Фарзандни тўғри тарбиялаш ҳамда улардаги қўрқувларни енгишингизда кўмакчи китоб

16:33 12 Август 2019 Маданият
128 0

Зебинисо Аҳмедова – психотерапевт ва психолог. “Афросиёб” психология фанлар академияси раҳбари. “Психологик ёрдам” марказида психологик муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдам беради. Зебинисо Аҳмедованинг шу кунгача 20 га яқин рисолалари чоп этилган бўлиб, улар орасидан, айниқса, “Оила дипломатияси”, “Эртак терапия”, “Ақлли аёл бўлиш қоидалари” китоблари ўқувчилар томонидан жуда илиқ кутиб олинган ва қайта-қайта нашр қилинмоқда. Эътиборингизга унинг “Кичик боладаги катта қўрқувлар” китобидан айрим парчаларни ҳавола этамиз.

Кичик боладаги катта қўрқувлар

Ҳар бир ота-она фарзандидаги ички кечинмаларни доимо кўриб, сезиб туради. Кўпинча болалардаги тушуниб бўлмас ўжарлик орқасида бола ота-онасидан беркитаётган қўрқув ётади. Айрим оналар фарзандининг “ойи қўрқаяпман” деган гапига эътиборсизлик қилади ёки “ўғил бола ҳам қўрқадими” дея уни уялтиради. Ваҳолангки, нафақат боғча ёшидаги болалар балки, мактаб ёшидагилар ҳам қўрқиши мумкин. Бу ўринда ота-онанинг вазифаси уни тинчлантириш, зарур ҳолда психолог ва невропатолог кўригига олиб бориш саналади. Акс ҳолда боладаги қўрқув унга бир умрлик хамроҳ бўлиши, охир-оқибатда унинг руҳий ҳолатини мувозанатдан чиқариши мумкин. “Сени бобовга бервораман”, “Яна калтак егинг келдими” каби қўрқитувчи гаплар ҳам афсуски, оналар томонидан кўп айтилади ва бола қўрқуви учун замин тайёрланади. Ваҳолангки, айнан қўрқув тунги энурез, ўжарлик, ҳаттоки дудуқланишга ҳам сабаб бўлиши мумкинлигини ота-оналарнинг ҳаммаси ҳам билавермайди. Яна бола табиатан қизиқувчан ва у янгиликларни ўрганишда ўзича тажрибалар қилиб кўради. Она боланинг бу ҳаракатларини тарбиясизлик деб белгилаши эса оилада кўпгина тушунмовчиликларга сабабчи бўлади. Аслида эса бола билан келишиш лозим. Агар сиз ота, она, сифатида болангиз билан келиша олсангиз бу фарзанд ҳаётда ҳамма билан келиша оладиган омадли инсонга айланади.

Боланинг ақли савол бериш билан ривожланади. Лекин кўп ҳолларда боланинг саволларига жавоб бериш ота-онага ёқавермайди. Ҳар куни бўлди қил, кейин гаплашамиз каби танбеҳларни эшитган боладан эртага бирорта ғоя айтадиган ташаббускор етишиб чиқармикан? Китобни ўқиш жараёнида психологнинг фақат назария билан эмас, айнан амалиётда пишган ҳақли эътирозларига гувоҳ бўласиз. Айрим жойларда эса психолог гўёки ота-онага кўзгу тутади.

Китобни ўқиркансиз, қўрқувни енгишда асқатадиган турли маслаҳатлар билан бирга турли психологик тестлар билан ҳам танишасиз. Тестлар эса фарзандингиз сизга айтолмаётган сирларни очишда қўл келади.

Китобдан ўрин олган ушбу парча ўйлаймизки, фарзанд ўстираётган ота-оналар учун йўриқнома бўла олади.

“Қушлар оиласи” эртак-тести

Мақсад: Боланинг ота ва онага муносабатини ва мустақиллик даражасини аниқлаш.

Бажариш учун кўрсатмалар: рангли қаламлар ва расм дафтар. Эртак айтиш жараёнида бу расмни болангиз билан биргаликда чизинг.

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир қуш уясида ота қуш, она қуш ва кичкина бола қушча яшашар экан. Бир куни жуда қаттиқ шамол турибди.Шамол дарахтнинг қушча ини жойлашган шохини синдирибди ва ин ерга тушиб кетибди. Ин билан бирга ерга қулаган ота бир шохга учиб бориб қўнибди, она бошқа бир шохга қўнибди. Нима деб ўйлайсиз, бола қайси шохга, кимнинг олдига бориб қўнган?Отасининг олдигами ёки онасининг олдидаги шохга?

Тўғри жавоб: “Бола қушча бошқа бир шохга қўнибди”, “Бола қушча онасининг олдидаги шохга учиб бориб қўнибди, чунки бола қўрқиб кетган эканда”, “Отасининг олдидаги шохга бориб қўнибди, чунки отаси кучли экан-да”. Агар болангиз бошқа шохга қўнишни танласа, демак, у мустақил ва қўрқмас руҳият соҳибига айланиб бўлибди. Агар онасининг олдига борса ва қўрқса, демак, онасига суянади. Отасининг олдига бориб қўнса, отаси билан яқинлик ва ишонч бор.

Муаммоли жавоблар: “Ин шамолдан пастга қулаётганда, бу қушча ўлиб қолибди”, “Қушчани ҳеч ким эсламади” каби жавоблар шу жавоб эгасининг ичида катта муаммо борлигини билдиради.

“Кичик боладаги катта қўрқувлар” ўйлаймизки, фарзандларингизни тўғри тарбиялашда ва улардаги қўрқувларни енгишингизда сизга ажойиб кўмакчи бўла олади.

Зуҳра Рўзиева тайёрлади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019