Фотофакт: Тош бўлса-да, барибир, онадир ул, онадир

13:08 05 Октябр 2018 Жамият
2085 0
Фото: “XALQ SOʻZI ONLINE”

“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. “Хотира майдони”. Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг барча шаҳарлари, туман ва вилоятлари марказларида бунёд этилган ушбу масканлар бугунги кунда халқимизнинг ўтганларни ёд этиб, уларнинг хотирасига эҳтиром кўрсатадиган азиз ва муқаддас қадамжога айлангани бор гап.

Фото: “XALQ SOʻZI ONLINE”

Айни пайтда мазкур майдонлар бетакрор меъморий ечимлари, ландшафти билан шаҳар ва ҳудудлар марказларига ўзгача чирой, кўркамлик ҳам бахш этиб турибди. Хусусан, бунга жорий йилда Гулистон шаҳрида ўзбекона айвонлар асосида қайта қурилган “Хотира майдони”ни мисол келтириш мумкин. Ҳозир шу атрофдаги “Никоҳ саройи”дан чиққан келин-куёвларнинг майдонни зиёрат қилиши, ундаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гуллар қўйиши урфга айланган. Оқшом сайрга чиққанларнинг энг севимли жойи ҳам мана шу майдон. Аммо, Ховос тумани Гулбаҳор маҳалласидаги “Хотира майдони” ва “Мотамсаро она” ёдгорлигининг бугунги аҳволига асло бундай таъриф бериб бўлмайди.

Фото: “XALQ SOʻZI ONLINE”

Гулбаҳор-Ховос туманининг собиқ маркази. Ҳудуд маркази Ховос шаҳарчасига кўчирилганига эса кўп йиллар ўтди. Бугун шаҳарчада кўркам бинолар бунёд этилиб, ободонлаштириш ишлари киройи бажарилмоқда. Лекин мана неча йилларки эски марказдаги “Хотира майдони”нинг тақдири аро йўлда қолгандек, гўё. Эҳтимол, “Мотамсаро она” ҳайкалини ҳозирги марказга кўчириш кўзда тутилгандир. Аммо нима бўлганда ҳам, халқимизнинг ўтганлар хотирасига эҳтиром кўрсатиши учун бунёд этилган масканнинг бундай абгор ҳолатда туриши, энг ачинарлиси, фарзанди доғида мотамга чўмган ва ҳамон уни кутаётган она рамзининг янтоқзор ва харобалар орасида қолиб кетганлиги киши қалбида ачиниш уйғотмай қолмайди. Зеро, тошдан ясалган бўлса-да, унда ҳар биримиз учун ўрнини ҳеч ким ва ҳеч нарса босолмайдиган оналаримиз рамзи бор, азизлар.

...Ҳайкал пойида унга тикилар эканман, ”Мотамсаро она” қиёфасидаги мунг янада ортгандек бўлди, гўё. Ахир тош бўлса-да, барибир, онадир ул, онадир...

Фото: “XALQ SOʻZI ONLINE”
Фото: “XALQ SOʻZI ONLINE”
Фото: “XALQ SOʻZI ONLINE”
Фото: “XALQ SOʻZI ONLINE”
Фото: “XALQ SOʻZI ONLINE”

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019