​Эктор Купер ўрнига миллий терма жамоага ким келади?

10:46 21 Сентябр 2019 Спорт
1515 0

Ҳозирда, Купердан сўнг миллий терма жамоани бошқаришга бир қатор номзодлар тилга олинмоқда.

Миллий терма жамоада бош мураббий алмашиш арафасида. Ҳозирда терма жамоани бошқараётган Эктор Куперга бўлган ишонч тобора камаймоқда. Бу фақатгина Фаластиндан учралган мағлубият билан боғлиқ эмас.

Умуман, Купер қўл остидаги терма жамоанинг ўйини мухлисларда умид уйғотмаяпти. Бундай ўйин билан миллий терма жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиқиб бўлмаслигини ҳамма тушуниб турибди. Демак, тез орада Эктор Купер билан хайрлашиб, терма жамоани янги мураббийга топшириш керак бўлади. Хўш, бу қайси мураббий бўлади?

Ҳозирда, Купердан сўнг миллий терма жамоани бошқаришга бир қатор номзодлар тилга олинмоқда. Улардан қайси бирини терма жамоага тайинлашни Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ҳал қилади.

Вадим Абрамов. Шубҳасиз, аксарият мухлислар миллий терма жамоага айнан мана шу мутахассис келишини исташмоқда. Сабаби Абрамов қўл остида Ўзбекистон терма жамоаси ёрқин ва ҳужумкор ўйин намойиш қилганди. Натижа борасида ҳам олдинга силжиш бўлган. Фақат, Жаҳон чемпионати саралашида эмас, Осиё Кубогида. 2011 йил миллий терма жамоамиз Абрамов қўл остида ўз тарихида биринчи марта Осиё Кубогида 4-ўринни қўлга киритган. ЖЧ-2014 саралашида эса Вадим Абрамов 2-босқичдан муваффақиятли ўтган. Аммо сўнгги босқичнинг илк ўйинида Тошкентда Эрондан учралган мағлубиятдан кейин Абрамов истеъфога чиқарилганди.

Мазкур мутахассис ҳозирда “Бунёдкор“ жамоасини бошқараётганини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Унинг қўл остида асосан ёш футболчилардан ташкил топган жамоа яхши натижалар қайд этмоқда. Агар Абрамов терма жамоага бош мураббий сифатида тайинланадиган бўлса, клубни бошқаришда давом этадими ёки йўқ? Бу ҳам қизиқарли савол.

Шота Арвеладзе. Арвеладзе икки йил деганда “Пахтакор“ни шаклланган жамоага айлантира олди. Ҳозирда ушбу мураббийнинг имзоси “шерлар“ ўйинида яққол сезилиб турибди. “Пахтакор“ бу мавсумда мамлакат биринчилигида чемпионга айланиши тобора ойдинлашиб бормоқда. Жамоа энг яқин таъқибчиларидан анча илгарилаб кетган.

Ўз вақтида Луи ван Гал каби тажрибали мураббийга ёрдамчи сифатида фаолият юритган грузиялик мутахассис миллий терма жамоамиз бошқарувига келиши мумкин бўлган мутахассислар рўйхатида бор.Агар Арвеладзе миллий терма жамоага бош мураббий сифатида тайинланса, терма жамоа ўйинини шакллантириш учун унга вақт етадими? Ҳар ҳолда терма жамоада худди “Пахтакор“да бўлгани каби икки йил вақт йўқ.

Тимур Кападзе. Мазкур ёш мутахассис ўтган йили маълум вақт давомида миллий терма жамоамизга бошчилик қилган. Терма жамоа бош мураббийи бўлиш қанақа эканини ўзида ҳис қилиб кўрган. Унинг қўл остида миллий терма жамоа Марокаш, Сенегал, Уругвай каби жаҳоннинг кучли терма жамоаларига қарши баҳс олиб борганди. Таъкидлаш керакки, гарчи бу ўйинларда Ўзбекистон терма жамоаси мағлубиятга учраганига қарамай, ўйин жиҳатдан мухлисларда ижобий таассурот қолдирганди. Ҳозирда Тимур Кападзе “Қўқон-1912“ клубида фаолият юритмоқда.

Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи ҳақида гап кетганда юқоридаги номзодлардан ташқари Улуғбек Бақоев, Рўзиқул Бердиев, Даврон Файзиев каби мутахассисларнинг ҳам номлари тилга олинмоқда. Аммо бу мураббийларнинг миллий терма жамоани бошқариш имкониятлари анча паст баҳоланмоқда. Ҳозирда Ўзбекистон миллий терма жамоаси саралаш босқичида гуруҳда қийин аҳволда қолган. Сўнгги ўриндамиз. Гуруҳда 1-ўринни олган терма жамоалар кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритади (Шунингдек, 4та гуруҳда энг яхши натижа қайд этган 2-ўрин соҳиблари ҳам сўнгги босқичга йўл олади).

Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирда терма жамоамизни руҳлантириб, бир муштга жамлаб, кейинги ўйинларга яхши тайёрлай оладиган мутахассис керак. Бу қайси мураббий бўлишини вақт кўрсатади. Вақт эса жуда кам қолганини ҳам эслатиб ўтиш зарур. Саралашнинг кейинги ўйини 10 октябрь куни Тошкентда Яман терма жамоасига қарши бўлиб ўтади.

P/s: Сурхондарё вилояти Қизириқ туманилик меҳнат фахрийси, узоқ йиллар агроном бўлиб ишлаган футбол мухлиси Аҳмад Аллаёров эса онлайн нашримиз таҳририятига телефон қилиб айнан шу масалада ўз таклифларини билдирди.

Аҳмад ака Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигига украиналик Александр Демьяненкони тавсия этди. Миллий футболимиз тақдирига бефарқ бўлмаган сурхондарёлик ватандошимиз айнан украиналик мутахассис 2011 йилда Қаршининг “Насафи”дан жуда чиройли, аҳил, кучли жамоа шакллантира олганини эътироф этди.

Хабарингиз бор, 2011 йилда ушбу клуб Осиё конфедерацияси кубоги финалида Кувайтнинг “Ал-Кувайт”ини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратиб, биринчи ўрин эгасига айланганди. Бу ўзбек футбол жамоасининг халқаро клублар турниридаги биринчи ғалабаси сифатида тарихга кирган.

Аҳмад ака бу ишни бир пайтлари юртимизда ишлаган бразилиялик Зико ҳам, Сколари ҳам уддалай олмагани, Купер эса Фаластинни енгишнинг уддасидан чиқа олмаганини айтиб, ўз фикрини асослади.

Нима ҳам дердик, мухлиснинг  таклиф билдиришга ҳаққи бор.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019