Euronews Ўзбекистон Президенти ташаббуслари ҳақида хабар қилмоқда

11:35 31 Октябр 2020 Сиёсат
468 0

Euronews халқаро телеканали Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган ташаббусларига бағишланган «Янги Ўзбекистон — келажакни севадиган инсонлар» деб номланган туркум видеороликлар эфирга узатмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Телеканал Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишига таҳдид солувчи глобал иқлим ўзгаришини олдини олишга қаратилган Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш тўғрисида БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича таклифи ҳақида батафсил маълумот тақдим этди.

Euronews Ўзбекистон Президенти ЮНEСКО билан ҳамкорликда 2021 йил Хива шаҳрида «Марказий Осиё дунё цивилизациялари чорраҳасида» Халқаро форумини ўтказиш ташаббуси билан чиққанини ҳам маълум қилди. Материалда таъкидланишича, ушбу тадбир минтақа мамлакатларини маданий, тарихий ва илмий томондан ривожлантиришда ёрдам беради. «ЮНEСКО Бош директори Одри Азуле ушбу ташаббуснинг муҳимлигини таъкидлади», дейилади хабарда.

Яна бир видеороликда мамлакатимиз раҳбарининг БМТ шафелигида транспорт ва коммуникацияларни ўзаро боғлашни ривожлантириш минтақавий марказини яратиш таклифига эътибор қаратилди. «Ушбу ташаббус минтақанинг глобал иқтисодий, логистика ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашга мўлжалланган мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада оширишга қаратилган», дейди Euronews.

БМТ ҳузурида Афғонистоннинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшадиган Афғонистон бўйича доимий қўмита ташкил этилиши алоҳида таъкидланган. «Ушбу ташаббус қўшни мамлакатда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга хизмат қилади. Фақатгина биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва яқин ҳамкорлик орқали афғон халқининг умидлари амалга ошиши мумкин», — дейди телеканал мухбир.

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан тайёрланган видеороликлар 2020 йил 9 ноябрга қадар эфирга узатилади.

Euronews — етакчи халқаро янгиликлар канали ва Европанинг энг йирик янгиликлар марказидир. Телеканал Европа телерадиоэшиттиришлар иттифоқи ташаббуси билан 1993 йил ташкил этилган. Унинг бош қароргоҳи Лион шаҳрида (Франция) жойлашган. Телевизион компания тизимида 30 дан ортиқ турли миллат вакилларининг 600 дан ортиқ журналисти фаолият юритади. Канал туну кун 12 тильда эфирга узатилади. Ойига глобал аудитория 160 мамлакатда 134 миллион кишини ташкил қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?