ДТМ айрим абитуриентларнинг имтиёз берувчи тавсияномалари тасдиқланмаганини маълум қилди

14:41 26 Сентябр 2020 Жамият
1182 0

Ижтимоий тармоқларда ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга бўлиб, етарли балл тўпласада, талабаликка тавсия этилмаган деган мазмундаги маълумотлар тарқалмоқда. Давлат тест маркази мазкур хабарларга изоҳ берди.

"Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган абитуриентларни республиканинг олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириши учун тегишли ўқув йилига тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари алоҳида қабул кўрсаткичлари ажратилади ва улар ушбу кўрсаткичлар доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 468-сон қарорининг 2-иловасига мувофиқ олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентлар тоифаси ҳамда уларнинг реестрини шакллантириш учун масъул бўлган ваколатли органлар тасдиқланган.

Унда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган фуқароларга имтиёзларни бериш учун масъул ваколатли органлар ҳам белгиланган.

Мазкур тавсияномага эга абитуриентлар рўйхатдан ўтишда ўзларига тегишли тавсиянома маълумотларини дастурга киритадилар ва рўйхатга олиш якунлангандан сўнг, уларнинг маълумотлари масъул ваколатли органга юборилади ҳамда маълумотларнинг тўғри эканлиги текширилиб, тасдиқланади.

Юқорида келтирилган абитуриентларнинг маълумотлари ўрганилганда уларнинг тавсияномаси масъул ваколатли орган томонидан тасдиқланмаганлиги аниқланди.

Тавсияномаси тасдиқланмаган абитуриентларга нисбатан имтиёз қўлланилмайди", дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?