Дональд Трамп ва Ким Чен Ин Улан-Баторда учрашади

11:07 09 Апрель 2018 Дунё
1012 0
Фото: news-front.info

АҚШ президенти Дональд Трамп билан КХДР етакчиси Ким Чен Ин учрашувига тайёргарлик жараёнлари бўйича музокаралар шу кунларда икки давлат махфий хизматлари томонидан олиб борилаяпти. 

Хусусан, ҳар икки давлат разведка хизматлари вакиллари бир неча бор шу каби муҳокамаларни ўтказган, ҳатто учинчи мамлакатда ҳам кўришишган, дея хабар тарқатди “CNN” телеканали Оқ уйдаги манбасига таяниб.

Шимолий кореяликлар АҚШ ва КХДР раҳбарлари иштирокидаги саммитни ўз пойтахтлари Пхеньян шаҳрида ўтказишни исташмоқда. Аммо бу борада ҳозирча Вашингтоннинг позицияси аниқ эмас. Мулоқотнинг бошқа эҳтимолий манзили сифатида Мўғилистон пойтахти Улан-Батор шаҳри айтилаяпти, деб ёзмоқда “РБК” ахборот манбаси.

Ҳаммаси тўлиқ аниқ бўлиши учун Трамп ва Ким Чен Ин учрашуви олдидан Марказий разведка бошқармаси директори Марк Помпео КХДРлик ўз ҳамкасби билан музокаралар олиб бориши керак. “Шунда учрашув жойи аниқланади, сана белгиланади ва мулоқот кун тартиби янада аниқроқ муҳокама қилиб олинади”, - деб қайд этиб ўтди “CNN”.

   Бу борада АҚШ Марказий разведка бошқармаси каналидан фойдаланаётганининг боиси шундаки, ушбу идора директори Помпео яқин кунлар ичида(Конгресс маъқуллагандан сўнг- таъкид бизники) ушбу давлат департаменти бошлиғи лавозимини эгаллайди, деб ёзади телеканал.

Эслатиб ўтамиз, шу йил март ойида Шимолий Корея етакчиси Хитойга ташриф буюриб, Си Цзиньпин билан учрашган эди. Ўшанда КХДР раҳбари АҚШ билан саммит ўтказиш хоҳиши борлигини бир неча бора эътироф этган.

Маълумот учун айтиб ўтамиз, Трамп ва Ким Чен Ин ўртасида режалаштирилаётган учрашув ҳақидаги хабарлар дастлаб шу йилнинг март ойи бошида тарқала бошлаган эди. Шу вақтда Жанубий кореялик давлат мансабдорларидан бири КХДР раҳбари мактубини АҚШ Президентига етказган эди. Мазкур хатда биргаликда учрашув ўтказиш таклиф этилган ва Оқ уй уни қабул қилган эди. Трамп шундан сўнг Шимолий Корея билан музокаралар “буюк келишувлар” билан ниҳоясига етиши мумкинлигини таъкидлаган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019