Дилга кўчган тил оғриғи ёхуд инсон тақдирини ўзгартира олган тилимиз тақдири хусусида

13:19 07 Октябр 2019 Маданият
265 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ҳар бир миллатнинг дунёга борлиғин кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдир.

Абдулла Авлоний.

“Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлаяпмиз. Инсон ҳаёти мезони билан ўлчасак, ўттиз ёш тўлиқ улғайиш ва интеллектуал шаклланиш даври саналади. Бугун Давлат тилида саводи чиққан фарзандларимиз улғайиб, 30 ёшдан ошди. Лекин тилимиз ҳам улғайдими?

Қарши шаҳри мисолида кўчаларни тўлдириб ташлаган баннерлар, атамалар, эълон ва рекламалар, панноларнинг ўзбек тили грамматикасига асосланган ягона имло талаблари асосида тайёрланишининг аҳволига назар ташлайдиган бўлсак, наҳотки ҳали шунчалик саводсиз бўлсак, деб юборишингиз тайин.

Шаҳарни айланар экансиз, “Ксерокопия”, “Оптом”, “Аренда”, “Химчистка” каби хорижий сўзларнинг ўзбек тилидаги “Ксеронусха”, “Улгуржи”, “Ижара”, “Кимёвий тозалаш” каби муқобиллари буткул истеъмолдан чиқариб ташланганига гувоҳ бўласиз. Лотин ёзувига асосланган “Ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунга зид равишда тадбиркорлик, тижорат ва маиший хизмат атамаларининг асосий қисми кирилл имлосида ёзилганига нима дейсиз? Оддийгина имло хатолари билан тўлиб тошган панно, баннер, эълон ва рекламаларга ҳар қадамда дуч келишингиз янада асабларни таранг қилиб юборади.

Шаҳардаги Чармгар маҳалласидаги эътиборли хонадонлардан бири пештоқида ўрнатилган хотира лавҳасида бу уйда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи”... яшаган” деб ёзиб қўйилган. Агар унвонларнинг ёзилишида пунктуация фани қоидасига кўра қўштирноқ ишлатилмаслигини эътиборга оладиган бўлсак, унвоннинг икки томонлама қўштирноққа олиниши бу атама масхаромуз, кесатиқ, киноя маъносини касб этиши ўз-ўзидан маълум-ку!

Шаҳар кезиб, тасвирий санъатнинг турли жанрларида ёзилган битикларни синчков нигоҳ ва тафаккур элагидан ўтказганимизда эса бундай имловий нуқсонлар ҳали энг оддий, кўзга ташланмас хатолар эканлиги аён бўлади. Шаҳардаги ўнлаб савод ўргатувчи пулли ўқув марказларидан бирининг эълони матнига эътибор қилинг. (СУРАТ) Агар тил соҳасидаги билимингизни ишга солиб, синчковлик билан таҳлил, таҳрир қилсангиз, бир неча сўздан иборат бу эълонда “Давлат тили ҳақида”ги, “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Қонунлар, ўзбек тили грамматикаси қоидалари қўпол равишда бузилганлигини билиб оласиз. Агар савод ўргатувчи “саводхон”нинг саводи шундай бўлса, бу ўқув марказида савод ўрганадиганларнинг саводи қай даражада экан?!

Дўкон, маиший хизмат нуқталари номларида эса хатолар бундан-да кўп бўлса кўп-ки, оз эмас. Биргина гўзаллик салонларида кўрсатиладиган хизмат турларининг асосий қисми рус ва хориж тилларида, ўзбек тилидагиси эса имло хатоларсиз эмаслиги дилингизни оғритади. Ҳолбуки, атамалар, эълон ва рекламалар хориж тилида ёзилса, унинг ўзбекчадаги муқобили лотин имлосида қайд этилиши лозимлиги Қонунда алоҳида белгиланган. Аммо, бунақасини учратмадик шаҳар кезиб. Энг кулгили, ажабланарли ва дилни хира қиладиган томони шундаки, айни шу атамалар, панно, баннер, эълон ва рекламалар ёзишга ихтисослашган устахонанинг мижозларга мурожаати ўзбек ва рус тилларида ғиж-ғиж имловий хатолар билан ёзилган. Мен табибдан даво истасам, табибимнинг ўзидир бемор, деб шунга айтсалар керак-да! (сурат).

Тилнинг кучи, сўзнинг қудрати ҳақида кўплаб ҳикоятларни келтириш мумкин. Биргина вергул жойининг ўзгариши суз маъносини тескарига ўгириб юбориши ҳақидаги латифалар бежизга айтилмаган!

Афанди сув устида талашиб қолган бой қўшнисини “сиз аҳмоқсиз” деб ҳақорат қилcа, бойнинг ори келиб, Афандини қозига судрабди. Қози Афанди сўзини қайтариб олиб, бойдан кечирим сўраши лозимлиги ҳақида ҳукм чиқарибди.

Шунда Афанди бойга қараб:

-Сиз аҳмоқ одам эмассиз, - дея “аҳмоқ” сўзидан сўнг салгина тўхталиб, узр сўраган бўлибди. Афанди “узр”ининг бу шаклида бойнинг ҳақиқатан ҳам аҳмоқ одам эмаслигини тан олади, гўё. Аммо, бу гапнинг ёзма шаклида “Сиз” сўзидан сўнг тире, “аҳмоқ” сўзидан кейин қисқа тўхталиш, яъни вергул қўйиб ўқилиши акс маънони беради. Агар таъбир жоиз, қиёс ўринли бўлса, бу латифа қадим алломаи замонлар, хусусан, Алишер Навоий ҳазратларининг сержило сўз бойлигидан сув ичган оҳанграбо ўзбек тили имкониятларининг бир далилидир. Ёки, А. С. Пушкиннинг “Капитан қизи” повестида тасвирланганидек, қўзғолончилар етакчиси (атамани) Емельян Пугачёвнинг одамларни қатл ё озод қилиши биргина вергулнинг қайси сўздан сўнг қўйилишига боғлиқлигини (“Убит нельзя щадить”) эътиборга оладиган бўлсак, сўзгина эмас, биргина тиниш белгиси ҳам инсон тақдирида ҳаёт-мамот вазифасини бажариши мумкин.

Ўзбек тилида бундай гаплар омоним, яъни ёзилиши бир хил, маъноси ҳар хил гаплар деб аталади.

Тиниш белгиларини қаерда, қандай ишлатиш қоидасини билмаслик туфайли қўллаш оқибатида бундай 2-3 маъноли гаплар, иборалар шаҳар ва туман марказларини, хусусан Қарши шаҳри кўча ва хиёбонлари, истироҳат боғларини безаган ранг-баранг атамалар, паннолар, баннерлар, эълон ва рекламалар, чақириқ ҳамда мурожаатларда ўз ифодасини топса борми, билинг-ки, бу саводсизлик тегирмонига сув қуйишдан ўзга нарса эмас.

Шаҳардаги маҳалла ва кўчалар номларининг ёзилиши билан танишар экансиз, бу лавҳалар “ижодкор”лари “Ўзбек тилининг изоҳли лўғати” ёки “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”ни варақлаб ҳам кўришмаган деган хулосага келасиз. Агар бунинг акси бўлганда, шаҳардаги кўчалар номларида “Қизил мачит” (аслида “Қизил масжид” бўлмоғи лозим) каби кўплаб имловий хатоларга йўл қўйилмаган, қарийб барча маҳаллалар номлари қўштирноққа олинмаган, Қарлуқбоғот атамаси гарчи икки сўздан иборат бўлса ҳам қўшиб ёзилган бўлур эди. (Сурат) Уни билиш учун эса тегишли илмий адабиётларни топиб варақлаш, ҳеч бўлмаганда бу сўзлар аслида қандай ёзилишини билмоқ учун интернетга мурожаат қилмоқ лозим. (Чармгар маҳалласи туширилган 2 та сурат) Бу атамалар имлосининг эса қайси бири тўғрилигини аниқлаш сизга ҳавола, азиз газетхон.

Хуллас, Қарши шаҳри кўчаларини айланиб, турфа ёзувларни ўқир экансиз, уларда Қонунда қатъий белгиланган тартиб йўқлигига ишонч ҳосил қиласиз? Кўчалар кўзгуси бўлган яна бир омил –шаҳарнинг Марказий кўчаси Ислом Каримов ва бошқа кўчаларидаги кўп қаватли тураржойларда кўча номи ва уй рақами йўқ.

Давлат тили ҳақидаги Қонун қабул қилинганига 30 йил тўлган бўлса-да у жамоат транспортларига ҳамон бегоналигича қолмоқда. Акс ҳолда автобусларда бекатлар номи “электросеть”, “нарсуд”, “горбольница”, “военкомат” тарзида рус тилида эълон қилинмаган бўларди.

“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонунининг 20-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин”, дейилади. Бугун ушбу қонун талаблари бажариляптими? Хато сўзли ахборот матнларининг бунчалик урчиб кетишига нима сабаб бўлмоқда? Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги атамалар, баннерлар ва бошқа ахборот воситаларининг давлат тилида ёзилишига масъул бўлган комиссиянинг асли вазифаси нима?. Ушбу комиссия “Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси томонидан шаҳар кўчаларида илинадиган баннерлар матнини тасдиқлаши лозим эмасми? Ва ниҳоят, бу соҳага масъул бўлган мутасаддиларнинг ўзи ушбу қонунлардан хабардорми? Хуллас, саволлар кўп ва биз уларни тилимиз жонкуярлари, кўп сонли мухлисларимизга ҳавола этамиз. Мавзуга яна қайтамиз.

Аҳад Муҳаммадиев, “Халқ сўзи” мухбири,

Юсуф Норов, фахрий журналист.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019