ЕОИИ: кузатувчилик мақоми қандай афзалликлар беради?

01:58 15 Май 2020 Сиёсат
338 0

Хабарингиз бор, Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари томонидан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилинди. Ўтказилган муҳокамалар ва таҳлиллар асосида овоз берувчиларнинг асосий қисми мамлакатимизнинг мазкур тузилма таркибида “кузатувчи давлат” мақомида иштирок этиш таклифини маъқуллади.

Албатта, бу хулосага кенг муҳокамалар натижасида келинди. Халқимиз ва сайловчилар фикри инобатга олинди. Шунингдек, иқтисодчилар, ҳуқуқшунослар, иқтисодиёт тармоқлари ва жамоатчилик вакиллари, сиёсий партиялар томонидан билдирилган якуний хулосада ҳам бу масалани чуқур ўрганиш, ҳозирги шароитда кузатувчи мақомида бўлиш энг мақбул ҳолат эканлиги билдириб ўтилди. Халқимизнинг анъаналарига мувофиқ, катта иш олдидан кўпчилик билан кенгашиб олинди. Умуман олганда, ушбу жиддий масалада, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб, унинг хоҳиш-иродасига таянилди.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи: Тарафдорлар ва қаршилар нима дейди?

Шу ўринда Ўзбекистон учун кузатувчилик мақоми қандай афзалликлар бериши мумкинлигини қайд этиб ўтсак:

– биринчидан, кузатувчи мақоми мамлакатимиз учун иқтисодий мажбуриятлар ва салбий ҳолатларни юзага келтирмайди;

– иккинчидан, ЕОИИ аъзо давлатларининг ягона қарорларини ўрганиш ва уларни бевосита кузатиш имкони вужудга келади;

– учинчидан, ЕОИИ давлатлари мажлислари маълумотларини бевосита олиш (керак бўлса, бевосита иштирок этиш) ва уни Ўзбекистон шароитидаги макроиқтисодий жиҳатдан таҳлилини амалга ошириш учун бирламчи манба юзага келади;

– тўртинчидан, кузатувчилик мақомидан сўнг ЕОИИга аъзо бўлиб кириш ёки кирмаслик мажбурияти мавжуд эмас.

Мазкур позицияда Ўзбекистон қандай намоён бўлади, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга кузатувчи сифатидаги иштирокимиз қандай таъсир кўрсатади?

Бу каби саволлар кўпчиликни ўйлантириши табиий. Айтиб ўтиш мумкинки, кузатувчи мақомидаги иштирокимиз қарор қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этмасак-да, бизга ЕОИИнинг ҳамма ишчи органларида бемалол фикр билдириш ҳуқуқини беради.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши таъсирини баҳолаш учун тадқиқот ўтказмоқда

Кузатувчилик давридаги вақт мобайнида маълум йўналишларда ортда қолган ислоҳотларни изчил йўлга қўйиб олиш, аъзо мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш, муқаррар рақобат шароитига аниқ мақсадлар билан тайёргарлик кўришимиз ҳамда халқаро бозорда ўз ўрнимизни топиш чораларини кучайтириш имкониятига эга бўламиз. Шунингдек, халқаро молия бозори, инвесторлар, донор мамлакатларнинг инвестицион лойиҳаларини ёки маблағларини жалб қилишда қисқа, ўрта ва узоқ муддатли давргача стратегик мақсадларни ҳисобга олишимиз зарур бўлади.

Иқтисодий ҳаракатсизликни келтириб чиқарувчи бугунгидек омиллар таъсири ҳам эътибор марказимизда бўлиши керак. Бунда салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи омиллар иқтисодиётимиз тармоқларига қай даражада салбий таъсир этишини кузатиш ва натижаларни чуқур таҳлил қилиб бориш мақсадга мувофиқ. Сони беш миллион атрофида эканлиги айтилаётган аҳолининг камбағал қатлами, норасмий меҳнат бозорида доимий бўлмаган даромад топаётган фуқароларни манзилли ишга жойлаштириш тизимини чуқур ислоҳ этиш зарур. Бунда эътибор даромадлар, солиқлар ва нафақалар манзиллигига қаратилиши лозим. Зеро, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳаларни ривожлантирилиши иқтисодиётимиз ривожида алоҳида аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, ўтказилган муҳокамалар ва таҳлиллардан сўнг маълум хатарлар ва маълум ютуқлар санаб ўтилди. Солиштирма таҳлиллар натижасига кўра, парламент аъзоларининг кўпчилик қисми кузатувчилик мақомини танладилар. Таъкидландики, энди кузатувчилик мақомида ўзимизга салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш бўйича аниқ стратегияни белгилаб олишимиз лозим бўлади. Умуман олганда, ЕОИИ билан муносабатларни амалга оширишга доир қарорнинг қабул қилиниши бу борадаги музокара ва тадқиқотларни объектини аниқ белгилашга асос бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?