Фарғонада бензиннинг нархи ўн минг сўмга чиқиб кетди. Савдо фақат нақд пулда амалга оширилмоқда

18:15 29 Ноябрь 2019 Иқтисодиёт
1960 0

Фото: "Халқ сўзи".

Маълумки, ноябрь ойининг охирларида республикамиз вилоятларида метан қуйиш шохобчаларида навбатга турган машиналар километрларга чўзилиб кетди. Буни мутасаддилар ҳаво совиши билан магистрал қувурларда газ босимининг тушиб кетиши билан боғласа, айримлар табиий газ аҳоли хонадонларига берилиши сабаб тунда “метан заправкалари”нинг ишлашига рухсат берилмаётганлиги билан изоҳлашмоқда. Ҳақиқатдан ҳам водий вилоятларида метан қуйиш шохобчаларининг тонги 7:00 дан тунги 18:00 гача ишлашига рухсат берилган дейилмоқда. Ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларнинг аксарияти бугунги кундаги шу ҳолатлардан норозиликлар билан боғлиқ.

Ачинарли ҳолат шундаки, метан қуйиш шохобчаларида кузатилаётган бу ҳолат бевосита бошқа соҳаларга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда.

– Машинамга бир ҳафтадан буён “қўл”дан бир литр бензинни 10 минг сўмдан олиб қуйяпман, — дейди Бағдод шаҳарчасида истиқомат қилувчи Иномжон Усмонов. — 7 соатлаб келадиган метандаги навбатларга эса вақт йўқ. Тирикчилик қолиб кетади. Дўстимнинг маслаҳати билан кечадан Тошкентга қатновчи таксичиларга бензин “заказ” қиляпмиз.

Эрта тонгдан ишга отланаркансиз Фарғонанинг туман ва шаҳарлари йўл четларида ўз манзилларига вақтида етиб бора олмаётган минглаб фуқароларни, талабалар, ўқувчилар, оддий ишчиларни кўрасиз. Таксилар, автобуслар, микро-автобуслар аллақачон йўл кира ҳақларини тенг баробарига ошириб олган.

— Риштон — Бағдод туманига “Дамас”лар 1500 сўм эди. Ҳар куни ўқишга қатнайман, — дейди Нилуфар Қозоқова. — Бир ҳафта бўлди. Йўл ҳақлари 3000 минг сўмга “чиқиб олди”. Риштон — Фарғона йўналишида қатновчи таксиларда йўл кира нархи бирданига 10 минг сўмдан 20 минг сўмга ошди.  Одамлар ҳам борига шукр қилиб, такси камлиги учун дарров ўтириб олишади. Айрим машинаси бор қишлоқдошларимиз аллақачон уловларини гаражга олиб кириб қўйган.

— Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесига кетаверишдаги ёқилғи қуйиш шохобчаси бир ойдан бери тумонат одамлар билан гавжум. Навбатингиз бир ярим икки соатда келади, — дейди Фарғона шаҳри Бешбола маҳалла фуқаролари йиғинида истиқомат қилувчи Алиқул ота Сафоев. — Ўғлимнинг машинасини миниб чиқдим. Ўзи таксида ишга кетди. Мен уларга ёрдам бўлсин, деб бензинга навбатга турибман. Метан қуйиш навбатига эса ярамайман. Нима қилардик... Доимгидек сабр қиламизда. Бу кунлар ҳам ўтиб кетар?!

Ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги навбатда турган аҳоли бензин “заправка”ларида терминалларнинг ишламаётгани ва фақат нақд пулга хизмат кўрсатилаётганлигини айтишмоқда. Бу эса банк кираверишларидаги банкоматларда ҳам узундан узун навбатларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?