим — бу каби саволларга жавоб бераман.

Коронавирус бизларга кўп нарса ўргатди: пандемиянинг футболга таъсири ҳақида

— Коронавирус пандемияси футболни тўхтатиб қўйганлигини айтмаса, жуда катта талафот келтиргани йўқ. Асосан, мухлислардан яхши пул ишлайдиган футбол клублар ютқазди. Айтайлик, “Навбаҳор”нинг ҳар битта ўйинига 15 мингдан кам мухлис келмасди. “Насаф” ҳам яхши келишувларга эришганди, ҳар битта ўйинига келадиган мухлислардан пули бор эди…

Лекин шахсан мен шу масалага озгина позитив нуқтаи назардан ёндашмоқчиман: коронавирус бизларга кўп нарса ўргатди.

Яъни мундоқ олиб қаралганда, мухлисларсиз футболни кўрсангиз, “Пахтакор” билан “Локомотив” ёки бошқа Европа жамоаси ўйини ўртасида жуда катта фарқ бўлаётгани йўқ ҳозир.

Ташкилотчилик жиҳатдан орқадалигимиз аён бўлди, холос. Аслида бу бизлар ҳам озгина ҳаракат қилсак, ўшаларни ўйинига чиқишимиз мумкинлигини кўрсатди.

Кўпчилик футболни соғинди, футболга тушишмоқчи ва бундан бизлар позитив нуқтаи назарда чиқиб кетишга ҳаракат қилишимиз керак.

Ҳозирда мусобақаларни бошлаб олдик, ҳаракат қиляпмиз мухлисларни қайтаришга. Сабаби мухлисларсиз футбол — гуручсиз ошга ўхшаб қоларкан...

Нега ўзбек футболига ишонишмайди?

—​ Ўзбекистонда жуда кўп соҳаларни танқид қилишади, лекин айнан футбол соҳасига тўхталадиган бўлсам, одамларни фикрига қараб иш қилиш тўғри эмас. Россияда ҳам, Англияда ҳам, Испанияда ҳам, ҳаммаёқда худди шунақа сўкиш, худди шундай қизғин муҳокамалар бор ва бу нормал ҳолат. Бизлар шунчаки ўзимизга ўзимиз савол беришимиз керак “нима қила олдигу, нима қилмоқчимиз, режамиз қандай деган”.

Футбол коррупциялашиб кетган деган гапларга жавобан нима дейиш мумкин? Бу соҳани бир зумда тозалаш мумкин эмас, албатта. Футбол тоза бўлиши учун ҳамма соҳа тоза бўлиши керак. Ҳамма соҳадан секин-секин коррупцияни тозалаш керак, ҳамма соҳага ишончни қайтариш керак.

Футбол мутахассиси сифатида айтаманки, футболда охирги қилаётган ишларимиз олдинги йиллар билан солиштирганда, ўсишга эришяпмиз. Бизнинг тиббиётимиз Осиёда нечанчи ўринда туради билмадиму, футболимиз бешинчи ўринда туришини биламан. Санъаткорларимиз нечанчи ўринда туришини билмадиму, футболимиз бешинчи ўриндалигини биламан.

Бизларда салоҳиятли ёшлар бор, имкониятимиз бор, шунчаки берилаётган пулларни коррупцияга йўқ қилмасдан, тўғри йўналтирсак — жуда кўп нарсага эришамиз.

Минтақадаги лойиҳа: Марказий Осиё кубоги бўлишини жуда хоҳлайман

Марказий Осиё клубларини бирлаштирадиган бир лойиҳа устида ишлаётгандим ва бу режа деярли амалга ошган эди ҳам. Аммо коронавирус сабаб тўхтаб қолди. Келгуси йилда амалга оширамиз насиб қилса. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Туркманистон жамоаларини бирлаштирадиган Марказий Осиё кубоги бўлишини жуда хоҳлайман. Одамлар шундай нарсаларни соғинган.

Душанбе билан Самарқанд бир-бирига яқин ёки Душанбе билан Бухоро, ёки Термиз билан Афғонистонни олайлик. Ўша жамоалар ўйнаса жуда зўр дерби бўлади, жуда яхши тўқнашувлар бўлади, футбол ўсади, ҳакамлар ўсади, ўзимиз ўсамиз. Халқларни бирлаштирадиган лойиҳа бўлади. Туризм ривожланади, мукофот пулларини жорий қиламиз. Чунки «коммерческий турнирлар» ташкил қилиш режада бор. У нарсани мен таклиф этдим, охиригача олиб бораман, Худо хоҳласа.

Ўзбекистонда жаҳон юлдузи бўлиш учун шароит етарли: гап-сўзни йиғиштириб, ўйнаш керак, холос.

—​ Ўзбекистонда футболчи сифатида ёриб чиқиш жуда ҳам осон. Барча шароит мужассам. Ҳаттоки Қорақалпоғистонда ҳам футбол майдонлари бор. Шунчаки гап-сўзни йиғиштириб, ўйнаш керак, холос.

Баъзиларга қўйиб берсангиз, эшигининг тагига бориб, гўё «болам юр» деб мажбурлаб футболга олиб боришингиз керак. Кўп жойларда мисол келтириладиган Бразилияга бориб кўринг, болалар ахлатхоналарда, ташландиқ, қумли жойларда футбол ўйнашади.

Аммо шунга қарамай, болаларнинг ўзи шошилади майдонга, бундай болалар футбол ўйнайдиган майдонларни скаутларнинг ўзлари ўраб олади.

Нима учун «Барселона», «Реал Мадрид» скаутлари Бразилияга бориб ётиб олган? Чунки ҳар битта болага озгина инвестиция киритилса, Европа чемпионатларига тайёр ҳолатда олиб кетса бўлади, деб қаралади уларда.

Бизда унақа эмас. «Футболни коррупция босиб кетди, ҳаммаёқ таниш-билиш» дея жар солишади-да, сал нарига чиқиб «Диёр, мени боламни «Бунёдкор»га гаплашиб бер» дейишади.

Нима деяпмизу, нима қиляпмиз!?

Ёки «Текис майдон бўлса, бизлар ҳам ўйнардик» дейишади. Бразилиялик болалар қумда ёки бошқа жойларда ўйнаб ҳам жаҳонга чиқяпти ахир.

Бразилияда эркаклар ўта қийин шароитдан чиқиб кетиши учун футболчи, аёллари ё модельер, ё актриса бўлишлари шарт. Бу ҳаёт қонунияти-да уларда.

Бизларда-чи? Ҳеч қачон очдан ўлмаймиз, чунки меҳмондўстмиз, қўшнига овқат чиқарадиган миллатмиз. Қора қозон қайнаб турибди, шукр қилиб юраверамиз. Футболчилар ҳам шукр қилиб яшайверади. Аслида футболчи ношукр бўлиши керак. Криштиану Роналду билан Месси ҳозир тўп тепишни тўхтатиб қўйса, етти авлодига етади топган пули. Улар ўйинга тўймаяпти!

Шунинг учун айтмоқчиманки, Ўзбекистоннинг исталган ҳудуди, қишлоғигача борганман. Ҳаммасини биламан — болаларимизда ёриб чиқиш учун шароит етарли.

Исталган «ўзбек футболи сотилган» деган одамга Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бугунги кундаги юлдузлари —​ Достон Ҳамдамов, Элдор Шомуродов, Отабек Шукуров —​ қандай қийин аҳволдаги оиладан, чекка жойлардан етишиб чиққани ва бугунги кунда қанча пул топаётганликларини мисол кўрсатишим мумкин.

Ота-онаси уларга битта копток олиб беришга пули бўлмаган. Лекин мана улар юлдуз бўла олди-ку!

Бразилиядаги болалар ҳам майдон танламаяпти, ёки мени уйимдан олиб чиқиб кетиб, футболчи қилишсин демаяпти, улар меҳнат қиляпти, югуряпти. Дунё қарашимизни озгина ўзгартиришимиз керак. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?