Энг катта ўғри — вақт ўғриси

15:29 20 Январь 2020 Маданият
994 0

Бугунги глобаллашув даврида ҳаётимизга фан, техника янгиликлари шиддат билан кириб келган бир пайтда юксак фильмларга бўлган талаб ва эҳтиёж ҳар қачонгидан ортиб бормоқда.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги қошидаги экспертлар кенгашининг аъзоси,профессор Ҳамидулла Акбаров билан бўлган суҳбатимиз мавзуси айнан, ўзбек кино санъатининг ҳаётимизда тутган ўрни,яратилаётган фильмларнинг ютуғи-ю камчиликлари, бу борадаги айрим муаммолар хусусида бўлди.

– Кино санъати инсоннинг маънавий камолоти, эстетик дидини шакллантиришда катта тарбиявий аҳамиятга эга. Маълумки, бугун фильмлар яратиш ва уларнинг сифатини яхшилаш борасида жиддий ишларга қўл урилмоқда. Бунинг ёрқин самараси сифатида кейинги йилларда юртимизда қандай бақувват фильмлар яратилди?

– Юртимизда юксак тарбиявий аҳамиятга молик, эстетик қиймати баланд киноасарлар яратилаётганидан мамнунмиз, албатта. Мустақиллик йилларида ишланган “Ёлғиз ёдгорим”, “Қор қўйнида лола”, “Ўтов” сингари қатор асарлар томошабинлар қалбидан жой олганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ўзим “Ўзбеккино” миллий агентлиги қошидаги экспертлар кенгашининг аъзоси бўлганим учун ҳар бир янги кино асарини синчиклаб кўраман. Агар бу соҳада ижодий янгиликларни ҳис қилсам, фикр-мулоҳазаларимни телевидение ёки матбуот орқали билдиришга эҳтиёж сезаман.

Кейинги йилларда ўзбек кино санъати нафақат ватандошларимиз, балки Осиё ва Европа мамлакатларини ҳам эътиборини қозонмоқда. Яқин йилларда Лондонда бўлиб ўтган ҳужжатли ва бадиий фильмларнинг кўригида Тошкент ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан яратилган ҳужжатли фильм катта шуҳрат қозонганди. Австриянинг Инсбург шаҳрида ўтказилган кинофестивалда “Ойдиной” бадиий фильми томошабинларнинг юксак эътирофига сазовор бўлди. Асар халқаро анжуман соврини билан қайтди. Булар сафига Голландиянинг Амстердам шаҳрида бош совринни қўлга киритган “Қудуқ” ҳужжатли фильмининг ҳам эстетик-тарбиявий, ҳам маърифий аҳамияти катта, деб биламан. Ҳозир кўпчилик ана шу фильмларни кўрмай туриб, киносанъатимиз ҳақида бир ёқлама фикр билдиради.

Хорижда муносиб баҳоланган миллий асарларимиздан ўзимизнинг томошабинлар ҳам баҳраманд бўлиши, олим ва мунаққидларимиз бадиий, эстетик, ғоявий жиҳатларини таҳлил этиб, жамиятга, айниқса, ёшларнинг маънавий оламини бойитаётганини кўрсатиб беришларини хоҳлардим. Бунинг учун фундаментал тадқиқотлар яратилиши зарур, деб биламан.

– Кино санъати тарихига назар ташласак, авваллари ҳам турли савиядаги фильмлар яратилган. Аммо йиллар синовида тобланган “Сен етим эмассан”, “Тошкент – нон шаҳри”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Насриддин саргузаштлари”, “Шум бола” каби фильмларни халқимиз ҳалигача ҳаяжон билан томоша қилади. Ҳозир ҳам шундай умрбоқий кино асарлар яратиляптими?

–Асли, бақувват адабиёт асарларига кино аҳли ҳеч қачон бефарқ қарамаган. Масалан, “Темир хотин” ёки “Келинлар қўзғолони” асарларини олайлик, қанча йиллардан буён ушбу асарларга бўлган эътибор ва иштиёқ сусаймаяпти. Ҳаттоки, Хитойда “Келинлар қўзғолони” намойиш этилганда томошабинлар бу фильмни дубляжсиз ҳам яхши қабул қилганига ўзим гувоҳ бўлганман. Аммо... бундай фикрни хусусий студиялар яратаётган бир қолипдаги асарлар ҳақида айта олмайман. Экрандаги воқеалар драматик жиҳатдан пухта ёзилмайди. Режиссура ҳам бўш, заиф кўринади. Куни кеча мавзу, қаҳрамон танлаш, ҳатто фильмни метражини белгилаш “марказ”нинг ижозати билан бўлган. Кино олиш жараёни оғир кечган. Техник воситалар эскирган, ижодий-техник кадрлар масаласи ҳам бўлмаган. Режиссёрлар ойлаб, йиллаб лабораторияда қайта ишланадиган кино плёнкалар реактив химикатлардан “омон чиқиши”ни юрак ҳовучлаб кутиб турарди. Ҳаракатга келтириш оғир бўлган аппаратлар ёрдамида минг-минг метр тасмаларга тасвир туширилган.

Бугун ижод эркинлиги бошқа соҳалар қаторида кино санъатимизга ҳам катта имкониятлар эшигини очди. Бугун давлат студиялари қаторида нодавлат студияларида ҳам йилига ўнлаб фильмлар яратилмоқда. Давлат студияларига қараганда, нодавлат студиялар тайёрлаётган фильмларнинг сифати бироз заифроқ кўринади. Ижод эркинлиги дегани хоҳлаган одам қўлига камерани кўтариб, кино олсин, режиссёрлик қилсин, роль ўйнасин, кино мусиқа басталасин, дегани эмас-ку! Бу борада нодавлат студияларда режиссура, драматургия, ижрочилик санъати билан шуғулланиш истагида бўлганларнинг аксарияти профессионал тайёргарлик кўрмаган. Мисол учун севимли санъаткоримиз Мурод Ражабовни маҳоратли актёр сифатида юксак қадрлаймиз. Кино, театрда ўйнаган ролларининг ҳеч бирига бефарқ эмасмиз. Аммо режиссёр сифатида суратга олган “Улфатлар”, “Анора” деб аталувчи фильмларининг режиссураси мутлақо талабга жавоб бермайди. Айниқса, “Улфатлар” ниҳоятда бўш ишланган асар. Таниқли режиссёр Ёрқин Тўйчиевнинг“Чашма”, “Орзу ортида” фильмлари томошабинлар ва мунаққидлар томонидан яхши баҳоланганди. Аммо нодавлат студиясида яратган “Пойма-пой” асарида миллий урф-одатларни, инсоний фазилатларни кўрсатишга уриниш бор, лекин сюжет пойма-пой. Бундай заиф фильмлар қаторига “ Бир келиб кетинг қишлоқимизга”, “Цунами– 2”, “Ҳар замонда бир замон”, “Қалбаки дунё”, “Қуюн”, “Ишкалчи ошиқлар” каби фильмларни ҳам қўшиш мумкин. Бугун махсус ўқув юртида таълим олган санъаткорлар билан бир қаторда санъат илм даргоҳининг зинапояларини хатлаб ўтмаган ҳаваскорлар сценарий ёзишга, режиссура билан шуғулланишга ошиқмоқда. Бундай носоғлом жараён кино ривожига ҳам, эстетик тарбияга ҳам салбий таъсир кўрсатиши табиий.

Аслида нодавлат студиялари ўз ички адабий кенгашига эга бўлиши, сценарийга бўлган талабни кучайтириши, профессионал таълим олган режиссёрлар билан ҳамкорликда ижод этиши керак.

– Айтиб ўтганингиздек, “Ўзбеккино” миллий агентлиги қошидаги экспертлар кенгашининг вакилисиз. Шубҳасиз, катта экранга чиқарилаётган ҳар бир кино учун лицензия ҳам айнан, сиз аъзо бўлган Кенгаш томонидан берилади. Ўта юзаки, нопрофессионал фильмларгалицензия берилиши…

–Фильмларга лицензия бериш бермаслик ҳақида эмас, режиссёрларга кино олишга рухсат бериш керакми ёки йўқми, шу ҳақида ўйлаш керак. Ўтган йилларда хорижий маданият маркази тавсияси билан кенгашга “Бокиралик юки” номли ҳужжатлифильмтақдим этилди. Унда тасвирланишича, бокиралик қиз болага юк бўлармиш. Буюкни кўтариш жуда оғир эмиш. Буни кўрган кенгаш аъзолари бир овоздан экранга чиқишига йўлланма беришмади. Бу ҳолат – “бокиралик юки” хорижликларни ташвишга солаётгандир, лекин бизда бундай муаммонинг ўзи йўқ.Қизларимиз бокира, иффатли, ор-номусли. Кўряпсизми, бизга қай даражадаги “юк”ларни сингдиришмоқчи. Эксперт кенгаши аъзолари фильмларни ғоявий, бадиийлик мезонларига риоя қилган ҳолда баҳолайди.Шахсан мен мавзуга қараб, режиссёрлик даъвосида юрган шахснинг ёшига ёки машҳурлигига қараб “сийлашга” йўл қўймайман. Саёз фильмларга муҳокама жараёнида доимо қарши овоз берганман. Аммо... шу ўринда бир мулоҳаза:дунёда энг катта ўғри бу —вақт ўғриси, деб биламан. Агар бир ярим соат давом этадиган фильмни экранда чиқарганимизда бир миллион томошабин кўрса, шу дақиқаларда одамларнинг қанча вақтини ўғирлаган бўламиз? Бундан ташқари, худди шу томошабиннинг эстетик дидига путур етади. У юксак асарларнинг қадрига етмай қўяди.

– Хўш, аҳволни ўнглаш учун нима қилмоқ керак?

– Ижодий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш керак. Фильмларни кўрадиган томошабинларнинг эстетик дидини тарбиялаш лозим. Навоий кутубхонасига борганимда,китобсеварларни кам учратардим. Шу кунларда қироатхона гавжумроқ. Ёшларнинг кўпчилиги китоб ўқимаса-да,кино, театрга боришади. Баъзан киночилар уйида томошабинлар билан суҳбатлашиб, “нега яхши кинолар турганида заиф асарларга тушяпсизлар”, десам, “бу фильмларни бизга мақташган”, дейишади. Кўрган фильмлари ҳақида таассуротларини сўрасам, айримлари “фалончи актёр яхши ўйнабди-ю, лекин умуман асарнинг мазаси йўқ”, дея очиқ айтишади. Айрим ёшлар яхши-ёмон фильмларни бир-биридан ажрата олмайди. Боғча, мактаб ёшидан болаларнинг ота-онаси ёки ўқитувчилари ўз эстетик дидини шакллантириб борса, кино санъатига бўлган муносабати ўзгача бўларди. Педагогика институтларида телевидение эстетикаси бўйича дарс киритиш зарур, деб ўйлайман. Бугунги – пединститут талабаси эрта-индин мураббий сифатида синфга кирганда ТВ маҳсулотини таҳлил қилиши, холис баҳолай олиши зарур.

 Тошкент театр ва рассомчилик институти озирги Санъат институти)да бўлажак режиссёрлар, актёрлар етишиб чиқади. Сўнгги йилларда олий билим даргоҳи битирувчилари орасида ярқ этган истеъдодлар кўринмаяпти.

–Юртимизда шундай ҳашаматли санъат даргоҳининг бўлиши катта гап. Бу улуғ даргоҳда эл назарига тушган не-не буюк санъаткорлар таҳсил олиб,актёрлик санъатини, саҳна сир-асрорларини ўрганган. Улар актёрлик ва режиссёрликни қисмат билиб, ўйнаган ҳар бир роли ёки суратга олган фильми кинотасмаларда мангу муҳрланиб қолган. Санъат олийгоҳини истеъдодли актёрлар битиряпти, уларнинг ижодини намойиш этиш учун яхши режиссёр, сценарийнавислар керак.

ШуҳратАббосов, Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шаҳобиддинов каби истеъдодли кинорежиссёрлар ҳам аввал шу олий ўқув даргоҳида таълим олишган. Сўнгра Москвада режиссёрларнинг Олий курсида экран эстетикаси, техникасини ўзлаштирган.

Москвада аспирантурада таҳсил олаётганимда, уч йил давомида сценарийнавислар, режиссёрларнинг олий курслари машғулотларида қатнашганман. У ерда3-4 соат дарс ўтилса, 5-6 соат кино кўрсатишарди. Устозлар ўз тажрибасидан келиб чиқиб,кўрганфильмларимизга тақлид ё кўчиришни эмас, ижоднинг кенг қирраларидан, монтажнинг турли йўлларидан унумли фойдаланиш йўлларини кўрсатишарди. Бугун ҳам бунга катта эҳтиёж бор. Кинода ҳам, ТВда ҳам махсус ижодий олийгоҳда йирик санъаткорлар ва олимлар кўмагида аудиовизуал санъатларнинг имкониятлари билан чегараларини ҳам ўрганган мутахассислар ижод этиши керак. Бўлажак дорилфунунда бой филмотека (видеотека эмас) тасмаларни қайта ишлайдиган лаборатория ва уларни мўътадил ҳароратда сақлайдиган хазина билан бирга, кинокамералар, маркетинг, илмий-социологик марказ бўлишини истардик.Иқтисодчиларни, инженер ва техникларни хорижда тайёрлаш мумкиндир. Лекин ижод аҳлини юртимизда тайёрлашимиз лозим. Шунда улар ҳақиқий миллий асарлар ярата олади.

– Кейинги пайтда кўпчиликнинг режиссурага қўл ураётганига сабаб нима? Ё бунга сабаб эҳтиёж шу даражада заруриятга айландими? Бу борада дунё тажрибаси қандай?

– Кино санъатини янада юксалтиришда режиссуранинг ўрни ғоят муҳим. Режиссёрлар бошқалардан кўра зийракроқ, сценарийни танлай олиш билан бирга, оператор, актёрлар ва композиторларнинг кўнглига йўл топа билиши керак. Кўпинча кино тақдимотларда қатнашганимда режиссёрларга “Мана бу фильмингиз анча заиф”, дея камчиликларини айтсам, “Менда нима айб, сценарий бўш...”, дейишади. Ахир, сценарийни у танлайди-ку. Хўп, сценарий талабга жавоб бермас экан, нега ундан яхши кино ишламоқчи бўлишади.Ҳозир айрим режиссёрлар яратаётган фильмларида ҳам муаллиф ёки шерик муаллиф бўлишмоқда. Баракат топгурлар, сценарийни тўғри келган одам эмас, фақат истеъдодли ёзувчи ёзишини унутмаслик керак. Режиссёрдан сценарий ёза билиши эмас, уни экранлаштира олиши талаб этилади.

Ёзувчи Абдулла Қодирий 1927 йилда ёзган бир мақоласида;“Ҳозирча бизда кинодраматурглар йўқ. Шу боис кинони биладиганларга ёзувчиларни тиркаб қўйиш керак. Кейин ижрочиларни танлай билиш муҳим роль ўйнайди”, деб ёзганди.Сўнгра,“... мен актёр бўлганимда Отабек ролини ўйнардим. Чунки қаҳрамонимнинг характерини мендан яхши биладиган одам йўқ”, дейди.

Бу тавсияларни режиссура соҳасига татбиқ қилиш керак. Яқин ўтмишда ижоднинг бу мураккаб соҳасига қизиқиши бор ёшларнинг бир гуруҳи Москва, Ленинград (ҳозирги Петербург)да таҳсил кўрган эди.Улар ўша ерда ўқиб, руҳияти ўша муҳитга мослашиб кетишди. Уларнинг аксарияти кейинчалик ўша юртда, ғарибликда қолди. Комил ишонч билан айтаманки,режиссёрлар ва актёрларни, умуман, ижодкорларни фақат ва яна фақат ўзимизда тайёрлаш зарур. Ҳар бир халқнинг асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келаётган ва ана шу халққа доир урф-одатлари, таомили, менталитети борки, уларни бошқа миллат вакиллари тушунмаслиги ёки баҳолай олмаслиги мумкин. Ғарбфильмларига тақлид қилиб эмас, маданий меросга таяниб, ҳозир жўш уриб турган жараённи экранда ифода этишга қодир бадиий воситаларни қўллашимиз, замонавий асарлар яратиш йўлларини излашимиз самара беришига ишонаман.Муҳими, ёш ижодкорлар ўз фаолиятининг илк палласида меросимизни – тенги йўқ мумтоз шеъриятимизни, монументал меъморчилик санъатимизни, сержило мақомни, ранг-баранг оҳангларга бой миниатюрамизни, импровизацияга бой халқ театри руҳини, туганмас номачилик анъаналарини ҳис этиб туради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда зиёлилар билан бўлган учрашувда тарихий фильмлар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Киночилар олдига узоқ ўтмишга мурожаат этиб, одилона талаблар қўйдилар. Энди Аҳмад Яссавий, Нақшбандий таълимоти, тасаввуф илмининг бадиий ифодасини кинода таъминлаш вақти келганини ўйлаб кўриш керак.

– Бугун телеэкранларимизда ўзбек фильмларидан кўра, чет эл сериаллари айниқса, турк ва янаям айниқса, корейс сериаллари кўпроқ намойиш этилмоқда. Нега ўзимизнинг миллий фильмларимиз дунёга чиқмаяпти?

– Телеэкранларда намойиш этилаётган хориж сериалларини халқимиз қизиқиш билан томоша қиляпти. Лекин дубляж қилинган фильмларда бир хил овозларни эшитяпмиз. Бу масалани ҳал этиш йўллари кўп. Нутқ маданиятини ўзлаштирган театр манба бўлиб хизмат қила олади.Бизнинг ҳам дунёга кўз-кўз қиладиган муносиб киноасарларимиз йўқ эмас. Чет элларда ўзбек фильмларида актёрларимизнинг овозини сақлаган ҳолда намойиш этилишини хоҳлардим. Бугун кино соҳада олиб борилаётган сиёсатни оқил ва одил, деб биламан. Ижодий, ташкилий, иқтисодий имкониятлар яратиб берилган экан, улардан нодавлат студиялар ҳам унумли фойдаланиш керак. Шу ўринда Чўлпоннинг мулоҳазаларини эслатиб ўтсам: “Актёрга истеъдоддан ташқари маданият ҳам зарур”. Бу талабни сценарийнавис ва режиссёр, оператор ва кино рассоми, монтаж, овоз ёзиш санъати билан шуғулланганлар олдига ҳам қўйиш керак.

А. УМИРОВА,

(“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?